Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Унинг имзоланиши ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган.

Ҳужжатда табиий ва техноген офатларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатишда фавқулодда вазиятлар идораларининг ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ва амалий ҳаракатлар ифода этилган. Бунда трансчегаравий характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасидаги ишларга алоҳида урғу берилмоқда, дейилади Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг 2021 йил декабрдаги хабарида.

Шартнома қуйидагиларни назарда тутади:

  • хавфли техноген ва экологик жараёнлар, табиий ҳодисаларни тадқиқ ва мониторинг қилиш;
  • табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг мониторинги ва прогнози бўйича мунтазам равишда ахборот алмашиш;
  • аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш, жумладан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш;
  • фавқулодда вазиятларни бартараф этишда тегишли давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
  • табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш;
  • ўзаро ҳамкорликда режалаштириш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илмий-техник адабиётлар ва тадқиқот натижалари билан ўзаро алмашиш;
  • фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ахборот, даврий нашрлар, услубий ва бошқа адабиётлар, видео ва фотоматериаллар, шунингдек, технологиялар билан ўзаро алмашиш каби вазифалар белгиланган.

2020 йил баҳорида Ўзбекистондаги Сардоба сув омбори тўғони ёрилиб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мактаарал туманидаги аҳоли пунктлари сув остида қолган, 30 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган эди. Туманнинг Ўзбекистон билан чегарадош 5 та қишлоғида 845 та уйни, 7639 гектар пахта майдонларини сув босиб кетган. Ўзбекистон Қозоғистонга қутқарувчилар ва техникаларни жўнатиб, табиий офатлар таъсирида вайрон бўлган уйлар ўрнига янги уйлар қуришга қисман ёрдам берган эди.