Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини қабул қилган яна бир боланинг ўлими ҳақида маълум бўлди. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси орадан 18 кун ўтиб, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарлардан кейин ушбу маълумотни тасдиқлади.

7 январь куни Kompromatuzb Telegram-канали Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида уч ёшли боланинг ўлими тўғрисида маълум қилди. Худди шу куни вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бемор 15 декабрь куни туман тиббиёт бирлашмасида «шифохонадан ташқари ривожланган пневмония, ўткир кечуви оғир формаси, ҳазм фаолиятини функционал бузилиши, диспептик ҳолат, гиповолемия оғир даражаси» диагнози билан даволанганини маълум қилди. Бола 21 декабрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалида оламдан ўтган.

«Бутун республика бўйлаб „Док-1 Макс“ дори воситасининг салбий таъсири бўйича муаммолар келиб чиқиши бошлаганидан кейин сўраб ўрганилганда, вафот этган бемор онасининг сўзидан у ҳам уй шароитида „Док-1 Макс“ препаратини қабул қилганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов 1 январь куни ЎзА мухбирига берган интервьюсида вилоятда ушбу дори билан боғлиқ асоратлар кузатилмаганини айтган эди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси дори воситасини қабул қилиб вафот этган болалар сони камида 20 нафарга етди. Самарқанд болалар марказида турли вилоятлардан келган 18 нафар боланинг ўлими қайд этилди. Кейинроқ Қашқадарёда ҳам бола ўлими ҳақида хабар берилди.

Текширув натижасида бир ишлаб чиқарувчининг (Ўзбекистонга импорт қилувчи — «Қурамах Медикал») «Доc-1 Мах» ва «Амбронол» дори воситаларининг лаборатория текширувлари белгиланган тартибда ўтказилмагани тасдиқланди, деб хабар қилди ДХХ. Дори партияларида этиленгликоль топилган.