11 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси дори воситалари, жумладан, «Док-1 Макс» йўтал сиропини истеъмол қилиши оқибатида камида 65 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

Айбланувчилар 21 киши (16 эркак ва 5 аёл)ни ташкил этади, жумладан, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев ва Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар. Мазкур иш бўйича улар Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бериш, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказишда айбланмоқда.

«Энг оғир жазо тайинланишини талаб қиламан»

док-1 максЖабрланганлардан бири Сирожиддин Ҳасановнинг Daryo нашрига маълум қилишича, унинг 5 ёшли ўғли 2022 йил декабрида «Док-1 Макс» билан заҳарланган.

«У оғир аҳволга тушиб қолди. Ўзимизнинг Сурхондарё вилояти Қумқўрғон шаҳридаги шифохонага олиб бордик, у ерда шифокорлар биринчи нотўғри ташхис қўйишди. Ундан кейин Термизга олиб бордик, у ерда болада ўткир буйрак етишмовчилиги аниқланди. Бола сийишдан қолди, сиймай қолди. Боланинг аҳволи оғир бўлгани учун уни Тошкент шаҳри 16-шаҳар касалхонасига (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, РШТЁИМ — таҳр.) олиб боришга мажбур бўлдик», — деди у.

Эркакнинг сўзларига кўра, бола 21 декабрь куни марказга ётқизилган ва Самарқанд вилоятидаги вазият — 2 ой ичида «Док-1 Макс»дан 15 нафар бола вафот этгани 22 декабрь куни маълум бўлган. Шундан сўнг у сиропнинг қолган қисмини экспертизага олиб борган ва таркибида заҳарли этиленгликоль миқдори 300 баробар кўплиги аниқланган.

Бола РШТЁИМга оғир аҳволда ётқизилиб, дарҳол реанимация бўлимига ўтказилган. Боланинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб, 7−10 кундан кейин комага тушиб қолган.

«2023 йил 23 январгача 1 ой 10 кун комада бўлди. Шундан кейин Болалар миллий тиббиёт марказига олиб ўтишга мажбур бўлдик. У ерда 25 апрелгача 5 ой давомида кома ҳолатида ётди… 100 дан ошиқ гемодиализ олди (ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилигида буйракдан ташқари қонни тозалаш усули — таҳр.)… 15−20 диализдан кейин бола озроқ-озроқ — 40−50 грамм сия бошлади», — деди у.

Сирожиддин Ҳасанов суддан айбланувчига энг юқори ва энг оғир жазо тайинлашни сўради. Унинг сўзларига кўра, бу ишда атиги икки нафар даъвогар бўлса ҳам, жабрланувчилар кўп. Улар шифохонада ўтказган беш ой давомида «ҳар куни, кунора» ўлим ҳолатлари рўй берган.

Жабрланувчи Quramax Medikal директори Рагневдра Пратарнинг адвокати вегетарианизмга риоя қилган судланувчининг динини ҳисобга олган ҳолда эҳтиёт чорасини қамоқдан уй қамоғига ўзгартириш ҳақидаги илтимосига қарши чиқди.

«Бу нарсага мутлақо қаршимиз. Унинг уй қамоғи жазосини олишга умуман ҳаққи йўқ. Энг олий жазони қўллашса ҳам, бу уларга кам», — деди жабрланган боланинг отаси.

«Ўғлим ногирон бўлиб қолди»

док-1 макс

Яна бир боланинг отаси Феруз Нуритдиновнинг айтишича, 2022 йил декабрь ойи бошида болага шамоллашга қарши «Док-1 Макс» сиропи берилган.

«Олдин ичирардик, яхши эди. Орадан уч кун ўтиб, нима ичса ҳам қайт қилишни бошлади… Ундан кейин ўзим ишлайдиган Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. У ерда УЗИ қилиб, текшириб кўрдилар. Боланинг иккита буйраги ишламаяпти, зудлик билан Тошкентга олиб кетинглар, дейишди», — дейди у.

Бола Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб борилган.

«Уч кундан кейин гемодиализ туфайли гапира олмай қола бошлади, ундан кейин 21 декабрь куни кома ҳолатига тушиб қолди. Икки ойдан кейин, 23 февраль куни комадан чиқди. 65 кун комада ётди. Бу ҳолатда қўллари тортишиб, қийшайиб, тонуслар пайдо бўлди. Комадан чиқишдан олдин бош мияда жарроҳлик операциясини қилишди. Ҳар хил босимлар борлиги сабабли комадан чиқа олмаётганини айтишди. Жарроҳлик операциясидан кейин болам комадан уйғонди», — деди у.

Феруз Нуритдиновнинг айтишича, операциядан кейин боланинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Бола биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди, ётоқда ётади, гапирмайди ва юра олмайди, катта ҳожатга эса клизма орқали чиқади.

Эркакнинг сўзларига кўра, операциялар учун ордер олишган, аммо барча дори-дармонларни ўзлари харид қилишган. Ҳозиргача на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на судланувчиларнинг ҳеч бири ёрдам кўрсатмади, деди у.

Эркакнинг тахминига кўра, дори воситасидан заҳарланиш оқибатида расман хабар қилинган 65 дан кўпроқ болалар вафот этган бўлиши мумкин.

Декабрь охирида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати «Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолат бўйича Quramax medical ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ҳибсга олинганини маълум қилган эди. Шу билан бирга, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги Marion Biotech компаниясининг барча дорилари, жумладан «Цинепар кид», «Травамакс» ва «Амбронол» савдосини тўхтатди.

ДХХ ушбу препаратлар «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилгани ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилганини маълум қилди. Бироқ, аввал хабар қилинганидек, ўрганиш жараёнида меъёрий ҳужжатлар талаблари қўпол равишда бузилган ва натижада сифатсиз дори воситаларининг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.

Февраль ойида Фармацевтика агентлиги ва Дори воситаларини экспертиза ва стандартлаштириш марказининг собиқ раҳбари Сардор Қориев ҳам қамоққа олингани маълум бўлди.

Reuters маълумотларига кўра, Marion Biotech ўз маҳсулотларида суюқ ювиш воситалари, антифризлар, бўёқлар ва бошқа маҳсулотларда қўлланиладиган заҳарли модда — саноат пропиленгликоль ишлатган бўлиши мумкин.

«Док-1 Макс» сиропи сотуви 2022 йил 22 декабрда тўхтатилган, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги орадан бир ҳафта ўтибгина аҳолини ушбу дорини сотиб олмасликка чақирилган SMS хабарнома тарқатди. ССВнинг ўша вақтдаги раҳбари Беҳзод Мусаев «Док-1 Макс» сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан яширилганини маълум қилди.