Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизовнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга ёзган хати нусхаси пайдо бўлди, унда «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган беморларда асоратлар юзага келгани ва ўлими ҳақида сўз боради.

15 декабрдаги мактубида у сўнгги ойларда вилоят аҳолиси, айниқса, болалар ўртасида респиратор вирусли инфекциялар кенг тарқалгани, бирламчи бўғинда фаолият кўрсатаётган врачлар томонидан (баъзан оналарнинг ўзлари) «Док-1 Макс» препарати жуда кўп қўлланилаётганини қайд этган. Ушбу препаратнинг таркиби парацетамол, гвайфенизин ва фенилэфриндан иборат

док-1 макс, дори воситалари

«„Док-1 Макс“ препарати қўлланилганда, жуда кўп ҳолатларда ножўя таъсири оқибатида бизга мурожаат қилмоқда. Асосан болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари намоён бўлмоқда», — дейилади мактубда.

Унда айтилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилигандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган.

Бемор болаларда асосан анурия кутилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафар ўлим ҳолати кузатилди", — дейилади мактубда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га мактубнинг тўғрилигини тасдиқлади.

22 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига таянган ҳолда Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилганини маълум қилди.

Унинг таркибига агентлик ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари киритилди.

Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли «Док-1 Макс» таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади.

Ушбу дори воситаларининг юртимиздаги савдоси 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди ва бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилди.