Хонобод ҳарбий зонасида хизмат қилган америкалик ҳарбийларнинг орасида саратон касаллагига чалинганлар мавжудлиги ва ушбу ҳудудда радиация ҳолатлари борлиги айтилаётгани ҳақидаги хабарларга Мудофаа вазирлиги вакиллари муносабат билдирди.

«Мазкур масалаларни биз ижтимоий сайтларда кузатиб турибмиз. Бугунги кунда Хонобод аҳоли пункти ҳарбий қисмнинг ёнидаги маҳалла. Халқи соппа-соғ, тиббий кўрикдан ўтиб, армияга, керак бўлса авиация билим юртига кирганлар бор. Соғлом бўлсагина учувчи бўлади, биласизлар. Айнан ўша ерда 30 йилдан бери хизмат қилиб келган қоровуллар, техниклар бор. Майли офицерлар 5 йил, 5 йил ротациядан ўтказилади. Лекин АҚШ дан келган контингенти у ерда 5 йилдан ортиқ турмаган. Бизникилар у ерда 15−20 йиллаб, бир умр ўша ерда хизмат қилганлар бор. Мана шу нарсаларда кузатилмаяпти ҳозир. ОАВ вакиллари, блогерлар қизиқиб кўрадиган бўлса, одамлар соғ-cаломат юрибди. Бу масалани ҳамма бирлашиб туриб ҳал қимайдиган бўлса, мунозарали баҳслар кетаверади», — деди Мудофаа вазирлиги матбуот котиби, полковник Баҳром Зулфиқоров.

Шу ўринда Хонобод ҳудудида аэродромлар мавжудлиги ва учувчилар доимий кўрикдан ўтказилиши ҳақида маълум қилинди.

«Учувчилар нафақат мавсумий, ҳар бир парвоздан олдин тиббий кўрикдан ўтказилади. У ердан ҳозирги пайтда вертолет, самолётлар учяпти. Унда озгина ўзгариш рўй берса, парвозга рухсат берилмайди. Хонобод аэродроми тўлиқ фаолиятда хизмат қиляпти», — деди у.

«Бунга албатта, юқори ҳукумат даражасида, ТИВ билан бамаслаҳат ташқи иқтисодий ҳамкорлик манфаатларимизга путур етмайдиган даражада, жуда нозик ёндашиш керак. Бизда туризм ривожланиши олдинда. Бу ерда бирорта давлат бизга қарши иш қилмоқда деб айтмаймиз. Лекин мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри эканлиги яққол кўриниб турибди», — дея кўшимча қилди Мудофаа вазирлиги матбуот котиби.

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги ҳарбий тиббиёт факультети кафедра мудири, тиббий хизмат полковниги Нозир Фозилов ўша жойлардаги поликлиникаларнинг бош шифокорлари билан суҳбатлашилгани ва уларда шундай ҳолатлар қайд этилиш ҳолатлари бўлмаганлиги ҳақида маълум қилди.

«Бирор марта бу нарса кузатилмаган. Яъни маҳаллий аҳолида бу касаллик умуман аниқланмаган. Нур касаллиги билан боғлиқ бўлган касалликлар қайд этилмаган», — деди у.

Бундан ташқари, ҳарбий қисмларда навбатчилик қисми бўлиши ва у ерда ҳамма қатори радиация, кимёвий, бактериологик вазиятни назорат қиладиган мосламалар, зонтлар ўрнатилгани маълум қилинди.

«Агар ўша ерда бирорта радиацион кўрсаткич ёки рентген нури кучайиб кетса ўз вақтида „тревога“ берилади. У орқали соатма-соат мониторинг қилиб борилади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳарбийда дозиметр бўлади, нурланишнинг бирламчи аломатларини кўрсатади. Агар унда нурланишнинг аломатлари сезиладиган бўлса, медицина хизматининг махсус отрядлари орқали улар изоляция қилинади у ердан, эвакуация қилиниш масалалари кўриб чиқилади. Бу узоқ ўйлаб қилинган, ҳисоботи ишлаб чиқилган, Ўзбекистон бунда малакага эга», — дея қўшимча қилди Мудофаа вазирлиги матбуот котиби.

Бундан аввал, Дональд Трамп ўз президентлигининг сўнгги кунида 2001−2005 йилларда «Қарши-Хонобод» авиабазасида хизмат қилган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини текшириш бўйича топшириқ берган эди. Улар зарарли моддалар ва радиация таъсирига тушган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Экология қўмитаси ўша ерда инсон нафас йўлига таъсир кўрсатадиган даражадаги кимёвий моддаларни далаларга сепадиган аэродром бўлганлигини ва қўмита ҳозирда ўзининг лабораторияларда ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилган эди.