Қорақалпоғистон воқеалари бўйича суд тергови якунланди. Энди навбат — музокараларга

Қорақалпоғистондаги воқеалар тўғрисидаги жиноят иши бўйича суд якунловчи босқичга ўтмоқда: суд тергови якунланди, энди навбат — музокараларга. Сўнгги кунларда томонлар иш бўйича видеоматериаллар ва бошқа ашёвий далилларни ўрганишди.

Marion Biotech компанияси лицензияси тўхтатилди. Унинг дориси Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлган

Ҳиндистонда Ўзбекистонда болаларнинг оммавий ўлимига алоқадор йўтал сиропини ишлаб чиқарган компания — Marion Biotech лицензияси тўхтатилди. Ҳозиргача «Док-1 Макс» сиропидан Ўзбекистонда 20 дан ортиқ бола вафот этган.

11 январдан ҳафта охиригача ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади

11 январдан ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, асосан, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари −12…−20 даражача, кундузи −5…−12 даражагача пасаяди. Энг кучли совуқ — Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида −30 даражагача бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларида ўқиш босқичма-босқич бошланади

Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, олий ўқув юртлари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқиш маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда 11 январдан босқичма-босқич бошланади. 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди.

«Айтиш ва қайтиш». Ижтимоий тармоқларда кутилмаган вақтда ўқиш бошланиши муҳокамаларга сабаб бўлди

Аномал совуқ сабаб таътили чўзилган ўқувчи-талабалар айнан совуқ кунларда яна қайта ўқишга чақириб олинди. Ижтимоий тармоқ фаоллари орасида бу қарор кенг муҳокамаларга, хусусан, тушунмовчиликларга сабаб бўлди. «Газета.uz» ҳолатга билдирилган муносабатларни бир ерга жамлади.

7 та вилоятда қор кўчиш хавфи эълон қилинди

Ўзгидромет маркази 11−16 январь кунлари Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфини эълон қилди.

Андижонда тез ёрдам инспектори пора олиши ортидан филиал директори ишдан бўшатилди

Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали кадрлар бўлими инспектори фуқародан 400 доллар пора олганда ушланди. Муассаса ходимлари орасида етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани учун филиал директори ва кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан озод этилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда қор тозалаш ишларига декабрь ойидаги вазиятдан кўра кўпроқ техника ва одамлар жалб қилинмоқда

Қорли Тошкент кўчаларини тозалашга декабрь ойидаги вазиятга қараганда кўпроқ техника (200 дан ортиқ) ва ободонлаштириш хизмати ходимлари (6 мингга яқин) жалб қилинган. Кечаси асосий кўчалар қордан тозаланди ва қум-туз аралашмаси сепиб чиқилди.

Президент ҳокимликларга йўлларни тозалаш ишларини топширди

Шавкат Мирзиёев барча даражадаги ҳокимларга ноқулай об-ҳаво давомида йўлларни тозалаш ишлари ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини ташкил этишни топширди. Ҳукуматга ҳар бир вилоят, туман ва шаҳардаги аҳвол бўйича кунлик назорат ўрнатиш ва муаммоларни тезкор бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Тошкент зоопарки жониворлари аномал совуқ кунларда қандай сақланмоқда?

Тошкент зоопарки аномал совуқ кунларда ҳайвонлар учун қандай шароит ҳозирлангани ҳақида маълумот берди. Хусусан, ҳарорат марказий иситиш тизими орқали таъминланади, электр узилиши вақтида генераторлар ишга тушади. Баъзи жониворлар вольерларига сомондан тайёрланган табиий иситувчи шолчалар қўйилди.

Аномал совуқ кунларда уйлардаги иссиқ ҳароратни қандай сақлаш мумкин?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги аномал совуқ кунларда уйларда қулай ҳароратни сақлаган ҳолда иситиш харажатларини қандай тежаш мумкинлиги бўйича тавсия берди. Жумладан, иситиш радиаторларида кийимларни қуритмаслик, мебелни радиаторлардан узоқроқ жойлаш кераклиги айтилган.

Тошкентда «Ипподром» бозори ҳудудидаги соябонлар қулаб тушди

«Чилонзор буюм савдо комплекси»даги соябонлар қалин қорни кўтара олмай қулаб тушди. Ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар эвакуация қилинди. Савдо дўконлари вақтинчалик ёпилди. Қолаверса, «Бек барака» савдо комплекси ҳам ноқулай об-ҳаво туфайли 3 кунга ўз фаолиятини тўхтатди.

Сурхондарёда шифокор калтакланди

Бойсун туманида тиббиёт бирлашмаси шифокори 2 киши томонидан калтакланди. Шифокор енгил жароҳат олган. Калтаклаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкент вилоятида боласига илон тутқазган ота тушунтириш хати ёзди

Тармоқларда ёш боланинг ҳовлида илон ушлаб, уни ўйнаб юргани ва бу ҳаракатни амалга оширишга унинг отаси ундаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳолат Оҳангаронда содир бўлганини ва боланинг отасига тушунтириш хати ёздирилганини маълум қилди.

Ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирамиз — «Юксалиш» ҳаракати раиси

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов масъулларни ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирди. «Қарорни нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозим», — деди у.

Тошкентда маст эркак танишини шиша идиш билан уриб ўлдирди

Шайхонтоҳур туманида маст эркак уйига келган танишини шиша идиш билан уриб жароҳатлади. Оқибатда у воқеа жойида вафот этди. Аниқланишича, мезбон танишининг турмуш ўртоғи тўғрисида айтган гапларидан жаҳли чиққан.

Самарқанд аэропортидаги «яшил» йўлакдан пневматик тўппонча олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

«Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости ходимлари томонидан пневматик тўппонча олиб ўтмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Ундан олинган 1 дона калибри 4,5 мм бўлган пневматик тўпонча ҳамда ушбу тўппончага тегишли 4 дона сиқилган ҳаво балончалари ва 89 дона ўқлари тегишли тартибда йўқ қилинди.

Ўзбекистон аэропортларида бир қатор рейслар бекор қилинди

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида парвозлар бекор қилинди, баъзи рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилди.

Қозоғистон ва Россияда бўлиб турган ўзбекистонликлар ноқулай об-ҳаво туфайли огоҳлантирилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ва Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликларни ноқулай об-ҳаво туфайли йўлларда кузатилаётган ноқулайликлардан огоҳлантирди. Ушбу давлатларда бўлиб турган фуқаролардан барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортаж:

Фото: Қорга бурканган Тошкент

Ўзбекистон пойтахти яна оппоқ бўлди — 9 январь оқшомида бошланган қор салкам 15 соатдан бери тўхтагани йўқ. Бу сафар расмийлар ҳам, аҳоли ҳам қор бўронига олдиндан нисбатан яхшироқ тайёргарлик кўришга улгурди. «Газета.uz» мухбирлари Тошкентнинг қор бўронидаги манзараларини фотосуратларга муҳрлади.

Таваллудига 118 йил тўлган адиб — Ойбекнинг уй-музейига саёҳат

1905 йилнинг 10 январида шоир, адиб, жамоат арбоби — Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек туғилган. Ижодкорни келажак авлод ҳам яқиндан таниши учун асарлари қатори уй-музейи, ундаги моддий мерос алоҳида қийматга эга бўлади. «Газета.uz» шоирни хотирлаш мақсадида унинг уй-музейида бўлди.