Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ва «Миллий тикланиш» Демократик партияси фракциялари томонидан бошлаб юборилган Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёни жадаллашиб бормоқда.

Акмал Саидов бошчилигида Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича комиссия тузилди. Саидов Бош қонунга ўзгартиришлар киритиш кераклигини сўроқ остига олган интернет-фойдаланувчиларини билмасдан туриб гапиришда айблади ва «ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрганлиги»ни таъкидлади. У Конституциясига сўнгги ўзгартириш 30 йил олдин киритилган АҚШни мисол тариқасида келтирди.

Сенат раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев амалдаги Конституция билан барча кутилган ўзгаришларни амалга оширишнинг имкони йўқлигини таъкидлади. У мамлакат аҳолиси кўп йиллардан буён кўтараётган саволни мисол қилиб келтирди: қачонгача ҳокимлар ҳам ижро, ҳам вакиллик ҳокимияти раҳбари бўлади. Бундай бўшлиқлар Конституцияда ҳақиқатдан ҳам бор.

Иқтисодчи, Bakiroo Telegram-канали муаллифи Отабек Бакиров Ўзбекистондаги олдинги конституцион ислоҳотлар асосан Конституциянинг 90-моддаси талабларини четлаб ўтиш ва президентлик муддатларини «ноллаштириш» учун қилинганлигини эслатди. Ушбу моддада айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

1995 йилда, президент Ислом Каримовнинг ваколатлари тугашидан бир йил олдин Ўзбекистонда президентнинг ваколатларини 2000 йилгача узайтириш тўғрисида референдум бўлиб ўтган эди. Президент референдум натижаларини иккинчи муддатга қайта сайланиш деб эътироф этиши ҳақида баёнот берган эди, бироқ 2000 йилги сайловларда унинг номзоди яна кўрсатилди. 2003 йилда Конституцияга ўзгартиришлар киритилди, шу жумладан президентлик ваколатлари муддати беш йилдан етти йилга оширилди ва президент сайловларини президент ваколатлари тугайдиган йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш белгиланди. Бироқ сурункасига икки муддатдан ошиқ лавозимда қолиш мумкин эмаслиги чеклови ўз кучида қолди.

Шунга қарамасдан, 2007 йилда Ислом Каримов номзоди яна бир маротаба давлат раҳбари лавозимига кўрсатилди. ЕХҲТ ДИИҲБ нинг сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссияси ўз ҳисоботида шундай ёзган эди: «Марказий сайлов комиссияси позициясига биноан, 1992 йилда Конституция қабул қилинганидан сўнг президент Каримов бир маротаба 2000 йилда сайланган, шундай қилиб Конституциянинг 90-моддасига мувофиқ қайта сайланиш ҳуқуқига эга».

МСК 2007 йилги сайловларни Ислом Каримовнинг иккинчи президентлик муддати (демак, охиргиси) деб ҳисоблаганига қарамасдан, унинг номзоди 2015 йилги сайловларда ҳам илгари сурилди. ЕХҲТ ДИИҲБ нинг чекланган миссияси ўз якуний ҳисоботида буни «қонун устуворлиги умумий тамойилининг бузилиши» деб баҳолади ва ўз тавсияларида «Конституцияга риоя қилиш шарт, ва Конституцион суд тайинланган орган сифатида Конституция нормаларини шарҳлаши керак», деб ёзган эди.

26 май куни Конституцион комиссиянинг йиғилишида ҳозиргача конституцияга ўзгартиришлар бўйича келиб тушган таклифлар 13,15, 29, 37, 40, 41, 53, 78 ва 80-моддаларга боғлиқ эканлиги айтилди. Яъни, ҳозирча 90-моддага ўзгартириш киритиш масаласи муҳокама қилингани йўқ.

Дунё бўйлаб ўнлаб мисоллар бор

Ўзбекиситон президентлик муддатини «ноллаштириш»га ҳаракат қилинган ягона давлат эмас. АҚШдаги Виржиния Университети ҳуқуқ факультети тадқиқотчилари турли хил мамлакатлардаги 60 та шундай уринишларни ўрганишди ва тизимлаштиришди.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, конституцион чекловларни четлаб ўтишнинг энг кенг тарқалган стратегияси конституцияга ўзгартириш киритиш бўлган — ўрганилган «ноллаштириш» ҳолатларининг 60% да бош қонунга ўзгартириш киритилган, уларнинг 60% муваффақиятли бўлган. 8% холатларда янги конституция қабул қилинган ва шу орқали эски конституция бўйича муддатлар ҳисобга олинмаслиги эълон қилинган («оқ қоғоз» назарияси) — уларнинг барчаси муваффақиятли кечган.

«Ноллаштириш» учун конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар турли хил бўлиши мумкин — муддатлар бўйича чекловларни олиб ташлашдан бошлаб муддатлар сони ёки муддатлар йилини ўзгартиришгача, ёки бир нечта ўзгартиришлар комбинацияси. Масалан, 2018 йилда Хитой Халқ Республикаси конституциясининг 45-моддасига киритилган ўзгартиришлар мамлакат президенти ва вице-президенти учун сурункасига фақатгина икки муддат бўйича чекловларни олиб ташлади. Ушбу ўзгартиришларни ёқлаб кўпчилик овоз берган бўлса-да, айрим танқидчилар бу «хаосга олиб келиши» ва «тарихчилар томонидан фарс деб баҳоланиши» ҳақида ўз хавотирларини билдиришган эди.

2004 йилда Беларусь президенти Александ Лукашенконинг иккинчи муддати тугашидан бир оз вақт олдин мамлакат Конституциясидан президентлик ваколатлари муддати иккита беш йиллик муддатлар билан чекланиши ҳақидаги чекловлар олиб ташланди. Лукашенконинг учинчи ва тўртинчи муддатлари молиявий инқироз фонида кечда, олтинчиси эса оммавий намойишлар билан бошланди.

«Ноллаштириш»нинг яна бир қизиқ ҳолати — конституцион чекловларга қарамасдан алоҳида шахсга қайта сайланиш ҳуқуқини бериш. Масалан, Колумбия конституциясининг 197-моддасида «президент сифатида хизмат қилган ҳар қандай фуқаро президент этиб қайта сайланиши мумкин эмас» деб белгиланганлигига қарамасдан, 2015 йилда Альваро Урибе «сўлрадикал кучлар билан курашни давом эттириш» баҳонаси билан қайта сайланиш ҳуқуқини қўлга киритди, бироқ 2010 йилда унинг учинчи муддатга қайта сайланиш уринишига рад жавоби берилган эди. Унинг президентлиги қандай кечганлиги бўйича фикрлар бир-биридан фарқ қилади, ва кейинроқ унга коррупция ва гувоҳларни оғдириб олиш бўйича айбловлар қўйилган эди.

Тожикистон конституциясининг 65-моддаси айни бир шахсга давлат раҳбари лавозимини сурункасига иккита етти йиллик муддатдан кўпроқ эгаллашни тақиқлайди. Бироқ 2016 йилда қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, ушбу чеклов Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат етакчисига тааллуқли эмас. Конституцион қонунга мувофиқ, Миллат етакчиси амалдаги президент Эмомали Раҳмон ҳисобланади.

Шунга ўхшаш истисно — иккита муддатдан кўпроқ сайланиш ҳуқуқи — Қозоғистон конституциясининг 42-моддасига кўра мамлакатнинг биринчи президенти — конституцион қонун билан Элбоши мақоми берилган Нурсултон Назарбоевга ҳам кафолатланган. Назарбоев 30 йил давомида ҳокимият тепасида бўлишга эришди, ва таҳлилчиларнинг қайд этишича, ҳаттоки ўз хоҳиши билан истеъфога чиққандан кейин ҳам мамлакат сиёсий тизими устидан сезиларли назоратни сақлаб қолган эди. Бироқ январь воқеаларидан сўнг президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан эълон қилинган ўзгартиришлар жорий қилинса, Назарбоев Элбоши мақомидан ва махсус имтиёзлардан айрилиши кутилмоқда.

2020 йил Россия конституциясига кўп сонли ўзгартиришлар киритилди, улардан бири космонавт Валентина Терешкова томонидан таклиф қилинган — Владимир Путиннинг олдинги муддатларини «ноллаштириш» ғояси бўлди. Ушбу ўзгартиришлар киритилиши билан Россиянинг амалдаги президентида 2024 йилда президентлик ваколати муддати тугагач, яна икки муддатга қайта сайланиш имконияти пайдо бўлди. Айрим таҳлилчиларнинг таъкидлашича, узоқ йиллар ҳокимият тепасида бўлганидан кейин Россия президенти атрофида «ахборот пуфаги» юзага келган, Путинга ёқмайдиган маълумот етказилмайди — ва унга реал маълумотларнинг етиб бормаслиги ўз навбатида Украинага қарши уруш бошланишининг сабабларидан бири бўлди, дейди экспертлар.

Тадқиқотчилар Угандада содир бўлган «ноллаштириш» ҳолатини ҳам эслашади: фуқаролик урушидан сўнг 1986 йилда ҳокимият тепасига келган президент Йовери Мусевени конституциядан президентлик муддати бўйича чекловни олиб ташлайди, бироқ ёш бўйича чекловларни олиб ташлашни унутади, ва қайта сайланиш имкониятига эга бўлиш учун яна конституцияни ўзгартиришига тўғри келади.

Тадқиқот муаллифлари «ноллаштириш»га йўналтирилган конституцион ислоҳотларнинг муваффақиятига қуйидаги омиллар таъсир қилишини таъкидлайди: ҳокимиятнинг давлат раҳбари қўлида тўпланганлиги даражаси ва (ёки) унинг халқ орасидаги обруйи, шунингдек конституцияга ўзгартириш киритиш жараёнининг нисбатан осонлиги.

Бироқ улар авторитар мамлакатларда раҳбарнинг халқ орасида катта обрўга эгадек туюлиши ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради: «авторитар президентлар ҳеч қачон ҳақиқатдан ҳам халқ орасида обрўга эга эканликлари ҳақида тўлиқ ишонч ҳосил қила олмайдилар, ва доимо кичик қаршилик ҳам муваффақият қозона олиши хатари мавжуд бўлади». Мисол тариқасида муаллифлар Парагвай, Буркина-Фасо ва бошқа бир нечта мамлакатлардаги омадсиз «ноллаштириш»га уринишларни келтиришади.

Тадқиқот муаллифлари қайд этганидек, президентлик ва ярим президентлик шаклидаги мамлакатларда президентлик ваколати муддатлари бўйича чекловлар демократик конституцион тизимни ҳимоя қилиш учун керак: «ҳокимият тепасида жуда узоқ вақт қолган раҳбарлар давлатнинг бошқа назорат қилувчи органларига жуда катта таъсир ўтказишни бошлайдилар».

Умуман олганда, тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, қизиқ парадокс кузатилади: ваколатлар муддатлари бўйича чекловларга риоя қилинадиган режимлар алоҳида шахсларни маълум муддатдан сўнг истеъфога чиқишга мажбур қилишига қарамасдан бошқа режимларга нисбатан мустаҳкамроқ бўлади. Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича олдинги мақоламда ҳокимиятнинг алмашинув институти ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жараёнлар учун муҳим эканлиги ҳақида ёзган бошқа тадқиқотларни ҳам келтириб ўтгандим.

Ўтмишдаги тажрибани инобатга олиб, Конституцион суд қуйидаги саволга аниқ ва юридик жиҳатдан асосланган жавоб бериши лозим: ислоҳотлар давомида 90-модда ўзгаришсиз қолган тақдирда ҳам амалдаги конституцион ислоҳот «ноллаштириш»га олиб келадими? Ушбу саволга жавоб нафақат мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти кўз олдидаги имиджи ва турли хил халқаро рейтинглардаги ўрнимизга, балки давлатимизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш йўлига ҳам таъсир қилади.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.