Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, мулоқотда «Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди».

Қайд этилишича, йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошган. Икки давлат раҳбарлари ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш, ҳудудлараро алоқалар салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган.

Россия президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқот Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ташкил этилган.

«Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзаро кайфият тасдиқланди», — дейилади хабарда.