Талабани зўрлашга уринишда айбланаётган Тошкент давлат педагогика университетининг «Касбий таълим» факультети собиқ декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан жиноят иши судга топширилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Дастлабки тергов 4 март куни якунига етган, собиқ декан ўринбосарига 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118 (номусга тегиш) ва 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари бўйича айблов эълон қилинган. Томонлар жиноят иши хужжатлари билан таништирилган

8 март куни жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судга юбориш учун Яккасарой туман прокуратурасига юборилган.

10 март куни Яккасарой туман прокуратураси томонидан жиноят иши бўйича айблов хулосаси тасдиқланиб, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрида ТДПУ учинчи босқич талабаси Муштарийбону Камилова декан ўринбосари унга тегажоғлик қилгани ва қаршилик кўрсатгандан сўнг уни деразадан итариб юборганини маълум қилганди.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева жамоатчиликка ошкор этилаётган букаби ҳолатлар денгиздан томчи эканини таъкидлаб, «айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт», — деган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Муштарийбону Камилова ёшлар форумида нутқ сўзлади. Ногиронлар аравачасида ўтириб, таъқиблар, декан муовини яқинларининг аризани қайтариб олиш талаблари, интернетдаги безорилик ҳақида гапирди. Қиз аёлларни зўравонлик ҳақида жим турмасликка чақирди.

Ўша ойнинг ўзида Nemolchi.uz лойиҳаси тармоқда таъқибдан жабр кўрган педагогика университети талабасининг интим видеоси ҳамда уни обрўсизлантирувчи ёлғон маълумотлар тарқатилгани ҳақида хабар берди. Тошкент шаҳар ИИБ тергов томонидан олиб қўйилган қизнинг телефонида ушбу видео бўлмаганини маълум қилди. Терговчига нисбатан расмий текширув тайинланган, аммо унинг натижалари ҳақида хабар берилгани йўқ.