24 май куни Тошкентда «Инсон қадри» онлайн платформаси ва «2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Тараққиёт стратегияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Унда нутқ сўзлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов Конституция ислоҳоти нега зарур бўлиб қолгани ва бутун дунё давлатларида конституциялар янгиланаётганини қайд этди.

«Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг „Коммунистик партия манифести“ биринчи жумласи „Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди“, деган сўз билан бошланган. Мен шуни сал бошқачароқ қилиб, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди, демоқчиман», — дея Акмал Саидовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz.

Комиссия раҳбари ҳозир бирор давлатда «ўзгартириш киритилмаган конституция» қолмаганлигини таъкидлади.

Акмал Саидов. Фото: Тараққиёт стратегияси маркази.

«Охирги 25 йилда 100дан ортиқ давлатда конституциявий ислоҳотлар бўляпти. Фақатгина 21 асрда 57та давлатда конституция қабул қилинди. Ҳозир бирор давлатда ўзгартириш киритилмаган конституция қолмади», — деди у.

Тақдимот давомида қуйи палата спикерининг биринчи ўринбосари «ННТ тўғрисида»ги кодексни ишлаб чиқиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, ислоҳотларни фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик назоратисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабаб ҳам Ўзбекистонда «ННТ тўғрисида»ги кодексни ишлаб чиқишга эҳтиёж бор.

Эслатиб ўтамиз, 20 май куни парламент қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Унга амалдаги Конституцияни ишлаб чиқишда қатнашган, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Акмал Саидов раислик қилади. Комиссия «жамият — ислоҳотлар ташаббускори» ғояси асосида иш олиб боради.

Конституциявий ислоҳотлар жараёни ҳақида ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари маълум қилганди. Асосий қонунни ислоҳ қилиш зарурати ҳақида эса биринчи бўлиб президент ўзининг инаугурация нутқида айтиб. бу мамлакат аҳолисидан келиб тушган таклиф эканлигини таъкидлаганди. Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган нутқида эса давлат раҳбари Бош қомусга киритилиши лозим бўлган 9 та йўналишни белгилаб берганди. У ўзгартиришларни Конституциянинг 30 йиллиги арафасида — 2022 йил 8 декабрга қадар киритишни таклиф қилганди.

Ўтган йилнинг декабрида Акмал Саидов конституциявий ислоҳотлар зарурияти ҳақидаги мақолани эълон қилганди. Ушбу ислоҳот «яхши бошқарувни „тарғиб қилиш учун муҳим восита“ бўлиб, „ҳукумат бғинлари ўртасида назорат ва мувозанат тизимини мустаҳкамлаш, катта ҳисобдорлик, шаффофлик, иштирок этиш ва башорат қилишга“ ҳисса қўшиши мумкин»

«Газета.uz» шунингдек, колумнист Комил Жалиловнинг ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлашнинг демократик тизимини барпо этиш, шу орқали жамият ва давлатни коррупциядан халос этиш учун пойдевор яратиш мақсадида Асосий қонунга қандай ўзгартиришлар киритиш зарурлиги ҳақидаги колонкасини чоп этганди.