Бугунги кунда давлат мамурий тизим, илгариги даврларга нисбатан фарқли ўлароқ, нафақат бошқарув, балки фуқаролар ва бизнесга хизмат кўрсатиш маркази сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 24 май куни «Инсон қадри» онлайн платформаси тақдимотига бағишланган тадбирда айтиб ўтди.

«Хокимиятлар қай даражада ушбу талабга жавоб бермоқда деган саволни биринчи навбатда халқ вакиллари бермоғи лозим… Олдимизда турган улкан мақсадларга эришиш учун вакиллик органининг роли минтақаларда ҳам ортиб бориши керак. Бугун мамлакатимизда барча даражадаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга қарийб 6,5 минг депутат сайланган. Бу катта куч», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, янги вазифалардан бири — мансабдор раҳбарларни лавозимга тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этиш ва уларнинг фаолиятига баҳо беришдир. «Бу вакиллик органи мавқеини янги поғонага кўтариш омили бўлиши муқаррар», — деди у.

Таъкидланишича, аҳолини қийнаётган муаммоларни парламент усуллари билан ҳал этишнинг самарали тизимини яратиш лозим.

«Олдимизда турган ўта долзарб ва мураккаб вазифа — қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишни бутунлай янгича ташкил этишдан иборат. Асосий эътиборни қонунлар халқ манфаатини қанчалик ифода этишига қаратиш керак. Қонунни қабул қилишда соҳа мутахассиси даражасида билимга эга бўлиш, етук экспертлар фикрига таяниш лозим», — деди сенатор.

Демак парламентнинг аналитик салоҳиятини мустаҳкамлаш — энг долзарб масалалардан бири.

«Ҳар бир қонунни қабул қилишда унинг келгусида ишлашини таъминлайдиган механизм ҳақида аниқ тассавурга эга бўлиш даркор. Тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш амалиётини кенг жорий этиш вақти келди деб ўйлайман», — деди Содиқ Сафоев.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда парламент назорати ўз эътиборини қаратмайдиган соҳа қолмади.

«Илгари хавфсизлик, ташқи сиёсат масалалари тўлалигича ижро ҳокимиятининг мутлақ ваколати эди. Эндиликда эса парламент иштирокисиз бу соҳалардаги фаолият самарили бўлиши мумкин эмас. Президентимиз урғу бериб қайд этганидек, Янги Уйғониш даври ҳақида гапирар эканмиз, унинг ҳал қилувчи омилларидан бири — бу дунёга очиқлик ва ташқи алоқаларнинг кенг қамровлигидир», — деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Ўтган ислоҳотлар йилларида, мамлакатнинг янгиланган ташқи сиёсатини шакллантириш ва рўёбга чиқариш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

«Шу билан бирга, минтақамиз ва бутун дунёда вазият шиддат билан ўзгариб бормоқда, — деди сенатор. — Бу эса ташқи сиёсатимизнинг мутаносиб равишда такомиллаштирувини тақазо этади. Минтақадаги мавжуд ижобий тенденцияни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш жараёни доимий хусусий касб этишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга».

Дипломатияда экология энг муҳим устуворлик касб этиши керак. Унинг моҳияти атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва жаҳон ҳамда минтақанинг кескинлашиб бораётган экологик муаммоларини ҳал этишда халқаро ташаббусларни илгари суриш ва кўп томонлама дастурларни амалга оширишдан иборат, дея қўшимча қилди Содиқ Сафоев.

Аввалроқ, айнан ушбу йиғилишда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ислоҳотлар буйруқ билан мувафақиятли амалга оширилиши мушкуллиги ва туб ўзгаришлар аҳоли уларни чуқур ва тўла англашига боғлиқлигини таъкидлаганди. «Тараққиётни таъминловчи тизимли механизмлар ичида энг муҳими — ҳокимиятнинг уч тармоғи ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизимини такомиллаштиришдан иборат», — деди у. Сенатор шунингдек, давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.

Бундан ташқари, Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов Асосий қонун ислоҳоти заруратини Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»га таяниб асослантиришга ҳаракат қилгани ҳақида ёзганди. «Ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди», — деди у.