Андижон вилоятида ноқонуний кесилган 12 туп қимматбаҳо дарахт иши бўйича Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Андижон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахт кесиб кетилганди. Бунда дарахтларнинг кесилиши Экология қўмитаси билан келишилмагани, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов дарахтларни кесишга буйруқ бермагани айтилган эди.

Шундан сўнг Давлат экология қўмитаси кесилган қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатига киритилган 12 туп Элдор қарағайлари ноқонуний равишда кесилгани маълум қилди.

Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда, дарахтларнинг қонунга хилоф равишда кесиб юборилганлиги оқибатида табиатга 115,5 млн сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Келтирилишича, президентнинг тегишли фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган бўлса-да, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. томонидан Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилган.

Ғ.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

У БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин. Шунингдек, унга нисбатан 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан тайинланиши ҳам мумкин.

Тергов давом этмоқда.