Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев сешанба куни Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш ходимлари вазирликдан «Док-1 Макс» сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотни яширганини айтди.

«„Док-1 Макс“ дорисининг меъёридан ортиқча истеъмоли натижасида бу дунёдан 18 жажжи ва гўдак фарзандларимиз кўз юмди. Уларнинг ота-оналарига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва барча тиббиёт ходимлари номидан ўзимизнинг таъзиямизни билдирамиз», — дея қайд этди вазир.

«Мазкур маълумот вилоят тиббиёт ходимлари томонидан вазирликдан яширилган. Ушбу маълумотга эга бўлишимиз билан ўша куннинг ўзидаёқ махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда жойига чиқиб ҳар бир ҳолат ўрганилди», — дея билдирди ССВ раҳбари.

«Ҳозирги кунда дори воситасини республикамизда рўйхатдан ўтган уни мамлакатимизга олиб келтирган ва сотувда иштирок этган бир қанча шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳибсга олинди.
Ушбу ҳолатга панжа орасидан, ўз вазифасига лоқайдлик билан беэътибор бўлган, керакли чораларни вақтида кўрмаган тиббиёт ходимларининг масъул шахслари ўз лавозимидан озод этилди», — деди Беҳзод Мусаев.

«Минг афсуски, бу кўрилган чоралар болажонларни ҳаётга қайтармайди, албатта. Фарзанд доғида куйган ота-оналарнинг дардини енгиллаштирмайди», — дея кўзларини ерга тикди вазир.

«Ушбу ишга алоқадор фармацевтика ходими бўладими, дорихона ходими бўладими, шифокор бўладими, ҳали ҳаммаси жавобгарликка қонун олдида тортилади. Бунга ҳеч қандай муроса бўлиши мумкин эмас», — дея таъкидлади вазир.

«Яна бир бор ушбу фожиа ортидан ўз фарзандидан, жажжи болажонидан айрилган ота-оналар ва уларнинг яқинлари олдида уларни асраб қололмаганимиз учун ўзимизнинг узримизни билдирамиз», — дея узр сўради ССВ раҳбари.