ФИБ Миробод туманлараро судининг қарори билан Бош прокуратурадан ишда вафот этган ходими Самир Раҳмонов учун 951,2 млн сўм нафақа пули ва 20 млн сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида ёзгандик. Самирнинг отаси вафот этгач, даъвогар сифатида унинг рафиқаси судда қатнашган.

Мазкур хабардан сўнг, Бош прокуратура матбуот хизмати суднинг ҳал қилув қарори асослилиги атрофлича ўрганилиши ва тегишли муносабат билдирилишини маълум қилганди.

31 март куни бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова мазкур ҳолат юзасидан ўзининг шахсий муносабатини билдириб ўтди.

«Биринчидан, бу баёнот. Ўзимизни муносабатимизни билдиришга бизнинг ҳам ҳуқуқимиз бор. Погон бўлишидан қатъи назар, Конституция билан биз ҳам ҳимояланганмиз», — дея изоҳлади у.

Унинг сўзларига кўра, Самир Раҳмонов ишда эмас, касалхонада вафот этган.

«ССВ тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази томонидан хулоса бериляпти — Бош прокуратуранинг ходими [Самир] Раҳманов ўлим вақти ишхонада эмас, кўп тармоқли касалхонага олиб борилган пайтда ўлганини. Январда суднинг ишни кўришдан тугатиш ҳақида қарори бор. Чунки даъвогар Раҳмоновнинг отаси вафот этган. Бу қарор ҳали кучда, ҳеч ким уни муҳокама қилгани ҳам йўқ, уни бекор қилгани ҳам йўқ», — деди Светлана Артикова.

Таъкидланишича, суд тиббий-экспертизадан ўтказишда мурдани ёришга унинг отаси розилик бермаган.

«Маънавий зарарни ундириш ҳақида. Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси бор. Маънавий зарарни аниқлашда уни етказувчининг айбини тасдиқлаш керак. Лекин жиноят иши тергов олди суриштирув натижасида Жиноят процессуал кодексининг 83-модданинг 2-қисми, яъни, жиноят таркиби мавжуд эмас деган хулосага келинган», — деди у.

«Шу ўлимда Бош прокуратуранинг айби йўқ. Хизмат билан боғлиқ ўлим бўладиган бўлса, у ўлим албатта хизмат вазифаси билан боғлиқлик жойи бўлиши керак. Бу қонунни мен ишлаб чиққаним йўқ, бу қонунга мен имзо чекмайман, лекин бу қонунга мен итоат қилишга ва бажаришга шартман. [Самир] Раҳмоновнинг ўлими хизмат билан боғлиқ эмас, деган хулосага экспертиза ҳам келган», — дея ишонтирмоқда Светлана Артикова.

«Албатта, тегишли прокуратура тўғрисидаги қонуннинг 50 ва 56-моддаларига асосан уни оила аъзолари, марҳумнинг ўзи ҳимоя қилинган. Етарлича моддий ёрдам кўрсатилган», — деди у. Бироқ ҳозиргача, шу жумладан, матбуот анжуманида ҳам Бош прокуратура қанча миқдорда моддий ёрдам кўрсатгани очиқлангани йўқ.

«Бош прокуратура давлат бюджетидан [маблағ] олаётган ташкилот. Агарда бюджет интизомини сиз билан биз бажармасак, миллиард у ёққа, миллиард бу ёққа қилсак, унда шифокорларга, ўқитувчиларга устамаларни, ойликни, нафақахўрларга нафақасини ким тўлайди? Ногиронларни ким ҳимоя қилади?» — дея муносабатини билдирди Бош прокуратура вакиласи.

«Агарда Бош прокуратуранинг айби бўлса, бажонидил иккита қўлни кўтарамиз, тўлаймиз. Лекин ҳозир мана шу Тошкент шаҳар судидан ҳали кучга кирмаган, 28 мартда қарор қабул қилиб, 29 мартда ижтимоий тармоқларга чиқарилган, хаттоки ҳали ёзилмаган қарор эълон қилинган. Прокуратура, албатта, ўзининг муносабатини билдиради. Чунки Бош прокуратура иш бўйича тараф, чунки Бош прокуратура протест билдиришга ваколати бор», — дея қўшимча қилди у.

«Ва эътибор берган бўлсангиз, Тошкент шаҳар суди баёнотида суд ўзининг ташаббуси билан даъвогарни ҳам, даъво талабини ҳам ўзгартирди деган жойи бор. Бунда ҳам Фуқаролик кодексининг 124-модда талаблари бузилган. Суд ўз ташаббуси билан амалдаги суд қарори мавжуд бўла туриб, уни ҳеч ким бекор қилмаганлигини инобатга олмасдан, даъвогарни, даъво талабини алмаштиришга ҳаққи йўқ. Албатта, ўзим шу ишни назорат қиламан, керак бўлса, Олий судгача ҳам бош прокурор ўринбосари тарзида такроран кассация келтиришга тайёрман», — деди у.

«Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, суд қарори қабул қилинган 28 март санасидан ҳозирга қадар апелляция шикояти киритилмаган. Бош прокурор ўринбосарининг мазкур баёнотига ҳозирча Олий суд ёки Тошкент шаҳар судлари томонидан муносабат билдирилмади.

Маълумот ўрнида, Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддасига мувофиқ, агар иш бўйича тарафлардан бири бўлган фуқаронинг вафотидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса, суд иш юритишни тугатади. Юқоридаги ҳолатда Самирнинг отаси вафот этгач, даъвогар томон сифатида унинг рафиқаси ишда қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Бош прокуратура матбуот хизматининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов юрак хуружи сабаб вафот этганди. Август ойига келиб унинг отаси Бош прокуратура устидан арз қилгани ҳақида ёзган эдик.

Иш ФИБ Миробод туманлараро судининг 2021 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Рахмановнинг (марҳумнинг отаси) иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди. Даъвогар мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритди.

Мазкур апелляция шикояти ўтган йилнинг ноябрида Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъатида кўрилди. Ишни кўришда марҳум С. Рахмоновнинг хотини Н. Рахмонова ишга жалб қилинмагани, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмагани маълум бўлди.

Биринчи инстанция судида иш кўрилиши мобайнида марҳумнинг отасида унинг манфаатларида судга мурожаат қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлмагани, қолаверса, А.Рахмоновнинг ўзи боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш ҳуқуқига эга шахслар доирасига кирмаслиги маълум қилинди.

Шу сабабли, 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилди. Агар биринчи инстанцияда иш қайта кўриш жараёнида Самирнинг турмуш ўртоғи Н. Рахмонова ишга жалб қилинган бўлса, демак, бош прокурор ўринбосарининг важлари асоссиз бўлиб чиқади.

2021 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими бўйича Меҳнат вазирлиги ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига тегишли тартибда хабар бермаганини маълум қилди.