Шавкат Мирзиёев чоршанба кунги видеоселектор йиғилишида вазирларнинг янги иш тартибини маълум қилди. Вазирлар иш кунларини Тошкентда эмас, вилоятларда ўтказиши керак бўлади, дея президентнинг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

«Вазирлар душанба куни бош вазир билан йиғилиш ўтказиб, ҳисоботларини беради, хафта учун иш режасини тузиб олади ва вилоятларга кетади… Вазирлар фақат шанба ва якшанба кунлари Тошкентда бўлишади. Якшанба куни уйда бўлади, яхшилаб дам олиб, бола ва невараларни ўқитиб, душанбадан яна ҳудудларга кетишади. Агар ҳафта ўртасида бирорта вазирни Тошкентда кўрсам, ишдан оламан», — деди давлат раҳбари.

«Вазир республикага хизмат қилади, Тошкентни қоровуллаб ўтирмайди», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Олдинроқ «Газета.uz» президент Давлат дастури пунктларини бажармаган давлат органлари раҳбарлари ишдан олинишини айтганлиги ҳақида хабар берган эди.