Охирги 5 йил давомида Ўзбекистонда коррупцион қилмишни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 14 мингдан ошган.

Адлия вазирлигининг «Газета.uz»га хабар беришича, бу ҳақда вазир Русланбек Давлетов прокуратура органлари ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференцияда айтиб ўтган.

Вазирнинг сўзларига кўра, шундан 160 нафардан ортиғи республика, 1 минг 270 нафардан кўпроғи вилоят ҳамда 13 минг нафардан ошиғи туман миқёсидаги мансабдор шахсларни ташкил этган.

«Охирги уч йилда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлаш мақсадида жами 540 мингдан ортиқ прокурор ҳужжатлари қўлланилган. Бу бир оддий рақамдек кўринади, лекин бу рақамлар ортида катта меҳнат ётганлигини тасаввур қилиш қийин эмас», — деди Русланбек Давлетов.

2021 йилнинг ўтган 6 ойида 140 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати ҳал этилиб, 23 мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани маълум қилинди.

Таъкидланишича, фақатгина прокуратуранинг бир ўзи қонунийликни тўлиқ таъминлай олмайди. Албатта, бу ерда бошқа давлат ташкилотлари ҳам, жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши керак.

«Назорат-текширув соҳаси ҳали ҳамон ислоҳотга муҳтож. Бу ўринда биз бугунги кунда республикадаги турли давлат бошқарув органлари таркибидаги 50 дан ортиқ назорат-текширув идораларини назарда тутаяпмиз. Уларнинг 10 дан ортиғи ўзлари текшириши керак бўлган вазирлик ва идораларга бўйсунади. Бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўладиган бўлса, бу ерда манфаатлар тўқнашуви ортидан қандайдир қонун бузилиш ҳолатлари келиб чиқади», — деган Русланбек Давлетов.

Унинг сўзларига кўра, прокуратура органлари ҳар бир қадамни назорат қила олмайди.

«Бунга ресурслар ҳам етмайди. Бирорта давлатда бундай ҳолат йўқ. Шундан келиб чиқиб, назорат-текширув идоралари тизимини ислоҳ қилиб, прокуратура билан ҳамкорлигини самарали тарзда йўлга қўя олсак, бу қонун устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан анчагина фойдали бўлади», — деди вазир.

Вазирнинг таъкидлашича, адлия органлари ва прокуратура ўртасидаги ҳамкорлик анча мустаҳкамланган. Бугунги кунда 3 та кодекс, Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят ижроия кодеклари устида биргаликда иш олиб борилмоқда.