13 май куни бўлиб ўтган «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида партия ЎзЛиДеП билан биргаликда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Блогер Нурбек «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодировнинг пленумдаги нутқи матнини эълон қилди.

«Партия ўтган парламент ва президентлик сайловларида олдига дастурий мақсад сифатида белгилаган 237 та мақсаддан 143 таси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг саьйи ҳаракатлари натижасида амалга ошган. Партиямизнинг барча фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда муддатидан илгари президентлик сайловларида ЎзЛиДеП билан биргаликда амалдаги президент Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаш таклифини бермоқчиман», — дея таъкидлайди депутат.

Унинг сўзларига кўра, «бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилмоқда». «Биз амалдаги президент атрофида мустаҳкам бирлашиб, она ватанимиз қудрати ва халқимиз фаровонлигини таьминлашнинг энг самарали йўлини топишимиз зарур», — дейди Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатганди.

Шундай қилиб, барча партиялар томонидан президентликка номзодларнинг номлари аниқланди. Экологик партиядан етакчиси Абдушукур Хамзаев, Халқ демократик партиясидан — Улуғбек Иноятов, «Адолат» социал-демократик партиясидан эса Робахон Маҳмудова номзоди илгари сурилди.

Ўзбекистонда президент сайловлари сўнгги бор 2021 йил 24 октябрда ўтказилган. Ўшанда ХДП номзоди Мақсуда Ворисова 6,6%, «Миллий тикланиш» номзоди Алишер Қодиров 5,5%, Экопартия номзоди Нарзулло Обломуродов 4,1% ва «Адолат» номзоди Баҳром Абдуҳалимов 3,4% овоз олганди.

ЎзЛиДеП номзоди, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 80,1% овоз билан ғалаба қозонган.

Маълумот ўрнида, 2022 йил май ойида ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» Конституцияни ислоҳ қилишни бошлаш таклифини билдирганди.