Тошкентнинг Бектемир туманида фуқаро тақиқда бўлган 2 гектар ерни 800 минг долларга сотишга уринганликда гумон қилинмоқда. Бу қайд этилган фуқаро Э.Н. мурожаати 30 март куни Бош прокуратурага келиб тушган.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, «Ў» исмли шахс туманда жойлашган тақиқда бўлган иссиқхона учун ажратилган 2 гектар ер майдонининг ҳар бир сотихини 4 минг АҚШ долларидан жами 800 минг долларга сотишини айтган. Қолаверса, ер майдонига қўйилган тақиқни тегишли органлар орқали ечиб, келгусида қурилиш ишлари учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришига ишонтирган.

Шунга кўра, гумондор фуқародан олдиндан 80 минг доллар беришини талаб қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ ва департамент ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Гумонланувчи шахс Юнусобод туманидаги Кардиология маркази олдида аризачи Э.Н.дан 80 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумондор ҳозирда процессуал тартибда ушланган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.