Шаҳрихон туманидаги хусусий диагностика ва даволаш масканида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Аниқлик киритилишича, шу пайтгача ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар сони 11 кишини ташкил этмоқда, бир киши эса вафот этган.

Аввалроқ, ФВВ 11 февраль куни соат 11:30 да Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Қоракўрпа» маҳалласида тиббий клиникада газ-ҳаво аралашмаси чақнаши рўй бергани ҳақида хабар бергандик. Воқеа жойига вилоят ФВБнинг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Шунингдек, ҳодиса жойига ФВВ раҳбарияти, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли хизмат ходимлари етиб борган.

Daryo`нинг ёзишича, портлаш жойига Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам етиб келган.

Шифохонага яқин ошхонада фаолият юритувчи воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, портлаш содир бўлган пайтда улар плита босиб қолган қизга ёрдам берган. Нашр плита остидан олиб чиқилган ва сўнгра вафот этган қиз портлаш оқибатида ҳаётдан кўз юмган иккинчи қурбон бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

«Бир киши қўлимизда жон берди. Ундан ташқари ичкарида ҳам беморлар кўп эди. Аҳвол жуда ёмон эди. Тез ёрдамга ҳам ўзимиз қўнғироқ қилиб, чақирдик», — дея ҳикоя қилган воқеа гувоҳларидан бири.

Хабар берилишича, портлаш касалхонанинг биринчи қаватида юз берган, бунинг оқибатида иккинчи қават ҳам қулаб тушган.