ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашуви чоғида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни «ҳақиқий қаҳрамон» деб атади. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 150 минг нафар ёшлар хорижий олийгоҳларда таълим олмоқда. Бундан ташқари, 2 миллион атрофидаги ўзбекистонлик хорижда меҳнат қилмоқда.

«Мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас. Хорижда бундай шароитда яшаб келаётган одамларимизни ҳақиқий қаҳрамон, десак, тўғри бўлади. Чет элларда тажриба ва малака орттираётган ана шундай ватандошларимизга раҳмат айтишимиз керак», — деди президентликка номзод.

У, шунингдек, учрашувда хориждаги ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлашга оид режаларни маълум қилди.

Хорижий давлатларда ҳунарманд ва кулоллар кўргазмалари ўтказилиши, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари нишонланиши илк режалар сифатида келтириб ўтилди.

Улар учун Ўзбекистон бўйлаб, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларига махсус саёҳатлар ҳамда чегирмалар пакети ишлаб чиқилиши, бу ишларни самарали ташкил қилиш учун «Ватандошлар» жамоат фондига 300 миллиард сўм ажратилиши ҳам қайд этилди.

Президентликка номзоднинг сўзларига кўра, ушбу жамоат фондининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Қуйида номзод берган бошқа таклифлар келтирилади.

Тадбиркорлар учун енгиллик

Ўзбекистонда ишлаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ўзбекистонликлар учун:

  • кириш визалари муддатини 1 йилдан 3 йилга узайтириш, давлат божларини 3 карра пасайтирииш (ҳозирда — 250 долларгача);
  • ишлаш учун лицензия талаби бекор қилиниши, барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти яратилиши;
  • доимий яшаш тартиби соддалаштирилиши;
  • уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланиш имконини берадиган «Ватандош гувоҳномаси» жорий қилиниши сайловолди дастуридан ўрин олган.

Моддий ва ҳуқуқий ёрдам

Дастурда чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳақида ҳам сўз борган.

Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолганларнинг барчасига хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятларини кенгайтириш, жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, ватанга қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб бериш режа қилинган.

Хорижда вафот этган ўзбекистонликларни ўз юртига олиб келиш давлат томонидан таъминланиши, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига ғамхўрлик қилиниши, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ёрдам кўрсатилиши қайд этилган.

«Хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади», — деди номзод.

Шунингдек, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Европа давлатларидан юқори маош тўланадиган иш топиб кетаётганларга йўл чиптаси ва «ишчи виза»ни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши дастурдан ўрин олган. Унга кўра,

  • онлайн ҳужжат олиш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилади, уларнинг нархлари ички тарифларга тенглаштирилади;
  • доимий консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади, ҳисобда туриш шартлари соддалашади;
  • соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш кўлами кенгайтирилади. Бунда, «ижтимоий реестр» ва «3 та дафтар»га кирган шахсларга суғурта харажатлари учун субсидия берилади;
  • Германия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда, шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очилади (ҳозирда Россиянинг Москва шаҳрида ҳамда Корея, Қозоғистон ва Туркияда ташкил этилган);
  • элчихоналар, Ташқи ишлар, Бандлик ва Ички ишлар вазирликларида туну-кун ишлайдиган Call-марказлар ташкил этилади.

«Умуман, хориждаги ватандошларимиз билан ишлаш, чет элга ишлашга ва ўқишга кетган одамларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларига келгуси йилларда 200 миллион доллар йўналтирилади», — деди номзод.

Маълумот учун, 2021 йилги сайловда «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод бўлган Алишер Қодиров сайловолди дастури доирасида мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирганди.

Фикри ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг бунга изоҳ бераркан, «Биз ёқиш учун ширин гапларни гапирмоқчи эмасмиз» дея таъкидлаган Қодиров.

2023 йилги сайлов олдидан эса Алишер Қодиров «Миллий тикланиш» партияси ЎзЛиДеПдан кўрсатилган Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, «бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилмоқда».