26 май куни Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича махсус комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Унда асосий — Конституцияга келиб тушадиган таклифлар билан ишлаш механизми, комиссия ҳузурида Таклифлар билан ишлаш ҳамда Йиғма ахборот-таҳлили гуруҳларини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди.

Комиссия раиси Акмал Саидовнинг сўзларига кўра, Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича жаҳон тажрибасида уч хил йўналиш мавжуд:

  • Конституцияни буткул янгидан қабул қилиш;
  • Асосий қонунни янги таҳрирда қабул қилиш;
  • Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

«Биз Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўлидан бораяпмиз. Бу хориж давлатларида ҳам кенг ривожланган йўл ҳисобланади», — деди у.

Қонунчилик палатаси депутати, Юксалиш УМҲ раиси Бобур Бекмуродов таклифларни юбориш, қабул қилиб, таҳлилдан ўтказиш жараёни қандай амалга оширилишини тушунтириб берди.

Унинг сўзларига кўра, асосий мақсад ҳар бир фуқаро, ҳар бир ташкилот томонидан билдирилаётган таклифларнинг конституцион комиссия томонидан кўрилиб чиқилишини таъминлашдан иборат.

Бобур Бекмуродов. Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати.

«Асосий принцип — бу таклиф юбориш қулай ва инклюзив бўлиши керак. Яъни, ҳар бир фуқаро, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси таклифларни юбориш имкониятига эга бўлиши керак», — деди у.

Таклиф юборишнинг бир неча муқобил имкониятлари яратилмоқда:

  • meningkonstitutsiyam.uz веб-саҳифаси;
  • маҳалла фуқаро йиғинлари;
  • Халқ депутатлари кенгашлари;
  • 1341 call-маркази;
  • почта орқали (Конституциявий комиссияга хат юбориш бепул бўлади)
  • Telegram-бот (@meningkonstitutsiyam_bot) ёрдамида юбориш мумкин. Мазкур платформалар 2 кун ичида ишга туширилиши айтилди.

Бобур Бекмурадовнинг сўзларига кўра, «Менинг конституциям» платформаси таклифларни орқали юбориш энг қулай, осон ва ортиқча рўйхатдан ўтишни талаб қилмайдиган усул ҳисобланади. «У реал вақт режимида келиб тушаётган таклифлар статистикаси билан танишиш, таклифларнинг мазмуни билан танишиб бориш имкониятини беради», — деди у.

Депутатнинг шунингдек почта орқали комиссияга хатлар бепул тарзда юборилади. «Бугунги кунда тегишли кўрсатмалар берилади ва ташкилотлар комиссияга ўз таклифларини тўловсиз, уша почта бўлимлари орқали юбориш имкониятларига эга бўлади. ️Ва бундан ташқари хабарингиз бор махсус электрон почта ҳам эълон қилинди. Электрон почтага аллақачон фуқаролар ўзларининг таклифларини, конституцияга киритиладиган ўзгаришлар бўйича ўзининг муносабатини, таклифларини бераяптилар», — деди у.

Навбатдаги босқич — «таклифларни рўйхатдан ўтказиш ва бу ҳақда фуқароларни хабардор этиш».

«Юқоридаги воситаларнинг барчасида юборилган таклифлар, ҳоҳ у шунчаки муносабат бўлсин, ҳоҳ бир таҳририй ўзгартириш бўйича таклиф бўлиши мумкин ёки конструктив ғоя бўлсин буларнинг барчасини конституцион комиссиянинг таклифлар билан ишлаш бўлимига келади. Шу босқичда бир нечта муҳим вазифалар амалга оширилади. Биринчидан, ҳар бир келиб тушаётган таклиф рўйхатга олинади. Иккинчидан, конституциянинг тегишли боблари бўйича таснифланади. Яъни бу гуруҳнинг муҳим вазифаларидан бири ҳар бир келаётган таклиф қайси бобга кўпроқ ғоявий мазмун жиҳатдан яқин бўлса мана шу таснифлашни амалга оширади», — деди Бобур Бекмуродов.

Ҳар бир фуқарога унинг таклифи қабул қилингани ёки йўқлиги бўйича хабар юборилади.

Кейинги муҳим босқич — «таклифларни таҳлил қилиш ва конституциявий комиссияга кўриб чиқиш учун киритиш».

Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати.

«Бунинг учун конституциявий комиссиянинг таҳлил гуруҳи фаолият олиб боради. Бу гуруҳнинг асосий вазифалари келиб тушган таклифларни умумлаштириш, умумий мазмун бўйича маълумотномалар тайёрлаш ва таклифларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги бўйича хулосаларини тайёрлаш ва ҳар хафтада камида бир марта комиссияга мана шу хулосалар, таклифлар мазмунини киритиб боради», — деди депутат.

Шундан кейин конституциявий комиссия ўз мажлисларида келиб тушган таклифларни кўриб чиқиб, саралайди ва маромига етказиб тегишли лойиҳа тайёрлайди.

Конституциявий комиссия низомига кўра, фақатгина конституцияга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ бўлмаган ёки белгиланган муддатлардан кейин тақдим этилган таклифлар кўриб чиқилмаслиги мумкин деб белгиланган. Унинг қўшимча қилишича, таклиф келиб тушгач, уни кўриб чиқиш муддати 20 кундан ошиб кетмаслиги керак.

«Фуқаролар, фуқаролик жамияти, ОАВ воситаларига таклифларни қабул қилиш кўриб чиқиш жараёнлари, умуман комиссия фаолияти бўйича аҳолини хабардор қилиб боради. Шунинг учун барча техник ва профессионал салоҳият, имкониятлар яратилган», — деди Бобур Бекмуродов.

Унинг фикрича, агар комиссия айнан мазкур механизм бўйича ишласа минглаб, 10 минглаб таклифлар келиб тушганда ҳам «комиссия ўз ишини самарали олиб боради».

Эслатиб ўтамиз, Конституциявий ислоҳотлар жараёни ҳақида ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари маълум қилганди. Асосий қонунни ислоҳ қилиш зарурати ҳақида эса биринчи бўлиб президент ўзининг инаугурация нутқида айтиб. бу мамлакат аҳолисидан келиб тушган таклиф эканлигини таъкидлаганди. Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган нутқида эса давлат раҳбари Бош қомусга киритилиши лозим бўлган 9 та йўналишни белгилаб берганди. У ўзгартиришларни Конституциянинг 30 йиллиги арафасида — 2022 йил 8 декабрга қадар киритишни таклиф қилганди.

20 май куни парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Унга амалдаги Конституцияни ишлаб чиқишда қатнашган, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раислик қилади. Комиссия «жамият — ислоҳотлар ташаббускори» ғояси асосида иш олиб боради.