Тошкент шаҳрида ИИВ терговчиси ва профилактика инспектори пора олаётган вақтларида қўлга олингани айтилмоқда.

«Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Тошкент шаҳар ИИББ шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланган.

5 март куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси иш юритувидаги жиноят иши бўйича бир шахсга чора кўрмаслик эвазига талаб қилинган 5000 АҚШ долларидан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

8 март куни Миробод тумани ИИО ФМБ 4-сон ИИБ профилактика инспектори ҳуқуқбузарлик содир этган аёлга ҳолатини расмийлаштирмаслик эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилиб, дастлаб 6 март куни 200 АҚШ долларини қўлга киритган ва қолган 300 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳар иккала ҳолат буйича Жинот кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.