Ўзбекистондаги олдинги конституцион ислоҳотлар Конституциянинг президентлик муддатларини чеклайдиган 90-моддасини четлаб ўтишга имкон яратган. Виржиния Университети тадқиқотчилари турли мамлакатларда шунга ўхшаш чекловларни четлаб ўтиш бўйича 60 та уринишларни ўрганиб чиқди. Бу қандай амалга оширилган ва қанақа оқибатларга олиб келган (ғаройиб ҳолатлар ҳам бўлган) — Комил Жалилов шарҳида.
Президент ҳокимларнинг иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз эканлигини танқид қилди. Вилоят ҳокимларига қўшимча 110 минг иш ўрни ташкил этиш, камида 1 млрд долларлик экспорт учун шароит яратиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, ЭИЗлардаги лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати ҳамда саноат зоналарнинг маъмурий кенгашлари ваколати Инвестициялар вазирлигига ўтказилди. Зоналардаги ерлар энди ҳокимликлар томонидан эмас, балки дирекциялар томонидан аукционга қўйилади.
Ўзбекистон Бош қонунига ўзгартиришлар киритиш бўйича Конституциявий комиссия ўзининг биринчи йиғилишини ўтказди. 6 кун давомида 13,15, 29, 37, 40, 41, 53, 78 ва 80-моддаларга боғлиқ таклифлар келиб тушган. Комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев президентга номзод бўйича талаблар ва ваколатлар муддати белгиланган 90-модда юзасидан таклиф юборилган ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
Конституциявий комиссия аъзоси, депутат Бобур Бекмуродов Асосий қонунни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни қабул қилиш, саралаш ва қонун лойиҳасида акс эттириш жараёни қандай амалга оширилишини тушунтириб берди. Унинг сўзларига кўра, таклифлар веб-саҳифа, Telegram-бот, почта, давлат ташкилотлари орқали қабул қилинади, таҳлилчилар гуруҳи уни саралайди ва комиссияга киритади. «Асосий принцип — бу таклиф юбориш қулай ва инклюзив бўлиши керак», — деди у.
Ўзбекистон Хитойдан мамлакатда қўшма ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун 37,5 млн доллар беғараз молиявий ёрдам олади.
Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини мустақил ҳаётга қадам ташлаётганлари билан табриклади. Президент Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бораётганини таъкидлаб, олдига аниқ мақсад қўйган ёшларнинг кўзлаган чўққиларга эришишларига ишонч билдирди.
Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозимида ишлаб келган Тулкин Абдусаттаров адлия вазири ўринбосари этиб тайинланди.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Россия муносабатларини ривожлантириш, минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалаларини муҳокама қилдилар.
Давлат илгариги даврлардан фарқли ўлароқ, нафақат бошқарув, балки фуқароларга хизмат кўрсатиш марказига айланиб бормоқда, деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. Шундай экан, амалдорларнинг фаолиятига баҳо бериш, муаммоларни парламент усулларида ҳал этиш, қонунларни қабул қилишда етук экспертларга таяниш зарур. «Тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш амалиётини кенг жорий этиш вақти келди деб ўйлайман», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади. Томонлар табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг мониторинги ва прогнози бўйича маълумотлар алмашади, уларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорлик қилади.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ислоҳотлар буйруқ билан мувафақиятли амалга оширилиши мушкуллиги ва туб ўзгаришлар аҳоли уларни чуқур ва тўла англашига боғлиқлигини таъкидлади. «Тараққиётни таъминловчи тизимли механизмлар ичида энг муҳими — ҳокимиятнинг уч тармоғи ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизимини такомиллаштиришдан иборат», — деди у. Сенатор шунингдек, давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Сешанба куни Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов Асосий қонун ислоҳоти заруратини Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»га таяниб асослантиришга ҳаракат қилди. «Ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди», — деди у.
Ўзбекистонда бирор спорт тури бўйича маҳаллий олимлар томонидан на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, кардиомашғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмайди, дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишда. «Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда», — деди у.
Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади. Шавкат Мирзиёев ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилиш борасидаги ёндашувлар ўзгартирилишини маълум қилди. Бухоро тажрибаси асосида — яхши натижага эришган ёш спортчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади ва улар махсус гуруҳларда бепул ўқитилади, спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.
Қўрғонтепа тумани ҳокими ёрдамчиси Махамадмусо Обидов Олтинкўл тумани ҳокими этиб тайинланди. У олдинроқ Миллий банкнинг Андижон вилояти филиали раҳбари ҳам бўлган.
Алишер Райимов Ангрен шаҳри ҳокими этиб тайинланди.
Президент Жо Байден АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини илгари сурди. 2019 йилдан буён ушбу лавозимни Дэниел Розенблюм эгаллаб келмоқда.
Хитойнинг Тошкентдаги элчиси Цзян Янь Хитой кредитлари мамлакатларни «қарз тузоғига» тушишига сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади. «Ғарб банклари ёки халқаро молия муассасалари қарз берса — пишлоқ, Хитой қарз ёки кредит берса — тузоқ. Одамлар баъзида фарқига бормайдилар», — деди у.
Азиз Абдуҳакимов ШҲТга аъзо мамлакатлар туризм вазирларига ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида доимий мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Гуруҳга туризм вазирлари ўринбосарлари раҳбарлик қилади ва давлатлар ўртасида энг оммабоп туристик йўналишлар харитасини тузиб чиқади, трансчегаравий сайёҳлик алмашинуви имкониятларини ўрганади. Қолаверса, вазир қўшма туристик йўналишларни яратиш, электрон тижорат маҳсулотлари ва хизматларини жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан бирга вертолётда ўзбек-қирғиз чегарасининг белгиланмаган қисмини кўздан кечирди (фото).
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг