22 йил муқаддам, 1999 йил 16 февраль куни эрталаб Тошкентда бир соат ичида бир қатор кучли портлашлар содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 13 киши вафот этди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди. Ўша куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов терактни унинг ҳаётига суиқасд қилишга уриниш деб атади ҳамда ҳодисада диний экстремистлар ва ақидапарастларни айблади.

Беш портлашдан бири Мустақиллик майдонидаги Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида мамлакатни ўтган йилги ривожланиш натижаларига бағишланган ҳамда давлат раҳбари иштирок этиши керак бўлган ҳукумат йиғилиши бошланишидан олдин содир этилган. «Газета.uz» ўша куни содир бўлган воқеаларни эслайди.

Биринчи портлаш соат 10:40 да Юсуф Хос Хожиб кўчасида Ички ишлар вазирлиги яқинида содир бўлган, у ерда портловчи моддалар билан тўлдирилган ЗАЗ-968М русумли автомашина портлаган, деб ёзади тадқиқотчи Леонид Левитин «Ўзбекистон: ўзгаришлар вақти» китобида тергов материалларига таяниб.

Фото: ИИББ шон-шараф музейи.

Навбатдаги портлаш соат 10:55 да Шараф Рашидов шоҳ кўчасида, Мустақиллик майдони метроси ва Вазирлар Маҳкамаси биноларидан бирига бевосита яқин жойда содир бўлди. Фотосуратларда парчаланиб кетган «Волга» тасвирланган.

Фото: ИИББ шон-шараф музейи.


Фото: ИИББ шон-шараф музейи.

Учинчи портлаш соат 10:58 да ҳукумат мажлиси бўлиб ўтиши керак бўлган Вазирлар Маҳкамасининг асосий биносига кириш жойи яқинида содир бўлган — «ГАЗ-21» портлаган. Бунгача бу ерда отишма ҳам бўлган.

Фото: Ислом Каримов жамғармаси.

Тўртинчи портлаш соат 11:20 да Тошкентдаги энг баланд бино — Ўзбекистон Миллий банки ёнида содир бўлган — «ВАЗ» портлаган. Портлаш натижасида банк биноси ва унга яқин кўплаб биноларнинг деразалари синган.

Фото: ИИББ шон-шараф музейи.

Фото: ИИББ шон-шараф музейи.

Бу пайтда Ислом Каримов Мустақиллик майдонида баёнот бераётган эди. У аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирди ва шундай деди: «Бизнинг тартибни тиклаш, керак бўлса, бу ярамасларнинг қўлларини кесиб ташлаш учун кучимиз етарли».

Бешинчи портлаш соат 12:00 да Яккасарой тумани Абдуллоҳ Каҳҳар кўчасидаги хусусий уйда содир бўлган.

Фото: ИИББ шон-шараф музейи.

Ўша куни ҳукумат йиғилиши барибир бўлиб ўтди. Мажлис Қонунчилик палатаси биносига кўчирилди ва Ислом Каримов унда сўзга чиқди.

«Менга ўхшаган одамни ўзгартириб бўлмайди. Одамлар ҳар хил бўлади. Баъзиларига ишониш мумкин, айримлари қўрқитиш ва баъзиларини йўлдан қайтариш мумкин. Мени ўзгартириш мумкин эмас. Мен шундай одамман… Бу дунёни, бу фаровонликни, эртанги кунимизни ҳимоя қилиш учун жонимни беришга тайёрман. Бу шунчаки сўзлар эмас. Бу сўзлар юрагимдан чиқмоқда… Биз ёшларимизни ҳеч кимнинг қўлига бермаймиз. Биз ёшларимизни ҳимоя қиламиз. Нима учун мен фарзандларимаримни ёвуз фикрли бу мутаассибларнинг қўлига беришим керак? Мен Ўзбекистонда яшаётган миллион-миллион ёшларни ўз фарзандларим деб биламан. Бегуноҳ одамлар вафот этди. Нега?! «- деди биринчи президент.

Диққат: қуйидаги видеода портлашлар оқибатлари акс этган кадрлар мавжуд.

Видео: Ислом Каримов жамғармаси.

Ислом Каримов терактлар тўғрисида

Бир неча кундан кейин, 19 февраль куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари саммитидан кейинги матбуот анжуманида Ислом Каримов журналистларга террористик ҳужумлар ҳақида гапириб берди.

«16 февраль куни Тошкентда содир бўлган террористик ҳужумлар, мен жавобни уч қисм, уч бўлимга ажратмоқчиман. Ушбу ҳужумлар биринчи навбатда олиб ташлашга қаратилган эди… Мен бу ибораларни ишлатишни хоҳламайман, лекин, авваламбор, президентни йўқ қилиш учун. Хуллас, янада қўполроқ қилиб айтганда, президентни ўлдирига.

Чунки содир бўлган портлашлар… Мен сизга биринчи манбалардан айтаяпман… бешта портлаш бўлган. Портловчи моддалар билан тўлдирилган бешта машина портлатилди. Олтинчи портлаш детонация туфайли содир бўлган, чунки яқинида яна бир машина бўлган, портлашнинг улкан кучи туфайли у ҳам портлаган. Энг асосий портлаш Вазирлар Маҳкамаси биносининг кириш қисмида содир бўлган… Бу бино жуда катта, олти қаватли, ҳисоблаб кўринг, ертўла қисми билан етти қаватли бино. Бу 1968 йилда қурилган ва фойдаланишга топширилган бетон иншоот. У жуда ҳам мустаҳкам бино, уни осонгина чайқаш, тебратиб бўлмайди. Шунинг учун асосий портлаш у ерда содир бўлди.

60-йилда чиқарилган «ГАЗ-21» автомобили соат 10:50 да Вазирлар Маҳкамаси, ҳукумат биноси эшиги яқинига келган… Бинонинг марказий кириш қисмида машина тўхтатилган, иккита йигит тушган ва автомашинанинг двигатели бузилгандек бўлиб, юкхонани очган ва тез-тез бу машинадан узоқлашишни бошлади. Яқинда турган соқчилар, нохушликни сезиб, уларнинг ортидан боришган. Улар марказий Мустақиллик майдони ўртасидан иккита автоматни чиқариб, отишни бошлашган. Албатта, қурбонлар бўлган. Аммо ҳали портлаш бўлмаган эди.

Асосий портлаш эмас, балки аввалги портлаш узоқ бўлмаган жойда, тахминан 200 метр масофада, пастда, «Искра» кинотеатри яқинида содир бўлган. У қадар кучли эмас, лекин портлаш чалғитувчи эди. Аслида, биттасидан ташқари бешта портлаш ҳам чалғитувчи бўлган. Ҳукумат биносининг кириш қисмида содир бўлган асосий портлаш, мен йиғилишга машинада боришимга мўлжаллаб ҳисоблаб чиқилган. Йиғилиш соат 11:00 га белгиланган эди, яъни бу учрашув бошланишидан бир неча дақиқа олдин содир бўлган. Мен одатда 15, 10 дақиқада етиб бораман. Ва ўша куни, тасодифан, Аллоҳ мени қутқаргандир, мен бироз кечроқ чиқдим.

Видеодан лавҳа. Манба: Ислом Каримов жамғармаси.

Бу пайтда, юкхонаси очиқ турган машина аллақачон бино ёнида турган эди ва аллақачон, айтилганидек, отишма бошланганда, бу иккиси кетишни бошлаганда, бизнинг соқчиларимиз дарҳол машина нима биландир тўлдирилганлигини сезишди. Ушбу машина ҳукумат биносининг марказий кириш қисмида шунчаки тўхтаб турмаганини. Мен эса аллақачон яқинлашаётган эдим, 150−160 метр қолганди. Соқчимиз Рустам Ходжаев, қўриқлаш бошлиғи, у менинг ҳаётимни қутқариб қолди. У олдинга отилди, ишоралар берди, машинани тўхтатиш учун бақирди. Машина тўхтади, ҳақиқатан ҳам, машинамиз тўхтаган жойдан 150, балки бир оз кўпроқ, 200 метр масофадаги жойда портлаш содир бўлди. Тахминан 3−4 сонияда машиналар тенглашиши ва ўша пайтда портлар содир бўлиши керак эди.

Экспертлар эса ушбу портлашларнинг барчаси масофадан бошқариш пулти ёрдамида содир этилганини таъкидлашади. Кимдир шу яқин атрофда турган ва бизнинг машина, менинг машинам қаергадир яқинлашган сонияларни кутган ҳамда шундай портлаш содир бўлиши керак эдики, ўша машинанинг парчалари 500 метр масофага сочилиб кетсин. На машинанинг рақами, на бошқа нарсани йиғиб олишнинг иложи бўлмади ҳали, чунки портлаш жуда кучли бўлган эди. Мана сизга нима содир бўлгани. Қолган барча портлашлар, такрорлайман, чалғитувчи бўлган.

Видеодан лавҳа. Манба: Ислом Каримов жамғармаси.

Портловчи моддалар тўпланган жой бизга маълум, бу ерда ушбу ҳодисага ҳам тайёргарлик кўрилган. Охирги портлаш уй эгаларидан ижарага олинган уйда содир бўлган, бу эски ўзбек биноси, миллий иншоот, ҳовли. Ва портлаш асосий портлашдан роппа-роса 40 дақиқа ўтгач содир бўлди ва изларни йўқотганлар барча қолдиқларни, улар динамитни йиққан омборхона, гаражларни портлатиб юборгани кўриниб турибди. Мана сизга ҳодисалар.

Мен нима учун сизга батафсил айтиб бераяпман — бу биринчи қўлдан. Ҳозир ким у ерда нима қилди ва кимни қўрқитмоқчи эди ва қандай мақсадни кўзлашгани ҳақидаги ҳар хил миш-мишлар, турли тўқималарни ёзадиган ақллилар кўп.

МХХнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятов (чапда), Ислом Каримов ва собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов (ўнгда) Тошкентдаги портлаш жойида. Очиқ манбалардан олинган фотосуратлар.

Иккинчи савол: ушбу портлашни ким амалга оширган. Портлашлар ижрочилари диний экстремистлар ва ақидапарастлар бўлганлигини мутлақо масъулият билан эълон қила оламан. Худди Исроилда, бошқа минтақаларда ҳам портлатаётганлар. Биз буни аниқ биламиз, бизда аллақачон портлашлар ижрочилари диний мутаассиблар бўлган деган муайян калаванинг учи мавжуд. Шунчаликки, қочиб кетаётган икки киши, улар бақириб, биласизми, одатда, «Аллоҳу акбар», дейишган…

Саволнинг учинчи қисми — энг қийини: бу портлаш ортида ким турган? Бу ҳақда ҳозирча сизга ҳеч нарса дея олмайман".

Видео: Ислом Каримов жамғармаси.

Тошкент ИИББ Шон-шараф музейида тақдим этилаётган расмий маълумотларга кўра, портлашлар натижасида 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳат олган. Ички ишлар органларининг 3 ходими тан жароҳати олишган, улардан бири вафот этган.

Халқаро Амнистия маълумотларига кўра, портлашларга алоқадорликда айбланиб 22 киши суд қилинган, шулардан 6 нафари ўлимга ҳукм этилган.

Видео: Ислом Каримов жамғармаси.

«Газета.uz» тақдим этган фотосуратлари учун Тошкент ИИББ Шон-шараф музейига миннатдорчилик билдиради.