Прокуратура идоралари республикада 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма қурилганини аниқлади, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмат.

Ўтказилган тадбирлар натижасида маданий мерос объектлари ҳудудида қурилган 7 та ноқонуний қурилмалар буздирилди.

Жумладан, Сурхондарёда «Зартепа» (I-V асрлар), «Карвонтушди» (I-VI), «Исмоилтепа» (I-VIII) ва «Мангузартепа» (I-IV), Қашқадарёда «Тўрткўлтепа» (I-VI) археология объекти, Хоразмда «Қибла тозабоғ» (ХIХ) архитектура ёдгорлиги ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар олиб ташланди.

Шунингдек, 71 та объектда қурилган 76 та ноқонуний қурилмани буздириш юзасидан мутасадди идоралар ёзма кўрсатмалар берган. 44 та маданий мерос объектидаги 63 та ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан эса судларга даъво аризалари киритилган.

Масалан, Термиз туманида жойлашган «Мангузартепа» археология ёдгорлиги (I-IV аср) устига уяли алоқа оператори томонидан ноқонуний ўрнатилган антенна қурилмаларини буздириш бўйича судга даъво аризаси юборилди, дейилади хабарда.

Текширувлар натижасида ноқонуний қурилма қурган 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳозирда назорат ишлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ, Антикоррупция агентлиги «Култепа», «Вардонзе ёдгорлиги» ва «Қулоқтепа» маданий мерос объектларига етказилган зарар сабабларини бартараф этишни сўраб, Туризм ва маданий мерос вазирлигига тақдимнома киритганди.