Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқовга давлат улушлари мавжуд корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Қўчқоров, Ортиқовнинг иш фаолиятига давлат улуши мавжуд корхоналарни жорий йилда уч бараварга қисқартириш натижалари бўйича баҳо берилади», — деди давлат раҳбари.

Президент бош вазир ўринбосари ва агентлик директорига март якунига қадар «Пойтахт» бизнес мажмуаси, 46 гектар ҳудудга эга «Белдирсой» ва 76 гектар майдонли «Чорвоқ» дам олиш маскани, 4 гектарли «Малика» савдо комплекси каби 12 та инвесторлар учун жозибадор объектларнинг сотилишини таъминлаши зарурлигини айтди.

Акмалхон Ортиқовга апрель ойида «Кварц», «Жиззах пластмасса», «Кафолат суғурта» каби 18 та корхоналардаги давлат улушини сотиш вазифаси юклатилди. Жорий йилнинг биринчи ярмига қадар бюджетга 1 трлн сўм тушум тушиши шарт, дея таъкидлади президент.

Ўтган йилнинг октябрь ойида президент давлат кўчмас мулкларини оммавий савдоларда хусусий секторга сотишга оид фармонни имзолаган эди.