АҚШ президенти Жо Байден АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини илгари сурди. Номзод АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши керак.

Жонатан Ҳеник — АҚШ дипломатик хизматининг маслаҳатчи-элчи мақомига эга юқори лавозимли амалдор ҳисобланади. Ўтган йилдан бери у Миллий мудофаа университети қошидаги Ахборот ва кибермакон коллежида АҚШ Давлат департаменти кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.

Илгари у Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бюросида Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. У Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Жанубий ва Марказий Осиёда жамоатчилик дипломатияси ва ОАВ билан алоқалар бўйича масъул бўлган.

Бунга қадар у АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамкорлик марказида координатор ўринбосари бўлиб ишлаган ва Россия, Хитой ва Эрондан келаётган дезинформацияга қарши АҚШнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш соҳасида ишлаган.

Шунингдек, у АҚШ Давлат департаменти Халқаро ахборот дастурлари бюроси координаторининг биринчи ўринбосари ва координатор вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган.

У Туркияда жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи-элчи, Тимор-Лештида миссия бошлиғининг ўринбосари, шунингдек, Озарбайжон, Туркия, Португалия ва Ўзбекистонда бошқа лавозимларда ҳам фаолият юритган.

Жонатан Ҳеник Жорж Вашингтон университетида илмий ходим ва таклиф этилган профессор, Гавайи оролларидаги Гонолулу шаҳридаги Шарқ-Ғарб марказида (East-West Center) резидент дипломат бўлиб ишлаган.

Нью-Йоркда туғилган Жонатан Ҳеник рус, португал, турк ва озарбайжон тилларини билади. У Гавайи университетида сиёсат фанлари номзоди (PhD), Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг халқаро алоқалар бўйича магистр ва шу университетнинг Колумбия коллежи бакалаври даражасига эга.

АҚШнинг Ўзбекистондаги амалдаги элчиси Дэниел Розенблюм бўлиб, у 2019 йилнинг май ойида ушбу лавозимда қасамёд қилганди. У 2014 йил июлидан 2018 йил июлигача АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича бюросидаги ёрдамчиси ўринбосари лавозимида ишлаган.