«Сиз чиндан ҳам ҳақиқатни ёзасизми?» — деб сўрайди деярли ҳар бир нукуслик суҳбатдошим. «Бу менинг мақсадим», — деб жавоб қайтараман мен. Ҳақиқат — бу айнан ҳозир Қорақалпоғистон ва бутун Ўзбекистон аҳолисига зарур бўлган нарса. Айнан ҳақиқатнинг йўқлиги ва расмийларнинг халқ олдига чиқиб, уларни тинглашдан қўрққани июнь ойининг охирида Қорақалпоғистонда вазиятни кескинлаштириб, 1 ва 2 июль кунлари тартибсизликлар ва фожиаларга олиб келди.

Халқ вакиллари томонидан бир овоздан маъқулланган «Қорақалпоғистоннинг мақоми тўғрисида»ги Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиққан Конституциявий комиссия сукут сақлашда давом этмоқда. У ҳар куни фуқаролардан келган ўн минглаб таклифлар (уларнинг сони аллақачон 100 мингдан ошиб кетди) ҳақида ҳисобот беради, лекин улар билан очиқ танишишни таклиф қилмайди. Нукусдаги фожиа мавзуси бошқа хабарлар фонида орқа планга ўтиб кетди, бироқ у қорақалпоқлар ва республикада истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларининг қалбида битиши учун узоқ вақт талаб этиладиган чуқур яра қолдирди.

Қорақалпоғистонда июль ойи бошидаги воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия ишламоқда. Орадан деярли ярим ой ўтиб — 16 июль куни — Нукусга инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ҳолатларини ўрганиш мақсадида парламент комиссияси етиб келди. «Газета.uz» ушбу воқеа сабабли ҳаёти ларзага келган республика аҳолисининг фикрларини тақдим этишни ўз бурчи деб ҳисоблайди.


Нукус аэропортида йўловчиларни кутиб олувчи ёзув.

Нукус аэропортидаги БТР. 23 июль.

Қўрқув

Нукус сизни ёқимли салқин ҳавоси билан кутиб олади. Аэропортда БТР навбатчилик қилмоқда. Чиқишда қора форма кийган ва юзлари ниқоб билан ёпилган, қуролланган одамлар туришибди. Меҳмонларни одатдагидек такси ҳайдовчилари қуршаб олишади. Терак баргларининг шитирлаши, қушларнинг сайраши эшитилиб туради. Кўчалар бўйлаб «Дамас»лар тинмай ўтади. Пиёдалар ва велосипедчилар ўз ишлари билан шошганча ҳаракатланишади. Чорраҳалар ва кўприклардаги ёнган шиналарнинг излари ҳамда кўчалар ўртасидаги юлиб олинган панжаралардан ташқари деярли ҳеч нарса июль ойи бошида содир бўлган воқеаларни эслатмайди.


Одамлар билан ўша воқеалар ҳақида гаплашишни бошлашингиз билан улар бирдан ўзгариб қолишади. Паст овозда гапира бошлашади. Телефонларини бутунлай ўчириб қўйишади ёки узоқроққа олиб қўйишади. Улар ишончсизликни сақлаган ҳолда, ўзлари хоҳлаган нарса ҳақида дарров гапириб кетишмайди. Аста-секин суҳбатдошлар ўша кунларда яраланган ёки ҳалок бўлган қариндошлари, танишлари ва ўзлари танимаган инсонлар ҳақида гапира бошлайдилар.

Шаҳарда ҳар томонлама қўрқув сезилиб турибди. Одамлар ўз яқинларига зарар етказиш ёки бизнесини йўқотишдан чўчиб, гапиришдан қўрқишади. Баъзиларнинг кўзларида ёш кўриш мумкин. Ҳар бир киши тартибсизликлар пайтида 21 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги расмий статистикага ишонмаслигини айтишади. «Улар аслида бунданда кўпроқ». Улар июнь ойи охирида, ҳаммаси бошланганида журналистлар Нукусга келмаганини қоралашмоқда: «Эҳтимол, бу фожианинг олдини олган бўларди». Менда бунга айтарли жавоб йўқ.

Бирдамлик

«Бу масала (Конституцияга тузатиш киритишга қарши чиқиш — таҳр.) барчамизни бирлаштирди. Илгари қарашлари турлича бўлган ёки бир-бирига тоқат қила олмайдиган одамлар бирдан бир-бирига яқин бўлиб қолишди», — дейди нукусликлардан бири.

25 июнь куни ўзгартиришлар киритиш бўйича лойиҳа эълон қилинганидан сўнг Қорақалпоғистон аҳолиси ўзгартишлардан норози эканликларини билдирган ҳолда индивидуал ва жамоавий видеомурожаатлар ёзишни бошлашди. Улар оммавий тарзда комиссиянинг call-марказига (1341) қўнғироқ қилиб, ўзгартиришларга қарши эканликларини билдиришди. «Мен ўзим ҳам қўнғироқ қилдим, хотинимдан ҳам буни сўрадим, ҳамма танишларим қўнғироқ қилди», — деди нукуслик фуқаро.

Турли ёшдаги одамлар, жамоат арбоблари, ўқитувчилар, турли ташкилотлар, жумладан, давлат ташкилотлари ходимлари, Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда яшовчи қорақалпоқлар видеомурожаатлар билан чиқишди. Расмийлар бунга муносабат билдиришмади, бироқ республикада интернетга кириш чеклаб қўйилди. Чиқиш қилганларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди (расмий маълумот бўлмаганда аҳолининг хабарларига таянишга тўғри келади).

1 июль куни журналист Даулетмурат Тажимуратов Жўқорғи Кенгесга «белгиланган талаблар» асосида (Конституциянинг 33-моддасида шундай дейилган: «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга») «Қорақалпоғистон озодлиги» учун 5 июль куни «тинч, уюшган» митинг ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилгани ҳақида видео пайдо бўлди.

Тез орада у ҳибсга олинди. Бу хабар бутун шаҳар ва ундан ташқарида тарқалди, одамлар Нукус шаҳри марказига — бозор олдига оқиб кела бошлади. Аста-секин минглаб одамлар кўчани тўлдиришди. Автомобилларнинг ҳаракатланиши имконсиз бўлиб қолди. Кўпчилик «буни зарур деб билганлари учун» оммавий юришга қўшилганини айтди. Одамлар дўстлари, қариндош-уруғларига қўнғироқ қилиб, республика Жўқорғи Кенгеси (парламенти) раҳбари Мурат Камалов нутқ сўзлашини айтишди. Халқ уни эшитишни хоҳларди.

1 июль куни кечқурун бозор олдидаги кўча.

«Ўғлим, Конституцияни ҳимоя қил»

Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларидан ҳам одамлар Нукус томон йўл олишди. Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораузак, Мўйноқ, Тахтакўпир, Хўжайли ва бошқа ҳудудлардан. «Пиёда, отда, машиналарда, тракторларда, юк машиналарида, тиркамаларда», — дейди суҳбатдошлардан бири. Аҳоли ота-оналар ўғилларига «Бор, ўғлим, Конституцияни ҳимоя қилиш керак», деб дуо қилганликларини эслайди.

«Одамларнинг ҳеч қандай режаси йўқ эди, улар ягона эҳтирос ила бирга ҳаракатланарди, ҳаммани ўзларига эргашишга чақиришди, бошқалар ҳам уларга қўшилишди. Иштирокчилар орасида аёллар ҳам кўп эди. Автомобилларда қўллаб-қувватлаган ҳолда сигналлар чалинарди. Йўлда маҳаллий аҳоли уларга сув, нон ва бошқа озиқ-овқатлар беришарди», — деди суҳбатдош.

Ҳозир бозор олдидаги кўча.

Суҳбатдошлар 1 июлдаги юришлар олдиндан режалаштирилган деган версияни рад этишмоқда. «Бу расмийларнинг узоқ вақт сукут сақлаши оқибатида мутлақо ўз-ўзидан пайдо бўлган ҳаракат эди», — дейди бошқа бир нукуслик.

«Бу ерда ҳаммаси биргаликда йиғилиб қолган эди: расмийларнинг сукутига ижтимоий ва иқтисодий муаммолар қўшилди — оғир ҳаёт, иш йўқлиги, сув танқислиги, одамларнинг бундан чарчаганликлари. Бутунбошли қишлоқлар бўм-бўш, одамлар оиласи билан Қозоғистонга кўчиб ўтмоқда», — дея қайд этди суҳбатдош.

«Туманларда одамлар жуда соддадил. Турли сайтлар кўрсатишга ҳаракат қилгани каби миллатчилик масаласи йўқ эди. Ўзгартиришлардан норози бўлганлар орасида ўзбеклар ҳам, бошқа миллат вакиллари ҳам кўп бўлди, биз ҳаммамиз бир халқмиз», — дея таъкидлади биринчи суҳбатдошимиз.

«Агар одамлар билан биринчи кунданоқ мулоқотга киришилганида, вазият бунчалик кескинлашмаган бўларди. Ҳеч бўлмаганда битта ҳурматли одам чиқиб гаплашса бўларди. Одамлар қандайдир бўлса-да жавоблар кутишган. Одамларнинг депутатларга бошқа ишончи қолмади», — деди у.

«Биргина зарур нарса бу — овоз кучайтиргич билан чиқиш керак эди. Жавоб бера оладиган одам керак эди. Аммо амалдорлар жим бўлиб, буйруқни кутишди. Бундай сукунат туфайли одамларда ваҳима кўтарила бошлади, улар огоҳлантиришсиз ўзларини қониқтирмайдиган қарор қабул қилишларидан қўрқишди. Шу сабабли миш-мишлар тарқалди, ваҳима ва нотўғри ҳаракатлар содир бўлди», — деди иккинчи суҳбатдошимиз.

«Тажовуз аломатлари йўқ эди»

Кечки соат 6 лар атрофида суҳбатдош (аёл киши) ўғли билан бозор олдида нималар содир бўлаётганини кўришга борган. «Одамлар „Даулет, Даулет!“ деб бақиришарди. Ҳамма кўтаринки кайфиятда, ҳеч қандай тажовуз аломатлари йўқ эди. Улар қарийб бир ҳафта жавоб кутишганди ваниҳоят уларни эшитишгандек ҳис-туйғу уйғонганди. Бу ишончни янада кўтарди».

Ички ишлар органлари ходимлари дўстона муносабатда эди, аҳоли уларнинг орасида ўзининг яқинларини кўриб, саломлашишди («Шаҳар кичкина, ҳамма бир-бирини танийди»), айрим ходимлар ўз телефонларига қараб туришарди. «Озгина туриб, биз кетдик, чунки ҳеч нима эшитилмаётганди», — деди у.

Аҳолининг видеоёзувлари ва фотосуратлар, қолаверса, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан дрон ёрдамида суратга олинган лавҳалар йиғилиш тинч ўтганини тасдиқлайди. Йиғилганларнинг қўлида фақат телефонлар бор эди. Кун иссиқ эди ва одамлар бир-бирига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига сув узатишарди.

Ўша куни одамлар томига байроқ кўтариб чиқиб олган «Кристалл» маиший хизмат кўрсатиш уйи биноси.

Аҳолининг айтишича, ҳеч ким дўконларга ҳужум ва талончилик қилмаган. Сотувчилар буни тасдиқлашди, гарчи улар Олмаотадаги воқеаларни эслаб, бундан хавотир олган бўлса ҳам. Юришлар бўлиб ўтган бино ойналари бус-бутун. Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, кимдир йўл белгисини синдиришга уринган. Бироқ, одамлар уни тўхтатиб қолишган: «Нимага бундай қилаяпсан? Бу ҳаммамизники-ку».

Тахминан 21:00 ларда йиғилганлар Даулетмурат Тажимуратов озод қилинганини кўришган. У Мурат Камалов билан бирга унинг машинаси томига чиқиб олган. Улар нималарнидир гаплашишган, бироқ, ҳеч ким уларни эшитмаган — бир неча соат ичида ҳеч ким тайинли ишлайдиган колонкаларни олиб келмаган. Одамлар яқин ўртадаги дўконлардан техникаларни олиб келишга ва электр тортишга уринишган, лекин муваффақиятсиз якун топган.

Тажимуратов озод қилинганига ишонч ҳосил қилган одамлар тарқала бошлаган. Одамлар ҳамма тарқалгач, бозор олдидаги кўча йиғилганларнинг учиб кетган оёқ кийимларига тўлганини юзида табассум билан эслашди. Юришлар тўсатдан содир бўлди ва одамлар нима кийимда бўлса, шундай ҳолича унга қўшилиб кетишди, дейишди гувоҳлар.

Лекин ҳамма ҳам тарқалмади. Одамларнинг бир қанчаси журналист ҳам ичида бўлган Жўқорғи Кенгес раҳбари машинаси ортидан кетишди. Улар парламент биносига киришди, одамлар эса кўчада кутишди. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, таниқли самбочи Азамат Турданов Тажимуратовни қўлларида бинога олиб кирган. Айнан қўлларида, чунки, кўчада бўлган одамларнинг сўзларига кўра, журналист юришга қийналган.

Бу вақтда эса Нукусга ҳамон туманлардан одамлар ёғилиб келаётганди.

Одамларни тарқатиш

Ярим тунда ЖК томонидан портлашга ўхшаш овозлар эшитила бошланди. Аҳоли аввалига буни салют овози деб ўйлашди. Лекин тез фурсатларда бу шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ шашкалари овозлари экани маълум бўлди. Бироқ, уларни қўллашга кучишлатар тузилмалар ходимларини нима мажбур қилгани номаълум. Миллий гвардиянинг Хоразмдан келган ходими шундай дея сўзлаб берди: «Агар биз ўз вақтида келмаганимизда улар Жўқорғи Кенгесни эгаллаб олишарди. Одамлар Бердақ ёдгорлиги устига чиқиб олишганди». Аввалроқ биз ёш йигитлар ЖК олдидаги ҳайкал устига чиқишга урингани, лекин бошқалар уларни тўхтатишга урингани ҳақида ёзгандик.

Одамлар тарқала бошлашди. Улар кучишлатар тузилмалар ходимлари тақибидан қочиш учун турар-жой массивларига қараб югуришган. Ўша куни тасвирга олинган видео лавҳаларда ҳарбий кийимдаги ходимлар одамларни дубинка билан ураётгани, айримларга қарата эса — одамларнинг тахминича — резина ўқлар билан ўт очишганини кўриш мумкин. Ҳибсга олинганларни эса автобусларга тиқиб, олиб кетишган. Ўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида биринчи хабарлар тарқала бошлади.

Марказий кўчалар бўйларидаги ўриндиқларда ўтирган гувоҳларнинг сўзлаб беришича, айрим газли шашкалар одамларга жуда яқин жойда портлаган. Овоз карахт қиладиган эди, тутундан кўзлар куя бошлади, «сассиқ ҳидга эса чидаб бўлмас эди». Улар бу ердан узоқроққа қоча бошлашди.

Яқин орадаги уйларда истиқомат қилувчи аҳоли эса ойналардан газ киргани ва улар ҳам бўғила бошлаганини сўзлаб беришди. Одамлар ойналарни ёпиб, юзларига нам матоларни қўйиб олишди. Болалар қўрқиб кетишган, ота-оналари эса бу фейерверк дея уларни овутишган.

Соат 2 лар атрофида Тажимуратовни ЖКдан уйига олиб кетишгани маълум бўлган. Бу ҳақда эшитган юзлаб одамлар унинг уйи олдида тўплана бошлади. У чиқиб, ўзи билан ҳаммаси жойида бўлишини айтиб, ҳаммадан тарқалишни сўради. Одамлар тарқала бошлади, лекин, 100−150 киши барибир қолди. Аҳоли уларга кўрпачалар, гиламлар олиб чиқиб, кўчада овқатлар тайёрлаб беришди, дейди нукусликлар.

Тахминан 3 ларда кўчада «омончилар» пайдо бўлди. Улар бу ерда бўлганларни ҳибсга ола бошлади. Қўшниларнинг айтишича, бир йигит бақир-чақирларга югуриб чиққан ва уни ҳам олиб кетиб қолишган, фақат орадан бир неча кун ўтгач уйга қўйиб юборилган.

Кучайтирилган режим

Кечқурун ва тун бўйи Нукусга ҳарбий-транспорт самолётлари қўнишди, уларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари етказиб келинди. Эрталаб марказий кўчаларда ўнлаб махсус хизматлар машиналари, қуролланган одамлар турганди, парламентга олиб борувчи кўча эса ёпилганди. Нукусдаги операцияларга Қорақалпоғистондаги Қуролли Кучлар ва Миллий гвардия хизматчилари жалб этилмаганлиги хабар қилинди.

2 июль, шанба тонгида Нукус аҳолиси яна нимадир содир бўлишини хаёлига ҳам келтирмасдан, ишга бориш, харид қилиш мақсадида, яна кимдир болалари билан ўз юмушлари томон отланишди. Марказий бозор ишламаётганди. Марказий кварталлардан бирида кучишлатар тузилма ходимлари аҳолидан кўчага чиқмаслик ва 3 кишидан кўп тўпланмасликни сўрай бошлашди.

Марказий бозор яқинидаги ҳудуд бугунги кунда.

Айни пайтда марказда ва шаҳарнинг бошқа туманларида одамлар яна тўплана бошлади. Кучишлатар тузилма ходимлари борлиги, туни билан эшитилиб турган портлаш ва ўқ отишлар овозлари одамларни тўхтатиб қололмади.

«Ҳамма борганда, мен қандай қилиб четда туришим мумкин?», — деди айримлар. «Ҳаммани ҳибсга ололмайди», — деб ишонишарди бошқалар. Суҳбатдошларнинг айтишича, улар бир қанча қўшнилари ва ўтиб кетаётганлар — ёш йигитларни намойишчиларга қўшилмасликка кўндиришган.

Соат 11 лар атрофида бозор томондан портлашлар ва бақир-чақирлар овози эшитила бошлади. Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, у оёғидан жиддий жароҳат олган одамни кўрган. У бозор ёпиқлиги учун озиқ-овқат маҳсулотлари учун навбатда турган бўлган, шу вақтда унинг оёғига — айнан қандайлиги номаълум — граната келиб тушган.

Бошқа гувоҳнинг айтишича, сумка билан кетаётган ёши каттароқ эркак телефонини олиб, ўтиб кетаётган кучишлатар тузилма ходимларини суратга олган. Шундан кейин кимнидир буйруғи эшитилган, форма ва каска кийиб олган одамлар югуриб келиб, ҳамманинг кўз-ўнгида эркакни ерга ётқизиб, дубинка билан уришган ва автобусга олиб чиқишган.

Кун ўрталарига келиб вазият авжига чиқди. Одамлар ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақидаги хабарларни эшитиб, расмийларнинг сукут сақлаши фонида янада жаҳл отига минган эди. Фақат 1 июль кечаси расмийлар айрим фуқаролар «конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиши ортидан» марказий бозор олдида «ноқонуний намойишларни уюштиргани» ҳақида баёнот беришди.

Кун давомида шовқинли гранаталар ва ўқ отишлар овозлари эшитилиб турди. Қайноқ нуқталардан бири аҳоли «горотдел» деб атовчи Нукус ички ишлар бўлими олдидаги кўча бўлди.


Июлнинг илк кунларида Нукус кўчаларида ётган махсус восита.

Яқин масофада жойлашган хонадонларда яшовчи аҳолига кўра, ҳибсга олинганлар ушбу бўлимга олиб келингани учун ҳам одамлар шу ерда йиғила бошлаган. Уларга газли шашка ва ўқ отиш бошлангач, одамлар турар-жой квартали, кўп қаватли уйлар ҳовлиларига қараб қоча бошлаган.

«Кўз ўнгимда бир одамнинг оёғига граната келиб тушди, у шунчаки парчаланиб кетди, қон отилиб чиқди», деди гувоҳлардан бири.

Ҳибсга олишлар бошланди. Ушланганлар орасида тасодифан ўтиб кетаётганлар ҳам бор эди. Бир йигит автобусда шунчаки велосипедда кетаётгани учун олиб кетилган маст эркак билан бирга бўлганини сўзлаб берди. «Ундан жуда ёмон ҳид келаётганди, ўзи эса кўпроқ велосипеди тақдири нима бўлишидан хавотир олаётганди», — деди йигит.

Одамлар хавфсизлик кучларидан қочганлар қандай қилиб уйларда ва квартираларда бошпана топганлигини сўзлаб беришади. Кимдир қабристонлардан бирида яширинди. Ҳисбга олинганларнинг қариндошларига зудлик билан хабар берилмаган, аввалроқ, биз одамлар яқинларини шифохоналар ва суд-тиббий экспертизаси маркази (морг)дан қидиргани ҳақида ёзгандик.

«Горотдел» ёнидаги кўча шаҳарнинг бошқа кўчалари каби гильза ва турли кўринишдаги шашкаларга тўлганди. Аҳолининг айтишича, уларнинг фарзандлари ўша куни йиғлашган ва ҳали ҳам оломондан қўрқишади, баланд товушлардан эса сесканиб кетишади.

2 июль куни кечаси Нукусга президент Шавкат Мирзиёев учиб келди. У республика депутатлари билан кўришиб, уларнинг ўзлари Конституцияга ўзгартириш киритиш таклифини беришганини таъкидлаб, одамларнинг норозилиги ҳақида хабар қилишлари кераклигини айтди. «Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳам ҳеч қачон ўзгармайди», — деди Шавкат Мирзиёев. Бу вақтда эса Нукуснинг турли туманларида портлашлр ва ўқ товушлари ҳамон эшитилиб турарди.

Нукус ИИБдан узоқ бўлмаган чорраҳадаги ёнган шиналар излари. Июль охири.

Қурбонлар

Расмий ташкилотлар 4 июль куни Нукус воқеаларида 18 киши, шу жумладан, 4 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳалок бўлганини маълум қилди. Шу билан бирга 14 нафар вафот этган фуқаронинг 13 нафари маст ҳолатда ёки наркотик модда таъсирида бўлганлиги айтилди. Кейинроқ, яна 3 киши ўлгани хабар қилинди, шу тарзда ҳалок бўлганларнинг умумий сони 21 тага етди.

Расмий маълумотларга кўра, қарийб 300 киши, шу жумладан, 40 нафар атрофида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жароҳат олган. 149 кишига биринчи ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилди. 4 июль куни шифохоналарда 94 киши қолаётгани, 18 июль куни эса — 16 киши борлиги айтилганди.

Марказий бозор қаршисидаги Ерназар Алакоз кўчаси.

2 июль куни соат тахминан 23:00 лар атрофида «Газета.uz»га Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Қорақалпоғистон филиали бир сутка ичида 77 киши ҳалок бўлгани ва 114 киши жароҳатланганини маълум қилди. Марказ шунингдек, уларнинг орасида тутунли ва шовқинли гранаталар ишлатилган бозор олдида тан жароҳати олган аёллар ва болалар ҳам бўлганини қайд этди.

Бир неча маротаба Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълумотларни сўрадик, бироқ, уларни олишнинг имкони бўлмади. Кейинчалик РШТЁИМ филиалида ҳам қурбонлар тўғрисидаги маълумотни тасдиқлашни исташмади, бунинг ўрнига фақат прокуратура маълумот беришини таъкидлашди. Республика ССВдаги манбамиз ўша вақтда айтилган рақамлар ҳақиқатга яқин эканлигини тасдиқлади. Шу билан бирга, у расман эълон қилинган рақамлар камроқ эканлигидан ажабланди. 5 июль куни Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура томонидан очиқланган статистика тўғри эканлигини айтишди.

Биз суҳбатлашган Нукус аҳолиси қурбонлар сони РШТЁИМ томонидан айтилган рақамдан анча кўпроқлигига ишонишмоқда.

Расмийларнинг таъкидлашича, тартибсизликлар пайтида намойишчиларни тарқатиш учун фақат резина ўқлар, бўш патронлар ва махсус воситалар ишлатилган. Бироқ, кўплаб гувоҳларнинг хабар қилишича, ҳалок бўлган ва яраланган намойишчилар ҳамда яқин орадан тасодифан ўтиб кетаётган одамлар орасида жанговар ўқлар текканлар ҳам бор.

Одамларнинг ишонтиришича, шаҳарда мерганлар ҳам ҳаракат қилган. Бундан ташқари, махсус воситалар ҳам одамларнинг ўлимига ва жиддий жароҳатлар олишига сабаб бўлган.

3 июль куни «Газета.uz» мухбири Шухрат Латипов Нукусга борди. У жабрланганлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашди, улар ҳам мерганлар ва жанговар ўқлардан жароҳат олганлар ҳақида гапиришганди. Журналистнинг сўзларига кўра, у марказда бўлган вақтида «тез ёрдам» машинаси жароҳат олган одамни келтирган ва тиббиёт ходимлари уни ўқдан яраланганини айтишганига гувоҳ бўлган.

Бир ёш йигитнинг сўзлаб беришича, унинг масжиддан қайтаётган амакисининг бошига граната келиб теккан. Эркак яқинда уйланган бўлган ва унинг ортидан кичкина фарзанди қолиб кетди. «Бола қандай балоғатга етади? Фанзанди отаси ҳақида сўраганида онаси нима деб жавоб беради?», — деб савол билан юзланади суҳбатдош.

Аҳолининг айтишича, ҳалок бўлганларнинг яқинларидан мурдани беришдан олдин уларнинг қариндоши маст ҳолатда бўлганлиги ҳақида тилхат ёзиб беришларини талаб қилишган. Бу маълумотни текширишнинг ҳеч қандай имкони йўқ, бироқ, бу ҳақда деярли барча суҳбатдошлар гапирди.

Шаҳарда ҳибсга олишлар давом этаётганини қайд этишди. Намойишлар қатнашчиларини телефонга, кузатув камералари ва дронларга олинган ёзувлар орқали аниқлашмоқда. Тажимуратовнинг кўплаб танишлари олиб кетилган. Ҳибсга олинганларни калтаклаш ва бунинг натижасида ўлим ҳолатлари кузатилгани ҳақида хабар беришмоқда.

Ёш йигитлардан бири синфдоши намойишларда қатнашмаган бўлса-да, кўчада юрган пайти ушлаб кетилганини айтади. Унинг жасадини эса ўралган ҳолда қайтаришди. Ота-онасига эса унинг шахсини тасдиқлаш учун фақат юзини кўрсатишган. Улар танада жароҳатлар борлигини текшириш мақсадида эксгумацияга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Бундай ҳикоялар кўп. Бутун шаҳар таниқли қурувчи, Нукус масжидини бунёд этган Мадияр Оразбаев ўлимини муҳокама қилмоқда. Уни ҳам дўсти ва қўшниси Руслан Ибрагимов каби терговга олиб кетиб, ўлик ҳолда қайтаришди.

Айтишларича, бундай ҳолларда дафн маросимларида фақат икки нафар оила аъзосига боришга рухсат берилган ва дафн маросими учун жуда қисқа вақт ажратилган.


Аэропорт ва вокзални бирлаштириб турувчи Досназаров кўчаси. Июль охири.

«XXI асрда бундай бўлиши мумкинлигига ишонмайман»

«XXI асрда бундай бўлишига, бу каби қўрқувни ҳис қилиш мумкинлигига ҳали ҳам ишона олмаяпман» — бир хил гапиради суҳбатдошларим.

Митингга чиқиб ёки шунчаки кўчаларда бўлган вақтида одамлар уларни ҳибсга олишлари мумкинлиги, таҳдид қилишлари ва калтаклашлари, ҳатто уларга гранаталар отишларини тасаввур ҳам қила олмаганлар. Аҳоли одамлар билан маслаҳатлашмайдиган ва бир овоздан маъқулловчи депутатлар ҳамда халқ манфаатлари учун хизмат қилишга чақирилган давлат идоралари ва кучишлатар тузилмалар хиёнат қилишди деб ҳисоблашади.

«Қорақалпоғистон Ўзбекистондаги энг тинч жой эди. Энди менда келажакка ишонч йўқ. Мен ва тенгдошларим Қозоғистонга кетишни режалаштираяпмиз», — деди ёш йигитлардан бири.

«Одамлар оталари, ўғиллари, ака-укаларини йўқотишди. Энди улар қандай яшайди? Улар энди одамларни ҳимоя қилишга чақирилганларга қандай муносабатда бўлишлари керак? Энди бу ерда миллий кайфият қандай бўлиши мумкин?» — деб савол билан юзланди бошқа бир суҳбатдош.

«Одамларни калтаклаганлар ва бунда қатнашганлар кечалари қандай ухлашади? Улар уйга қандай қилиб оиласига қайтишади ва фарзандларини бағрига босишади? Наҳотки инсон ҳаёти шунчалик қадрсиз бўлса? Болалигимиздан ўқиб келган барча китоблар бизни яхшилик ва ёмонни фарқлашга, инсонпарварликка, инсон ҳаётининг қадриятларига ўргатади», — дея нола қилди у.

Бу каби саволлар Қорақалпоғистон халқида жуда кўплаб топилади. Улар бунга жавоб ололишадими? Ҳаттоки ўзининг йўқотишлари ҳақида аноним тарзда сўзлаб беришдан қўрқишаётган оналар ва оталар адолатга эриша оладими?

Одамлар намойишлар пайтида провокациялар бўлганлиги, кимдир вазиятни авж олдириш учун вазиятдан фойдаланган бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди. Суҳбатлар давомида 2 июль куни Миллий гвардия постига ҳужум уюштирилгани ўз тасдиғини топди. Ҳибсга олинганлар сақланаётган биноларга киришга уринишлар ҳам содир бўлган.


Тергов ҳибсхонасининг дарвозаси ва кириш йўлагидаги олов излари. Фото: Омбудсман офиси.

Одамлар машина юкхонасидан «Молотов коктейли»ни тарқатаётгани акс этган видео далиллар ҳам мавжуд. Одамлар БТРни тўхтатиб, унинг ичидаги Мудофаа вазирлиги ҳарбийларини калтаклашганининг исботи ҳам бор. Калтакланган ҳарбийлар тасвирланган видеолар эълон қилинганди.

Одамлар кучишлатар тузилмалар ходимларига тош отган, уларни калтаклаган ёки ўқ отган ҳамда ҳақоратлаган шахсларни қўллаб-қувватламаяпти. Бироқ, улар кўчаларга чиққанларга қарши куч ишлатиш ҳаддан ташқари чора деб ҳисоблашади.

Айрим одамлар ўзи учун ўша воқеаларда вафот этганларнинг рўйхатини: исми, туғилган санаси, қанақа жароҳати бўлганлигини тузиб чиқмоқда.

«Рўйхатлар тузилиши керак, улар шунчаки бўлиши лозим, бу бизнинг бурчимиз», — дейишмоқда улар.

«2022 йилнинг 1−2 июль кунлари хотираларда қолиши, ундан ўчирилмаслиги керак. Бу кунларда одамлар ягона халқ эканлигини тушуниб етишди. Бунга қадар улар қўшнисиникида нимадир бўлаётган бўлса ҳам кирмас эдилар, бироқ, ҳозир бу ўзгарди. Бу эсдан чиқишига йўл қўйиб бўлмайди», — деб ҳисоблайди менинг суҳбатдошим.


Нукус марказида қад ростлаган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон байроқлари.

Одамлар яна нималар деяпти?

Байроқ. Фожиа юз берган кунларда одамлар бирлиги рамзларидан бири Қорақалпоғистон байроғи эди. Уни машина, уй ва офисларга ўрнатиш учун харид қила бошлашди. Июл ойи бошидаги воқеалардан сўнг дарҳол Тошкентдаги сотувчилардан Қорақалпоғистон байроқларини сотмаслик талаб этилгани ҳақида маълумот бор.

Одамлар нимага шиналарни ёқишди ва баррикадалар ўрнатишди? Айрим аҳоли вакилларининг версиясига кўра, бу махсус восита ва қурол-яроғ олиб келиши мумкин бўлган фуқаролик машиналарининг ўтишига тўсқинлик қилиш учун қилинган. «Кўплаб машиналар газда юради ва ҳайдовчилар олов устидан ҳайдаб ўтмас эди». Одамлар машиналарни тўхтатиб, уларда нима олиб кетишаётганини текширишгани айтилмоқда.

Тажимуратовга нисбатан муносабат. Баъзиларнинг айтишича, унга муносабат бирёқлама эмас: «50 га 50». Кимларгадир унинг алоҳида бир баёнотлари ёқмаган. Лекин уни одамларга ёрдам бергани, маиший ва юридик муаммоларга ечим топишга эришгани учун ҳам танишган.

Буёқми ёки қон? Кўча қизил рангли суюқликка тўлгани акс этган видеоёзувлар тарқалгач, расмийлар бу қон эмас, балки одамларни тарқатиш учун сувга қўшилган буёқ эканлигига ишонтиришди. Кўплаб аҳоли вакиллари бу қон эмаслигига ишонишмайди. «Агар у буёқ бўлса, нимага тезда ювилиб кетди?», — деб сўрашмоқда улар. Айрим лавҳаларда сув пурковчи машина (водомёт)ни ишлатишда оддий сувдан фойдаланилгани акс этган. Биз кўчаларнинг 4 июль кунги ҳолати суратларини эълон қилгандик.

Интернет. Республикада ҳануз интернет кечки соат 10−11 дан эрталабки 9−10 гача ўчирилмоқда. Якшанба, 24 июль куни уни кечки 5 да ўчиришди.

«Одамлар кечаси бекорчи ишлар билан шуғулланмасликлари учун», — нукусликлар ҳазил қилишга ўзида куч топа олишаяпти. Улар шунингдек, кўплар бунга қадар гаплашмаган қўшнилари билан ваниҳоят танишиб олганини ҳазил қилиб айтишаяпти.

Одамлар икки ҳафталик узилишлардан сўнг, 18 июль куни интернет бир соатга ёқилиши билан ҳаттоки маршрутка ҳайдовчилари машиналарини тўхтатиб, телефонга шўнғиб кетишганини эсга олишди. Расмийлар қачон интернет тўла-тўкис ишлаб кетиши ҳақида маълумот беришгани йўқ.