17 май куни Шавкат Мирзиёев телефон орқали Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни таваллуд куни билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон президенти Тоқаевга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва равнақ тилади. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир масалаларни кўриб чиқди. Хива шаҳрида бўлиб ўтган амалий учрашувдаги келишувларнинг амалга оширилиши ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

«Савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, бизнес ва ҳудудларни жалб қилган ҳолда саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кооперацияни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.