Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қорақалпоғистонда 0,5 гектар ерни 47 минг долларга, Тошкентда 6 сотих майдонни 14 минг долларга ҳамда Бухорода 4 сотих ерни 9 мингга сотишга уринган шахсларни қўлга олди. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Прокуратура Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширгандан сўнг, жиноят иши қўзғатди. Апрель ойида муассаса тарбияланувчилари ходимларнинг биридан норози бўлиб, намойиш уюштирганди. Прокуратура бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини аниқлади. Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Бош прокуратура Ўзбекистондаги 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма ўрнатилганини аниқлади. 76 та ноқонуний қурилмани буздириш бўйича ёзма кўрсатма берилди, 63 таси бўйича иш судга оширилди. Қолаверса, 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Президентнинг тегишли фармонига асосан Шохрух Аминов бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Сирдарё ҳамда Навоий вилоятларида прокурор лавозимида фаолият юритган.
Пайшанба куни Светлана Артикова Бош прокуратура ишда вафот этган ходими оиласига нафақа ва маънавий зарарни тўлаши масаласига муносабат билдирди. Унинг фикрича, суднинг 971 млн сўмни тўлаш тўғрисидаги қарорида қонун талаблари бузилган. «Миллиард у ёққа, миллиард бу ёққа қилсак, унда шифокорларга, ўқитувчиларга устамаларни, ойликни, нафақани ким тўлайди?.. Керак бўлса, Олий судгача ҳам бош прокурор ўринбосари тарзида такроран кассация келтиришга тайёрман», — деди у.
Бектемир туманида тақиқда бўлган 2 гектар ерни 800 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс олдиндан 80 минг долларни олган вақтида ушланди. Унинг тақиқни тегишли органлар орқали ечиши ва қурилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришига ишонтиргани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Прокуратура ТДПУ касбий таълим факультетининг собиқ декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан жиноят ишини судга юборди. Унга талабани зўрлашга уриниш ва баданга оғир шикаст етказиш айби қўйилган.
2021 йилда Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов 33 ёшида юрак хуружидан вафот этганидан сўнг унинг отаси боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш мақсадида Бош прокуратурани судга берганди. Марҳумнинг отаси ҳам вафот этгани сабабли суд Самирнинг турмуш ўртоғи фойдасига Бош прокуратурадан 951,2 млн сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 млн сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, жавобгар 76,6 млн сўмлик давлат божини ҳам тўлайди.
Пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИБ терговчиси жиноят иши бўйича айбланувчига чора кўрмаслик эвазига 5000 доллар талаб қилиб, шундан 1000 долларни олганида ушланди. Миробод тумани ИИБ профилактика инспектори эса ҳуқуқбузарликни расмийлаштирмаслик эвазига 500 долларни олганида қўлга тушгани маълум қилинди. Улар ҳибсга олиниб, жиноят ишлари қўзғатилди.
Президент қарори билан Бош прокуратура таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, ИИВ Тезкор-қидирув департаментида эса Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими ташкил этилди. Ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорлар хатловдан ўтказилади.
Бош прокуратура Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт марказида юз берган портлаш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Айни вақтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар сони 11 нафарни ташкил этмоқда.
Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги ўрганиш ишларини якунлади. Натижада туман ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
Самарқанд туманида фермер ўзига қарашли хўжаликнинг суғориладиган еридан 1 гектарини фуқарога иссиқхона қуриш учун сотиш ва ҳужжатларни тайёрлаб беришни келишиб олгани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 20 минг доллар олган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Президент қарори билан 1 майдан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ва ишни судга қадар юритиш бўйича «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ахборот тизими жорий этилади. Тизимдаги жисмоний ва юридик шахсларга оид маълумотлар суриштирув ва тергов органларининг сўровига кўра тақдим этилади.
Андижон перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесилгани юзасидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жиноят иши қўзғатилди. Дарахтларнинг қонунга хилоф равишда кесиб юборилганлиги оқибатида табиатга 115,5 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
Пойтахтнинг Миробод туманида 4940 евро миқдоридаги 2470 дона 2 евролик танга банк орқали алмаштирилгани, банк ходимлари эса уларни текширмасдан қабул қилиб олгани аниқланди. Қашқадарёда эса 2 бош қўй эвазига берилган пулларнинг 20 донаси сохта 100 минглик купюра эканлиги маълум бўлди.
Пойтахтда ўтган конференцияда адлия вазири Русланбек Давлетов сўнгги 5 йилда 14 мингдан ортиқ мансабдор шахс коррупциявий жиноятни содир этганини маълум қилди. Шундан энг кўпи туман миқёсидаги амалдорлар ҳисобланади. Вазир шунингдек, бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўлса, ўзаро манфаатлар тўқнашуви ортидан қонун бузилишини айтиб ўтди.
Сирдарёда отасининг фермер хўжалиги еридан 5 гектарни ва унинг атрофидаги ҳужжатсиз ердан яна 15 гектарни 70 минг долларга сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон давлат университети биносининг тўртинчи қаватидан йиқилиб тушган 28 ёшли аёл, воқеа содир бўлганидан 5 кун ўтиб, шифохонада вафот этди.
Бош прокуратуранинг яна бир бошқарма бошлиғининг ўринбосари фуқаронинг жиноий ишини тугатиб беришни ваъда қилиб, ундан 3 минг доллар пора олгани айтилмоқда. Унга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бундан аввал ҳам бошқа бир бошқарма бошлиғи ўринбосари пора олгани айтилганди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг