Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Хитой кредитларининг хатарлари ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Дипломат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи қарзларсиз Тошкентда янги метро линияларини қуриш ёки тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг маошларини ошириш мумкин эмаслиги тўғрисидаги сўзларига тўхталди.

«Шавкат Мирзиёев одамлар метро хизматидан фойдаланаётгани, ўз уйида яшаётганини айтди. Бу, хусусан, ташқи қарз билан ҳам боғлиқ. Ҳозирда ташқи қарз, Ўзбекистон томони эълон қилган маълумотларга кўра, ЯИМнинг 38 фоизини ташкил этади. Халқаро стандартга кўра, [бу] хавфсиз чегарада», — деди у.

Элчининг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки ҳисобланади, Хитой эмас.

«Аслида Хитой имтиёзли кредитлар тақдим этамоқда. Бу ерда асосий кредиторлар — Эксимбанк [ХХР] ва Хитой тараққиёт банки ҳисобланади. Сиз келтирган мисоллар, Ғарб банклари ёки халқаро молия институтлари қарз берса — пишлоқ, Хитой қарз ёки кредит берса — тузоқ. Одамлар баъзида фарқига боришмайди», — деди у.

Цзян Яннинг сўзларига кўра, «Бир камар — бир йўл» лойиҳасида иштирок этаётган давлатлар қарз борасида Хитойдан шикоят қилаётганлари йўқ.

«Бирорта ҳам давлат бизга қарз тузоғига тушиб қолгани ҳақида шикоят қилгани йўқ. Шунинг учун масалага реал қарашимиз керак. Биз ёрдам берамиз. Унинг устига бу биргаликда мустаҳкамлаш, биргаликда қуриш, биргаликда фойдаланиш тамойилига асосланади. Бу бизнинг лойиҳамиз монополияси бўлишини хоҳламаймиз. Биз бунга ҳеч қачон сиёсий шартларни қўшмаймиз. Бизда сиёсий шартлар йўқ», — дея таъкидлади Цзян Янь.

Хитой дипломатик миссияси раҳбари келишувларга «бозор конъюнктураси ва маълум қоидаларга мувофиқ» риоя қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Бу қоидаларга Хитой томони ҳам, бошқа давлатлар ҳам риоя қилиши керак. Келишув руҳи сақланиши керак», — деди у ва «қарз ўпқони» ҳақидаги хабарлар «асоссиз» эканини таъкидлади.

Глобал кредитор

Кузда Forbes Американинг AidData тадқиқот лабораториясига таяниб, сўнгги 20 йил ичида ривожланаётган мамлакатларнинг Хитой олдидаги қарзлари ҳажми 385 лрд долларга етганини хабар қилди.

«Бир камар — бир йўл» лойиҳасини амалга ошириш даврида Хитой Африка ва Марказий Осиёнинг 163 та давлатида йўллар, кўприклар, портлар ва шифохоналар қурилишига 843 млрд доллардан ортиқ сармоя киритди ва бу маблағнинг деярли 70 фоизи давлат банклари ва давлатларнинг қўшма корхоналарига кредит шаклида берилган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўтган йилнинг баҳорида давлат қарзини ўз вақтида тўламаса, айрим инфратузилма объектлари Хитой назоратига ўтиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

ОАВ Тожикистонда Хитойнинг ТВЕА компанияси 2016 йилда Хитой Эксимбанкидан олинган ва «Душанбе-2» ИЭС қурилишига сарфланган 331,5 млн доллар қоплангунча «Шарқий Дуоба» ва «Юқори Кумарг» конларидан олтин қазиб олиш ҳуқуқига эга бўлгани ҳақда хабар тарқатган эди.

Ўзбекистон давлат қарзи

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2021 йилда 2,9 млрд долларга ошиб, 26,3 млрд долларни ташкил этди, бу ўша пайтда ялпи ички маҳсулотнинг 38 фоизини ташкил қилган. 60 фоизгача бўлган даражалар хавфсиз деб ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Осиё тараққиёт банки (5,2 млрд доллар) ва Жаҳон банки (4,3 лрд доллар) бўлиб, улар умумий давлат қарзининг 36,1 фоизини ташкил қилади. Улардан кейинги ўринларда Хитой Давлат тараққиёт банки (2,2 млрд доллар) ва Хитой Эксимбанки (2 млрд) ёки қарзлар таркибида 16,7 фоиз.

Ўзбекистон Молия вазирлиги давлат ташқи қарзи манбалари етарли даражада диверсификацияланганини қайд этди. Ушбу қарзнинг қарийб 42,6 фоизи (ўтган йил бошидаги 44 фоизга кўп) ёки 10,1 лрд доллари хорижий давлат молия институтлари ҳиссасига тўғри келади.

Умумий ташқи қарзга ҳукумат ва давлат томонидан кафолатланган (давлат) ҳамда кафолатланмаган (хусусий) ташқи қарзлар киради. Шу билан бирга, шуни таъкидлаш керакки, давлат улушига эга бўлган компания ва банклар асосан хусусий сегментда (давлат банк сектори улушининг 80% дан ортиғига эгалик қилади, шунингдек Uzauto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзмиллийбанк, «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ипотека-банк» умумий қиймати 1,92 млрд долларлик қарздорлик қимматли қоғозларини жойлаштирган).