Самарқанд халқаро аэропортида пневматик тўппонча олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди, дея хабар қилмоқда вилоят божхона бошқармаси.

«Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости ходимлари томонидан «Шереметево-Самарқанд» йўналишидаги авиарейс билан учиб келган, «яшил» йўлак орқали ҳаракатланаётган фуқаро Р.Ҳ. тўхтатилган.

Холислар иштирокида Р.Ҳ.га тегишли багаж сумка белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, қиймати 5 млн сўмлик 1 дона калибри 4,5 мм бўлган пневматик тўппонча ҳамда ушбу тўппончага тегишли 4 дона сиқилган ҳаво балончалари ва 89 дона ўқларни тегишли рухсатномаларсиз олиб киришга уринганлиги фош бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, судланувчи Р.Ҳ.га базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида 1 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган 1 дона калибри 4,5 мм бўлган пневматик тўппонча ҳамда ушбу тўппончага тегишли 4 дона сиқилган ҳаво балончалари ва 89 дона ўқлари тегишли тартибда йўқ қилинди.