Ўзбекистонда ислоҳотлар буйруқ билан мувафақиятли амалга оширилиши мушкул. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 24 май куни «Инсон қадри» онлайн платформаси тақдимотига бағишланган тадбирда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Жамиятдаги туб ўзгаришлар аҳолининг мутлақ аксарияти томонидан улар нақадар зарурлигини чуқур ва тўла англанилишига боғлиқ. Фақатгина кенг омма онгига сингдирилган ғоя қудратли моддий кучга айланади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда янги муҳит яратилди, ижтимоий, сиёсий ҳаёт пайдо бўлди.

«Инсонларда дахлдорлик ва масъулият пайдо бўлмоқда. Ҳокимиятнинг бўғинлари ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланишини учун шароитларни юзага келтирди», — деди юқори палата раисининг биринчи ўринбосари.

Таъкидланишича, жамият олдида муттасил ривожланиб бораётган ижтимоий бозор иқтисодиётга асосланган, дунёвий демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришадиган жамият барпо этиш вазифаси турибди.

Бунинг учун эса чуқур сиёсий ва иқтисодий модернизация жараёнини амалга ошириш, тараққиётни таъминловчи тизимли механизмларни сафарбар қилиш зарур.

«Бу механизмлар ичида энг муҳимлари бу — ҳокимиятнинг уч тармоғи ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизимини барча даражада такомиллаштириш, фуқаролик жамиятининг тутган ўрни ва таъсирини кўтаришдан иборатдир», — деди Содиқ Сафоев.

«Кун тартибида турган энг долзарб масала — давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлиги ва унинг фаолияти шаффофлигини таъминлашдир, — дея сўзида давом этди у. — Бу, ўта муҳим давлат ҳавфсизлиги билан боғлиқ масала, чунки у ҳукумат ва жамият ўртасида ишончни шакллантиришнинг омилидир».

Унинг ечими эса биринчи навбатда, ҳалқ вакиллари фаолияти билан боғлиқлиги айтилди.

«Айнан улар, парламент усулларидан самарали фойдаланган ҳолда, депутатлик сўров, эшитув орқали ижрои органлар белгиланган дастурларни амалга оширишни қатъий назоратга олмоғлари зарур», — деди Сенат вакили.

Аввалроқ, айнан ушбу йиғилишда Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов Асосий қонун ислоҳоти заруратини Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»га таяниб асослантиришга ҳаракат қилгани ҳақида ёзганди. «Ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди», — деди у.