Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқлади. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, ДХХ ва ИИВ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланди.

Қорақалпоғистондаги ҳолатда фуқаролар Р.Д. ва А.А.лар бошқа бир фуқаро А.нинг ишончига кириб, унга танишлари орқали Нукус шаҳар, «Жана базар» ОФЙ ҳудудида жойлашган 0,5 гектар бўш ер майдонини расмийлаштириб беришини ваъда қилганлиги айтилмоқда. Бунинг эвазига 47 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент шаҳридаги вазият эса Олмазор туманида содир бўлди. муқаддам судланган фуқаро О.Р. ўзига тегишли хулоса чиқармасдан бошқа бир фуқаро Ф.нинг ишончига кириб, унга Юнусобод тумани «Хасанбой» МФЙдан 6 сотих бўш ер майдонини кадастр бўлимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришига ишонтирган. Бунинг эвазига 14 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган, дейилади хабарда.

Бухоро шаҳрида фуқаро Н.Г. бошқа бир фуқаро Б.нинг ишончига кириб, унга «М.Таробий» МФЙ ҳудудида жойлашган захирадаги 4 сотих ер майдонини олиб беришини айтган. У ҳужжатларни гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришини ваъда қилганлиги айтилмоқда. Бунинг эвазига эса олдиндан келишилган 9 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга туширилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.