Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида хорижий ва миллий валютада сохта пуллар муомалага киритилди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тадбирларда аниқланган.

Пойтахтнинг Миробод туманида ўтказилган терговга қадар текширувда, банк муассасасига қарашли «Марказ» номли валюта айрибошлаш шаҳобчасига топширилган 2 евро номиналидаги 2470 дона 4940 евро миқдоридаги тангалар қалбаки эканлиги маълум бўлди.

Таъкидланишича, амалиёт бошқармасининг касса амалиётлари ва нақд пул муомаласи бўлими ходимлари томонидан ушбу валюталар текширилмасдан қабул қилинганлиги натижасида банк манфаатларига 59,3 млн сўм зарар етказилган.

Шу каби ҳолат Қашқадарёда ҳам қайд этилди. Вилоятда ўтказилган терговга қадар текширувда, «М» МЧЖ мол бозорида 2 бош қўйларини сотиш эвазига тўланган 2,1 млн сўм пуллардан 100 минг сўм купюрадаги 20 донаси қалбаки эканлиги аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.