Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Тошкент шаҳри бўйича мавжуд онлайн режимида ишловчи фоторадарлар ва интеллектуал режимида ишловчи камералар тўғрисида маълумот берди.

Маълум қилинишича, пойтахтда мавжуд онлайн режимда ишловчи фоторадарлар сони 28 тани ташкил этмоқда ва уларнинг барчаси тезликни белгиланган меъёрдан оширишга қаратилган қоидабузарликларни қайд этади. Онлайн фоторадарларнинг энг кўпи (5 тадан) Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Яшнобод туманларидаги йўлларга ўрнатилган. Олмазор ва Бектемир туманларида эса уларнинг сони 1 тадан.

Юнусобод туманида 4 та, Шайхонтоҳурда 3 та, Сергели ва Яккасарой туманларида 2 та фоторадар мавжуд. Миробод ва Янгихаёт туманларида фото радарлар мавжуд эмас.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Интеллектуал режимда ишловчи камералар сони эса 89 тани ташкил этмоқда. Ушбу камералар светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, тўхташ ва йўл чизиқларини босиш, тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш каби қоидабузарликларни қайд этади.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган йилнинг октябрь ойида пойтахт чорраҳаларига ўрнатилган видеокамералар учун дастурий таъминот лицензия муддати тугади, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш бошқармаси. Ҳокимлик камераларни қайта ишга тушириш учун АутоCон тизимини маҳаллий ишлаб чиқарувчидан 1,1 млрд сўмга сотиб олиши режалаштирилган.

Декабрь ойида тадбиркорларга 2021 йил 1 мартдан бошлаб автомобиль йўлларида фото ва видео фиксация воситаларини ўрнатишга рухсат берилиши маълум бўлди. 2021−2022 йилларда республика бўйича жами 3356 та интеллектуал видеокамера ва 763 та стационар радар, жумладан, Тошкентда жами 2574 та фото ва видео регистратор ўрнатилиши режалаштирилган.