Президентликка «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров 14 октябрь куни Андижон вилоятида сайловчилар билан учрашув давомида мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини илгари сурди. Унинг бу ҳақда таъкидлаган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Унинг сўзларига қараганда, «мамлакатнинг тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда муҳим».

«Нима учун бизда бугун мигрантлар хорижда ишлаб топган даромадидан солиқ тўламаслиги керак? Ўзбекистоннинг тараққиёти учун, келинглар, солиқ тўлайлик», — деди партия номзоди.

Унинг таъкидлашича, ҳозир фақат мигрантлар оиласига юбораётган пулнинг ҳисоб-китоби бор.

«Бу ҳам яхши, албатта, пул сифатида келаяпти. Лекин у сизнинг оилангизга жўнатилган пул. Ундан солиқ тўланаётгани йўқ. У мамлакатнинг тараққиёти учун ишлатилмаяпти. Шунинг учун мен таклиф қилган бўлардим, келинглар энди яна ҳам ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўзининг солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — Алишер Қодиров.

Миллий тикланиш номзоди аввалроқ, сўнгги пайтларда маҳаллаларга жуда кўп вазифалар юклаб юборилаётганини танқид қилганди. Унинг таъкидлашича, маҳалла аслида «одамларни бирлаштирадиган, маслаҳат, мулоқот қиладиган маскан бўлиши керак».

Шунингдек, Алишер Қодиров сайловда номзодлар орасида ўзига битта Шавкат Мирзиёевни рақиб сифатида кўришини маълум қилган эди.