2021 йилнинг апрель ойида Бош прокуратуранинг иш вақтида юрак хуружи сабаб вафот этган 33 ёшли ходими Самир Раҳмоновнинг отаси А. Раҳмонов вафот этгани сабабли суднинг 2022 йил 10 мартдаги ажрими билан унинг даъво аризаси иш юритувидан тугатилди. Бу ҳақда 29 март куни Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ А. Раҳмонов қонунда белгиланган тартибда нафақа пуллари тўлаб берилмагани учун Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилганди.

Ўшанда иш Тошкент шаҳар ФИБ судлов ҳайьати томонидан кўриб чиқилиб, марҳумнинг отаси боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш ҳуқуқига эга эмас, деган қарорга келган ҳамда иш биринчи инстанция судига марҳумнинг турмуш ўртоғи иштирокида кўриб чиқиш учун юборилганди.

Суднинг ташаббуси билан даъвогар томонидан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жалб қилинган Н. Рахманова (турмуш ўртоғи) судга жавобгар Бош прокуратурага нисбатан турмуш ўртоғининг иш жойида вафоти муносабати билан вояга етмаган фарзандлари ва ўзи учун нафақа, суғурта товони ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

ФИБ Миробод туманлараро судининг 28 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан Н. Рахманованинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.

«Жавобгардан [Бош прокуратура] Н. Рахманованинг фойдасига 951 млн 275,9 минг сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши ҳамда давлат фойдасига 76 млн 642 минг сўм давлат божи тўланиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Бош прокуратура матбуот хизматининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов юрак хуружи сабаб вафот этганди. Август ойига келиб унинг отаси Бош прокуратура устидан арз қилгани ҳақида ёзган эдик.

Иш ФИБ Миробод туманлараро судининг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Рахмановнинг (марҳумнинг отаси) иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди. Даъвогар мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритган.

Ноябрь ойи ўрталарида Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими бўйича Меҳнат вазирлиги ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига тегишли тартибда хабар бермаганини маълум қилди.