Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда «Бойсун туманида врач аёвсиз калтакланди» сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, 9 январь куни 14:30 да Бойсун тумани «Косиблар» маҳалласида жойлашган Бойсун тумани тиббиёт бирлашмасида шифокор вазифасида ишловчи Ф.Ж. фуқаро Ш. Х. уриб тан жароҳати етказиши оқибатида ерга йиқилган

Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари вақтида Ш. Х., Ш.Ҳ., Ф.Ж.га нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган ва экспертиза хулосасига кўра Ф.Ж. (шифокор)нинг олган тан жароҳати енгил жароҳат деб баҳоланган.

10 январь куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро Ш.Ҳ. ва Ш. Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-модда 2-қисмининг «б» (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик содир этиш) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, юқоридаги жиноятни содир этиш уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 9 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ССВ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Умид Рисқиев «Газета.uz» мухбири саволига жавоб бера туриб, шифокорларни бодикамера билан таъминлаш масаласига муносабат билдирганди.

Агар бодикамера билан ҳимояланадиган бўлсак, ички ишлар ходимлари билан ҳам тажовуз ҳолатлари йўлга тушиши керак эди. Ижтимоий тармоқларда кўриб турибсизлар, баъзи жойларда бодикамераси бор ЙПХ ходимларини машина «капот»ига ўтиргиздириб олиб, сайр қилдириб юрган видеолар тарқаляпти. Бу ҳимоя бўла олмайди. Тўғри, тиббиёт ходимларини калтакланиши жуда ачинарли, жамиятимизга умуман тўғри келмайдиган ҳаракат. Ёрдам сўраб ётган беморнинг олдига келиб, ёрдам беришга ҳаракат қилаётган шифокорни уриш ўша одамнинг тафаккури анча пастлигини билдиради», — деган Умид Рисқиев.

У тажовуз ҳолатларини камайтириш учун ОАВнинг ёрдами кераклиги, зўравонларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

«15 суткалик қамоқ жазоси ёки Маъмурий кодексга ўзгартириш киритиш, жарималар миқдорини кўпайтириш бўйича Бош прокуратура томонидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда Олий Мажлис томонидан кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, сизлар (ОАВ вакиллари) тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати қай даражада ёмонлигини, бу халқимизга умуман тўғри келмайдиган жараён эканини қоралаб ёрдам берсаларингиз, ўйлайманки, одамларнинг онги сал ўзгаради ва тажовузлар аста-секин камаяди», — дея ОАВ вакилларига юзланган ССВ расмийси.