Тармоқларда Сурхондарё вилоятида аҳоли турар жойига айиқ келиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 15 май куни Сариосиё туманидаги «Жаннатмакон» МФЙ ҳудудига айиқ келиб қолган.

«Йиртқич ҳайвон аҳоли турар жойларига кириб, инсонлар ҳаётига хавф туғдирган. Айиқни зарарсизлантиришга ҳаракат қилишган, аммо йиртқич тажовузкорликни ошириб, ИИБ ходимларидан бирига ташланган ва жароҳат етказган. Энг ёмони, 74-сонли мактабга кириб, ўқувчилар ҳаётига хавф солган», — дейилади хабарда.

айиқ, сурхондарё вилояти

Вазирликнинг таъкидлашича, «ҳолат кутилмаганда юз бергани, айиқ жуда тажовузкор ҳаракат қилгани ва мактаб ўқувчилари ҳаётига хавф туғдиргани» сабабли тезкор чора кўриш талаб қилинган ва йиртқич отиб ўлдирилган.

Айиқ жароҳат етказган ИИБ ходими эса тиббий текширувдан ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Қашқадарё вилояти прокуратураси Чироқчи туманида Тянь-Шан қўнғир айиғининг ўлдирилиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатганди.

Ўша пайтдаги табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ноёб айиқ отиб ўлдирилганига муносабат билдирар экан, айиқ аслида аҳолига хавф туғдирмагани, ҳокимиятга эса уни ўлдирмаслик ҳақида тавсия берилганини таъкидлаган. Вазирнинг фикрича, табиатга бундай муносабат «ваҳшийлик» ва жуда катта жиноят ҳисобланади.