Абдусаттаров Тулкин Сайфуллаевич президент қарорига мувофиқ адлия вазири ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди Адлия вазирининг матбуот котиби Севара Ўринбоева.

Тулкин Абдусаттаров (1978 й. т.) Самарқанд давлат университети (1999 й.), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (2003 й.), Ўзбекистон миллий университетини (2007 й.) тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.

У ўз меҳнат фаолиятини 2003 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси фалсафа ва ҳуқуқ институти кичик илмий ходими лавозимидан бошлаган.

2019 йил сентябрь ойидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозимида фаолият юритиб келган. Унга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси лавозимида фаолият юритган.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Тулкин Абдусаттаров вазир ўринбосари сифатида Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини назорат қилади.