Тиббий суғуртани жорий қилиш муҳимлигини таъкидлаган президент, Жаҳон банки ва Ўзбекистон ўртасидаги янги битимлар, метрода иш соатларининг ўзгариши, ҳокимнинг маҳфий қарори сабабли товон пули ололмаган тадбиркор ҳамда пойтахт ҳокимининг ўринбосари маҳалла раисига нисбатан куч ишлатгани — «Газета.uz»нинг 18 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Сешанба кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев тиббий суғурта бўйича Сирдарё тажрибасини тезроқ бутун республикада ҳаётга тадбиқ этиш зарурлигини қайд этди. Бундан ташқари, жарроҳлик амалиётини талаб этмайдиган юрак қон-томир, ошқозон-ичак, нафас йўллари, тери касалликларига диагноз қўйиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини туманларда амалга ошириш кераклиги айтилди.
1 августга қадар Сирдарёдаги, 1 ноябргача эса Тошкент шаҳридаги барча поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилмоқда. Гулистондаги оилавий поликлиникани тажриба доирасида хусусий шерикликка бериш кўзланмоқда.
Президент тиббиёт соҳасига бағишланган видеоселекторда республикадан ажратилаётган маблағлар тўғри сарфланмаётганини танқид қилди. «Бепул тиббиёт йўқ, ҳаммаёқда коррупция деяпти одамлар», — деди у. Қолаверса, давлат раҳбари соҳада ўзгариш қилиш шарт бўлган 5 та йўналишни белгилаб берган.
Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифида Андижон вилоятидан ноябрь ойида даволаниш учун келган 11-синф ўқувчиси Розия Бозорбоева билан учрашди. Президент Розиянинг Андижон тиббиёт институтига кириш орзусига жавобан «Андижон тиббиёт институтига бугун кирди!» дея таъкидлади.
Ўзбекистон президент Қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаевни таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақият тилади.
Президент шу ҳафта Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида қатнашади. Қолаверса, Қозоғистон президенти билан телефонда мулоқот қилиш ҳамда Жаҳон банки президентининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Анна Бьерде билан учрашувлар ҳам режада бор.
«Фаластин ва Исроилдаги воқеалар, Ал-ақсо масжиди атрофидаги ҳаракатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ҳар қандай масала бир стол атрофида ўтириб, муроса қилинсагина ҳал бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев. Президент шунингдек, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқаётганидан келиб чиқиб, ушбу мамлакатда тинчликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи якунида ҳадли меморандумлар ўрнига, аниқ вазифаларни ўзида мужассам этган ўзаро англашув келишувлари имзоланади. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда давлат раҳбари мутасаддиларга битимларни молиялаштириш манбалари, ижрочи ва аниқ муддатларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганини таъкидлади.
Президентнинг июнь ойининг биринчи ярмида Тожикистонга ташрифи кутилмоқда. Қўшни давлат ОАВларининг ёзишича, икки мамлакат етакчилари Хўжандда Сўғд ва унга чегарадош ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда музокаралар олиб бориши режа қилинмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ артисти, атоқли режиссёр, Баҳодир Йўлдошевнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Санъаткор 2009 йилда «Дийдор» ёшлар экспериментал театр-студиясини ташкил этиб, умрининг охирига қадар унга раҳбарлик қилиб келди. Ушбу студия фаолияти орқали кўплаб иқтидорли ёшларни кашф этди.
Доминика Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган 137-мамлакат бўлди. Нью-Йоркда икки мамлакат вакиллари қўшма баёнотга имзо чекди.
Тошкентда ўтказиладиган тажриба доирасида бўш турган биноларнинг эгаларига пеня жорий этиш режалаштирилмоқда. Гап олти ой мобайнида мол-мулкдан фойдаланилмаган ёки ижарага берилмаган тақдирда пеня ҳисоблаш ҳақида кетмоқда. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар кредит олганидан кўра, ижарага бино олиб, ўз фаолиятларини бошлагани маъқул деб ҳисоблайди.
Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея тажрибаси асосида Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида Республика онкология марказининг янги биноларини барпо этиш бўйича топшириқ берди. Ҳар бир ҳудудга мобиль маммографлар ва позитрон-эмиссион томографлар етказиб берилиши қайд этилди. Саратон касалликларини эрта аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилиб, махсус онкомаркерлар текширувлари йўлга қўйилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан келган Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини муборакбод этди ва қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги воқеалар, қолаверса, қирғиз-ўзбек давлат чегарасидаги қолган участкаларни ҳуқуқий рўйхатга олиш масалаларини муҳокама қилишди.
Чоршанба куни президент қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқарони афв этишга оид фармонни қабул қилди. Улар орасида чет эл фуқаролари, 60 ёшдан ошган эркаклар, аёллар ҳамда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар бор.
Чоршанба куни телефон орқали мулоқотда президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған бир-бирларини Рамазон ҳайити билан табриклашди. Қолаверса, улар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар «Марказий Осиё + Япония» форматидаги амалий ҳамкорликни муҳокама қилишди. Суҳбат сўнгида Шавкат Мирзиеёв Ёсехидэ Сугани Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Президент видеоселекторда гўшт ва ўсимлик ёғининг нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши кераклигини таъкидлади. «Озиқ-овқатнинг уч ойлик захираси ҳар бир ҳудудда бўлиши шарт», — деди у. Қолаверса, ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари камайиши уларнинг нархи ошишига олиб келгани айтилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг