Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров, ТДПУнинг Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Валерий Хан ва Маданият вазирлигининг Инвестицияларни жалб қилиш ва маданий туризмни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Гуласалхон Саидмавлонова «ақл марказлари» нима ва улар ривожланган мамлакатларда қандай роль ўйнаши ҳақида мақола ёзишди.

«Ақл марказлари» нима учун керак бўлди?

Биз рақамли инқилоблар ва янги дунё тартиби қурилаётган, янги муаммолар ва таҳдидлар пайдо бўлаётган даврда яшаяпмиз. Дунё тобора мавҳумлашиб бўлиб бормоқда. Бу глобал таъсир кўрсатувчи масалаларга, масалан, COVID-19 оқибатлари ёки Қўшма Штатлардаги маъмуриятнинг ўзгаришига ва ҳар бир инсон учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган саволларга ҳам тегишли: 10 йилдан сўнг бугунги кунда долзарб бўлган касблар керак бўладими? Ким ишончли ва аниқ жавоб беради олади?

Амалдаги ҳукуматлар, корпорациялар, партиялар ва сиёсатчилар маълумотларнинг қор кўчкиси каби кўпайиб бориши сабабли тез ва бир вақтнинг ўзида самарали қарор қабул қила олмайдилар. Давлат арбоблари, сиёсатчилар ва сиёсий партиялар ҳақида гап кетганда, улар жуда кўп вақтни талаб қилиши мумкин бўлган чуқур ва пухта таҳлил қилиш зарурияти ҳамда ахборот ва воқеаларга ҳар куни тезкор жавоб қайтариш зарурияти «истеъмол қайчиси» ўртасида турадилар.

Сиёсатчилар ўз фаолиятини қурадиган вақт оралиғи сайлов муддати билан белгиланади; бошқача қилиб айтганда — кейинги сайлов кампаниясигача. 2003 йилда Герхард Шредернинг канцлерлик идораси режалаштириш бўлимининг собиқ раҳбари Волфганг Новак сиёсатда «келажакка йўналтирилган фикрлашнинг қашшоқлашуви» ҳақида гапирган эди.

Турли даражадаги давлат ва сиёсий тузилмалар мақбул сиёсий қарорларни қабул қилиш ва мутахассисларнинг илмий асосланган тавсиялари асосида узоқ муддатли фаолият кўрсатмаларини излаш учун тобора кўпроқ «фикрлар фабрикаси»га (think tanks) мурожаат қилишмоқда. Бугунги кунда, ҳатто ҳукуматлар ҳам ўзларининг маъмуриятларининг иқтисодий башоратларига эмас, think tanks тавсияларига суянадилар. Бунда сайёрамизнинг ақл марказлари мамлакат, сиёсий партиялар ва жамоатчилик учун ғоялар таъминотчисидирлар.

«Think tanks» («ақл марказлари», «ақл трестлари», «фикрлар фабрикалари») — бу хусусий манбалар ёки давлат ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган, амалиётга йўналтирилган эксперт-таҳлилий институтлар ва марказлар бўлиб, уларнинг асосий вазифалари тадқиқот, далилларга асосланган шарҳлар, муайян ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик мавзулар ҳамда лойиҳалар бўйича тавсиялар ва таҳлиллардир.

Энг кучли ақл марказлари саноати ривожланган мамлакатларда жойлашган. Уларнинг ёрдами билан ушбу мамлакатларнинг ривожланиши энг яхши траекториялар бўйича амалга оширилади. Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатларида 7000 га яқин ақл марказлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти АҚШ, Ғарбий Европа, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Японияда жойлашган.

Ақл марказлари жамиятдаги жараёнларга ва давлатнинг сиёсий тузилмаларига бевосита таъсир кўрсатишидан келиб чиқиб, эксперт ва таҳлил марказлари соҳасидаги етакчи эксперт Жеймс Макганн уларни сиёсий қарорларни қабул қилишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонунчилик, ижро этувчи, суд ҳокимияти ва ОАВдан кейин «бешинчи ҳокимият»га тенглаштиради.

Нега бўлмасин? Агар йигирманчи асрнинг иккинчи ярми ва ҳозирги асрни оладиган бўлсак, унда глобал ва маҳаллий кўплаб муҳим сиёсий қарорлар ортида ақл марказлари турибди. Қўшма Штатлардаги замонавий сиёсий адабиётга мурожаат қилишнинг ўзи кифоя: унда сиз у ёки бу Америка маъмурияти қарорлари қандай тайёрлангани жараёни ва бунда таҳлил марказлари қандай роль ўйнаган, сиёсатда, иқтисодиётда ва халқаро майдонда қандай оқибатларга олиб келгани билан деярли қадам-бақадам танишасиз.

Битта бош яхши, бир нечта эса — яхшироқ

«Ақл маркази» атамаси биринчи бўлиб 19−20-асрларнинг бошларида «мия» сўзи учун британча жаргон сифатида пайдо бўлган. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида у Қўшма Штатларнинг ҳарбий жаргонига кириб, «фикрлаш учун ҳимояланган хоналар» («танклар» сўзининг келиб чиқиши ҳам шундан) деган маънони англатган, унда генераллар ва фуқаролик мутахассислари, душман жосусларидан герметик ҳимояланган ҳолда ҳарбий ҳаракатларни тинчгина муҳокама қилишлари ва тегишли қарорлар қабул қилишлари мумкин бўлган.

Кейинчалик, ушбу атаманинг мазмуни бутунлай ўзгартирилди. Гап бугун ҳеч ким танкларда ўтирмаслигида ҳам эмас. Иккинчи жаҳон урушидан фарқли ўлароқ, замонавий таҳлил марказлари қарор қабул қилмайди. Уларда мумкин бўлган ечимлар ва уларнинг оқибатлари ишлаб чиқилади, таҳлил қилинади ва баҳоланади. Бу қарор қабул қилиш марказлари эмас, балки таҳлил марказларидир.

Фақатгина 50 йилларнинг охирига келиб, ушбу атама ижтимоий аҳамиятга эга (сиёсий, иқтисодий ва ҳ.к.) муаммоларни ҳал қилиш учун маслаҳат ва ғоялар берадиган интизомлараро тузилишга эга илмий-тадқиқот муассасалари ёки мутахассислар гуруҳларини билдирувчи тушунча сифатида ишлатила бошланди.

«Ақл марказлари» пайдо бўлишидан олдин уларнинг замонавий кўринишида идоравий кенгашлар, сиёсий ва иқтисодий маслаҳатчилар, ҳукуматлар ҳузуридаги ахборот-таҳлил марказлари ва бошқалар мавжуд эди. Улар томонидан берилган консультациялар ёпиқ маърузалар шаклида тақдим этилган (улар бугун ҳам ХДФУ шаклида мавжуд: хизмат доирасида фойдаланиш учун).

Хизмат доирасида фойдаланиш учун — мансабдор шахслар учун маълумот. Хўш, нима учун буни халқ билмаслиги керак?

Бироқ, ҳукумат қошидаги таҳлил марказлари жиддий камчиликка эга эдилар: ҳукумат ҳаракатларига яширинмаган содиқлик, амалдаги сиёсатни танқидий тушунишнинг паст даражаси ва бунинг натижасида чекланган тавсиялар тўплами (уларда ушбу сиёсатни тубдан ўзгартириш учун тавсиялар принципиал берилмас эди).

Эртами-кечми дунёнинг барча мамлакатларида бундай тавсиялар ФИКининг (фойдали иш коэффициенти) пастлиги ҳар қандай қарор ва ҳар қандай сиёсатни танқидий баҳолашга қодир бўлган кучли интеллектуал салоҳиятга эга мустақил марказларни яратиш заруриятини келтириб чиқарарди. Аниқ ташхис, манфаатлардан қатъий назар, қимматлашди ва унга бўлган талаб кучайди. Бу худди тиббиётда бўлгани каби: аниқ ва тўғри ташхис бўлмаса (қандай бўлишидан қатъий назар), тўғри муолажа ҳам бўлмайди ва демакки, тузалиш ҳам бўлмайди.

Ҳукумат қарорларини баҳолаш учун буюртмачилар нафақат молия компаниялари ва мухолифатдаги сиёсий партиялар, балки ҳукумат тузилмаларининг ўзи ҳам бўлиб, нафақат уларнинг сиёсатини қўллаб-қувватлаш, балки уларни танқидий таҳлил қилиш учун ҳам хизмат қилишган. Шундай қилиб, ҳукуматнинг ўзи ўз фаолиятининг бетараф таҳлилини буюртма қилиб, ўзига қарама-қаршилик яратарди.

Бу давлат органлари бекинмачоқ ёки сукут сақлаш ўйнамайдиган, аммо жамият олдидаги масъулиятини ҳиқ силадиган демократик жамиятда бўлиши мумкин ва ҳатто зарур бўлиб қолди. Албатта, ривожланган мамлакатларда ҳам бу каби марказлар идеал эмас — корпорациялар, ўзларининг фаровонликлари жамоатчилик фаровонлигидан муҳимроқ бўлган сиёсатчилар ва давлат арбоблари бор, улар ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни оммадан яширишади, аммо шунинг учун ҳам жамоатчилик муаммоларини кўтарувчи ва очиқ гапирувчи «ақл марказлари» мавжуд.

Тhink tanks соф академик институтлардан фарқли ўлароқ, илм-фан ва жамиятни бир-бирига боғлаб туради ёки Қўшма Штатлардаги «ақл марказлари» ҳақидаги китобда таъкидланганидек, «Ушбу муассасалар кўпинча давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги сиёсатни аниқлаштирувчи ҳамжамият ва академик ҳамжамият орасидаги кўприк вазифасини бажаради. Улар амалий ва асосий тадқиқотларни сиёсатчилар ва жамоатчилик учун тушунарли, ишончли бўлган тилга таржима қилувчи мустақил овоз сифатида жамоат манфаатларига хизмат қилади».

Мустақил эксперт-таҳлил марказларининг пайдо бўлишига, шунингдек, ёпиқ тавсия берувчи идоравий марказлар сабабли муҳим маълумотларнинг бошқа бўлимларга, жамоатчиликка етказилмаслиги, ёпиқ ҳолда қолишига олиб келганлиги ҳам туртки бўлди ва бу жамият учун жиддий оқибатларга олиб келди.

Вақт ўтиши билан «ақл марказлари» сиёсий элитанинг тегирмонига айланди. Кўплаб таҳлилчилар етакчи сиёсатчиларга, президент маъмуриятининг масъул аъзоларига, ва аксинча, кўплаб сиёсатчилар иш фаолиятларининг сўнгида профессорлар, маслаҳатчилар ва етакчи ақл марказларининг фахрий аъзоларига айланишди.

Бизда «ақл марказлари» борми?

Узоқ вақт давомида мамлакатда аналитика (таҳлил)нинг ҳолати айтарли яхши эмас эди. Бунга таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш даражаси, очиқ ёки ёпиқ цензура, тақиқланган мавзуларнинг мавжудлиги, нашрлар устидан назорат, олдиндан белгилаб қўйилган тадқиқотлар ва амалдаги ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлашга йўналтирилганлик, хорижий ташкилотлар билан алоқаларнинг чекланганлиги, юқори ҳокимият органлари олдида ҳисобдорлик, ишончли эмпирик маълумотларнинг етишмаслиги, иш ҳақининг пастлиги, ходимлар алмашинуви ва ақлий салоҳиятнинг етишмаслиги ўз таъсирини кўрсатди.

Дунё миқёсидаги ақл марказларининг энг нуфузли рейтингларини тузувчи Пенсильвания университети дастури (The Global Go-To Think Tanks Index) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда think tanks деб тан олинган 12 та таҳлил марказлари мавжуд.

Булар давлат ташкилотлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (ISRS), Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CER), Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик ва парламент тадқиқотлари институти, стратегик таҳлил ва прогнозлаш олий мактаби, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази (собиқ Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти — ФЖШМҚМИ), «Сиёсий тадқиқотлар маркази» (CPS), «Тараққиёт стратегияси» маркази, «Таҳлил» ижтимоий тадқиқотлар маркази, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари — Иқтисодий ривожланишни тарғиб қилиш маркази (CED), «Билимлар карвони», «Ма'no» тадқиқот ташаббуслари маркази ва бошқалар.

Ушбу марказларнинг ҳеч бири, 2019 йил таҳлилларига кўра, дунёнинг энг яхши 175 та таҳлил марказига ёки АҚШ ташқарисидаги энг яхши 155 та марказнинг рейтингига кирмаган. Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидаги энг яхши марказларнинг рўйхатига 63та ташкилот кирди. Рўйхатга Ўзбекистондан атиги 4 та марказ кирган: CER (10), CPS (22), ISRS (26), Таҳлил Ижтимоий тадқиқотлар маркази (33).

2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг «Тараққиёт стратегияси» маркази «2017 йилнинг энг яхши янги ақл маркази» номинацияси бўйича энг яхши элликталикка кирди.

Қандай қилиб яхши томонга ўзгариш мумкин?

Бизда таҳлил марказлари бор ва уларнинг сони кўпайиши мумкин, айниқса, мамлакат президенти ақл марказларига урғу берганидан сўнг. Аммо уларнинг сифати таъминланадими? Бизнинг марказларимизнинг халқаро рейтингда кўтарилишларига, пировардида, мамлакатнинг ахборот-таҳлилий маконида ўз ўрнини эгаллашига тўсқинлик қилувчи бир қатор тўсиқлар мавжуд.

Биринчиси, қонунчиликнинг номукаммаллиги. Бизда «ақл марказлари» учун алоҳида қонунчилик базаси мавжуд эмас. Таҳлилий маслаҳат соҳасида ижтимоий илмий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш зарур.

Замонавий дунёда рақамлаштириш ва кичик шаҳарлар ҳамда ҳудудларнинг (вилоятларнинг, туманларнинг) ривожланиши таъсири остида йирик «ақл аждарлари»дан мобиллик билан мини-фикрлаш марказларига ўтиш тенденцияси мавжуд. Шунинг учун, улар тобора кўпайиб бормоқда.

Иккинчидан, бизнинг «ақл марказларимиз»нинг аксарияти давлат томонидан таъсис этилган. ФЖШМҚМИ сингари ўзини мустақил деб биладиганлар ҳам аслида давлат тузилмалари ва давлат томонидан таъсис этилади. Шунинг учун мавжуд муаммоларга нисбатан уларнинг таҳлили ва тавсиялари давлатнинг қарашларидан ташқарига чиқмайди.

Бизда сиёсий партиялар ҳузурида «ақл марказлари» йўқ, аммо бу бутун дунёда одатий ҳолдир. Партиялар ўз стратегияларини қандай тузишмоқда, ижроия ҳокимияти фаолиятига, мамлакат сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги муҳим воқеаларга муносабати қандай?

2 февраль куни мамлакат президенти сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувда партияларни ва мамлакат парламентини паст ташаббускорлиги, «номига» ишлашнинг расмий тус олганлиги ва сиёсий партияларнинг ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро алоқаси паст даражада эканлиги учун танқид қилгани бежиз эмас. Шу ўринда бир масала кўратилган эди: «Наҳотки, ислоҳотларни амалга ошириш учун фақат президентнинг фармонлари ва қарорлари қабул қилиниши зарур бўлса?».

Аммо бу даражадаги муаммоларни кўтариш учун партиялар ҳузуридаги таҳлилий марказлар керак, уларнинг тавсиялари парламентдаги партиялар фракциялари орқали муҳокама мавзуси бўлиши мумкин. Биз алоҳида сиёсатчилар, депутатлар, блоггерларнинг чиқишларини кўрамиз, аммо дунёнинг турли мамлакатларида бўлгани каби сиёсий партияларнинг «ақл марказлари» бера оладиган тизимли таҳлиллар мавжуд эмас.

Турли хил жамоат ва давлат фондлари қошида тегишли марказлар мавжуд эмас. Улар нафақат сиёсат ва иқтисодиёт, балки таълим, маданият, барча ижтимоий ҳаёт соҳаларида керак.

Бизнинг баъзи марказлар — молиявий сабабларга кўра — жуда заиф, экспертлар гуруҳларини таъминлашга қодир эмас ва кенг кўламли тадқиқотларни олиб бора олмайди ва шунинг учун улар фақат ўз раҳбарлари учун овозни кучайтирувчи карнайлар холос.

Учинчидан, бизда асоссиз равишда ёпиқ маълумотлар ва статистик маълумотлар жуда кўп. У мамлакат миллий хавфсизлиги билан боғлиқ масалалардан ташқари иложи борича тўлиқ ва очиқ бўлиши керак. Нотўғри ёки бўлак статистик маълумотлар, бошқа муҳим маълумотлар сингари, сиёсий ёки иқтисодий қарорларни қабул қилишда ҳаракати секин кучга кирувчи минага ўхшайди.

Тўртинчидан — ҳар доимгидек кадрлар. Бизда таҳлилчилар тарбияланадиган ва ўқитиладиган элитар ўқув ва илмий муассасалар йўқ.

Бугунги кунда давлат ҳар қачонгидан ҳам мустақил экспертиза ва диагностикага муҳтож. Бу вақтни, пулни тежашга, стратегик ва тактик хатоларни минималлаштиришга ва ҳукумат қарорларини муҳокама қилишда жамоатчилик фикрини жалб қилишга имкон берган бўлар эди.

Ҳеч кимга сир эмаски, баъзида у ёки бу лойиҳалар бошиданоқ жиддий хатоларни, вақтни сарфлашдан иборат бўлади. Уларнинг эрта аниқланиши лойиҳани ўз вақтида тўхтатишга ёки ўзгартиришга, ҳукумат маблағларини беҳуда сарфламасликка, вақтни, молиявий ва инсон ресурсларини тежашга имкон берарди.

Аммо бизнинг кўплаб амалдорларимиз маълум лоқайдлик, корпоратив «этика» билан ажралиб туради: уйдаги гапни кўчага чиқармайди. Бу амалда нимани англатади? Бошқарма бошлиқлари нотўғри қарор қабул қилишади, ҳужжатни ишлаб чиқувчилар буни билишади, лекин улар жим туришади — ахир, акс ҳолда, савол туғилади: шу пайтгача қаерда эдингиз? Ва айнан шу ерда «ўтиб кетади» ибораси кучга киради. Бошқармалар мутахассислари буни 2−3 йилдан кейин аниқлайдилар, аммо улар жим туришади, гапни ташқарига чиқаришдан қўрқишади, чунки ҳеч ким ишидан айрилишни истамайди.

Хато лойиҳани молиялаштириш давом этади ва тўсатдан, 5 йилдан сўнг у барбод бўлади. Бу биринчи зилзиладаёқ қулаб тушган нотўғри қурилган кўп қаватли бинога ўхшайди. Бунга ким жавобгар бўлади? Ким сарфланган давлат пулларини қайтаради?

Жамият аҳамиятига эга замонавий, инновацион лойиҳани амалга ошириш учун қанча вақт ва маблағ керак? Ахир, кенг кўламли ечимлар нархи қулаб тушган уйнинг нархидан анча юқори. Ва уларнинг оқибатлари йиллар давомида садо бериши мумкин. Бу биз ўзимизга раво кўрмаган аҳмоқликдир — бунга вақтимиз йўқ.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.