1905 йилнинг 10 январида шоир, адиб, жамоат арбоби — Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек туғилган. Бугун унинг болалари — Омонбек, Бекжон, Гулранг, Суюнбек ҳам ҳаёт эмас. Адиб вафот этган йили 4 яшар бўлган невараси Ойнур опада эса бобоси ҳақида тўлиқ хотиралар мавжуд эмас. Ижодкорни келажак авлод ҳам яқиндан таниши учун унинг асарлари қатори уй-музейи, ундаги моддий мерос алоҳида қийматга эга бўлади. «Газета.uz» шоирни хотирлаш мақсадида унинг Юнусобод тумани «Янгиариқ» маҳалласида жойлашган уй-музейида бўлди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тошкентнинг «Говкуш» маҳалласида туғилган Ойбек камбағал оиладаги етишмовчилик, очин-тўқин кунлар сабаб болалик, ўсмирлик пайтлари Наримонов номли техникум ётоқхонасида яшаб, ўқийди. Зарифахоним билан оила қургач, Тошкентнинг тўрт даҳасида, турли бурчакларида ижара уйларда кун кечиради. 1940 йили ҳукумат фан ва маданият ходимларига ҳам ер тақсимлаб бера бошлагач, дарбадар шоир ҳам ерли бўлиб, уй солади.

Юнусободдаги Ифтихор 1-тор кўчаси бўйлаб 3−4 дақиқа юрганда, чап тарафдан Ойбек уй-музейи жойлашгани ҳақида маълумот берувчи махсус белги чиқади. Шу белги бўйлаб кетилса, икки қаватли 26-уй келади. Уй пештоқига «Ойбек уй-музейи» деб ёзиб қўйилган, дарвозадан чап тарафга ўрнатилган учта лавҳачада эса бу уйда яшаб ижод қилганлар — академик Ойбек қатори унинг рафиқаси, биринчи ўзбек кимёгари Зарифа Саидносирова ҳамда уларнинг ўғли, кимё фанлари доктори Суюн Тошмуҳаммедов ҳақида маълумотлар келтирилган.

Уй-музей 1980 йили — адиб таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. У икки — бадиий ва мемориал қисмдан иборат. Катта дарвозадан киргач, чап томондаги айвонда 5 хонали бинодан иборат бадиий қисм келади. Унда Ойбекнинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирган экспозициялар бор. Музейда 10 мингдан ортиқ экспонат мавжуд бўлиб, йилига 13 мингга яқин ташрифчи келади.

Ойбекнинг болалик ва ёшлик даври билан таништирувчи биринчи хона. Тўрда рассом Борис Бринских чизган «Говкуш» маҳалласининг 1960 йиллардаги манзараси акс этган сурат. Чап тарафдаги бурчакда Ойбек оиласида ишлатилган уй-рўзғор буюмлари, эски мактаб анжомлари ўрин олган бўлса, деворда Ойбек таваллуд топган уйнинг 1950 йиллардаги кўриниши тасвирланган. Болалигида ота-онаси билан тушган, акаси Исомуҳаммад ва синглиси Шафоатнинг 60-йиллардаги суратлари, яна ўша пайтлардаги таълим жараёнининг тахминий тасвири осиғлиқ.

Ўнг томонда эса адиб таълим олган «Намуна» мактаби, Наримонов номидаги техникумнинг домла ва талабалари тушган фотосуратлар. Адиб рафиқаси Зарифа Саидносирова билан шу техникумда танишади. У 1925 йили ўқишни тамомлаб, Ўрта Осиё давлат университетининг иқтисодиёт факультетида ўқиш билан бир пайтда мактабда тил ва адабиётдан дарс бера бошлайди.

1927 йили эса ўқишини Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги халқ хўжалиги институтига кўчиради. Аммо нам ва зах ҳаво Ойбекнинг соғлиғига ёмон таъсир қилгач, 1930 йили Тошкентдаги ўқишига қайтиб келади. Орада 1929 йили Ялтада даволанади. Зарифа Саидносирова «Ойбегим менинг» китобида ушбу даврни қуйидагича келтирганди:

«Ойбекнинг 1927−1928 йиллардаги оч ва юпун ҳолда Ленинградда яшаши беиз кетмади: юқорида айтиб ўтганимдек, у сил касаллигини орттирди. 1928−1929 ўқув йилида эса унинг не-не заҳматлар билан топган пули ҳам соғлиғини тиклаш учун имкон бермади. Кундан-кунга оғирлашиб бораётган хасталикни энди фақат овқат билан енгиб бўлмас эди. Ленинграднинг нам, салқин об ҳавоси енгиб бўлмас бир мушкулот эди».

Шунингдек, бу хонада адиб илк шеърларининг қўлёзма ва босма нусхалари, унинг ижоди шаклланишига туртки берган шоирлар ва уларнинг китоблари ўрин олган. Хона деразасидаги витраждан Ойбек тахаллусининг рамзий маъносини ифодалайдиган ой тасвири Тошкент осмонидан мўралаб туради.

Зарифа Саидносированинг ёзишича, Ойбекнинг китоб ўқиётганда саҳифа учларини чайнаб ўтириш одати бўлган:

«Ойбек мутолаани ғоят севарди, китоб устида заҳмат чекиш унга бир олам завқ-шавқ бағишлар эди. Мен буни Ленинграддан келтирган китобларидан ҳам билардим. Плеханов, Гегель, Кант асарлари кечалари билан ўқиб чиқилгани учун шалоқланган, чизилган, саҳифа учлари эса кемирилган бўларди. У китоб ўқиганда, шеър ёзганда, хаёл оғушида бўлиб, саҳифа учларини узиб-йиртиб, чайнаб ўтирарди. Бутун умр шу одатини тарк этолмаган».

Иккинчи хонада Ойбекнинг 1930−40 йиллардаги ҳаёти ва ижоди ўрин олган. 1936 йили Пушкин юбилейида «Евгений Онегин» шеърий романини таржима қилади. Шунингдек, у бу даврда «Дилбар — давр қизи», «Ўч», «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Навоий» сингари 10 га яқин достон ёзади.

1937 йили Ойбек Чўлпоннинг «дум»и, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ғазначиси Саидносир Миржалиловнинг куёви дея қораланиб, «халқ душмани» сифатида Ёзувчилар уюшмасидан ҳам, Тил ва адабиёт институтидан ҳам ҳайдалади.

«Биз ҳар куни эрталаб ҳали у, ҳали бу танишимизнинг қамалганини эшитамиз. Кунлар ниҳоятда бетинч… Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевлардан бошлаб энг гуноҳсиз ғариб бир муаллимга қадар барчаси «халқ душмани» деб эълон қилинган. Шу қора қирғин пайтида, айниқса, зиёлилар қирилиб кетдилар. Ҳеч ким бу қирғиндан четда қолмади, дейилса, муболаға бўлмас. Ҳатто Ойбекни ҳам қамалган, деган гаплар тарқалди. На кундуз ҳаловат бор, на тунда уйқуда роҳат. Ҳар дақиқа ташвиш, ҳар дақиқа юрак титроқда…

Биз болаларни қўрғонда қайнонам ва қайнотамга қолдириб, икки темир каравотни катта боғнинг бир четига кўчирдик. Икковимиз шунда тунларни бедор ўтказа бошладик. (Боғдан гўё бизни топа олмаслар эмиш!). Кечаси, колхознинг бизга яқин жойида трактор ишлар экан, биз ундан бехабармиз. «Ана, бизникига машина келяпти», деб нафасимизни ютиб, қотиб қоламиз. Мен Ойбекни маҳкам қучоқлаб ётаман, гўё меним қўйнимдан уни тортиб ололмайдиганлардек", — дея ўша кунларни китобида эслаган Зарифа Саидносирова.

Музейдаги ушбу хона марказидан ўрин эгаллаган шишали стендда таҳликали даврда ёзиб тугалланган «Қутлуғ қон» романи қўлёзмаси, илк нашри ва турли тилларда: рус, уйғур, чех, озарбайжон, словак тилларидаги таржималари бор.

Зарифа Саидносирова ушбу романнинг ёзилиш даврини қуйидагича хотирлаган:

«Ойбек кўчага ҳам чиқмайди. Чиқишнинг ҳам ҳожати йўқ. Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалган, Ёзувчилар уюшмасидан чиқарилган. Газета ва журналлар эса унинг асарларини босмай қўйганлар. Шунинг учун ҳам Ойбек бутун ёз ичи боғдан чиқмай ижод қилди… Лекин бу вақт ижод вақти эмасди. Ойбекнинг барча устозлари аллақачон қамоқда азоб чекаётган, бир қанча тенгдошлари секин-аста ғойиб бўлаётган, унинг ўзига ҳам қамалиш навбати келган пайт эди. Шундай таҳликали айёмда ижод билан шуғулланиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо Ойбек буюк ирода эгаси эди. Шунинг учун ҳам у ўта таҳликали ва фожиали кунларда, ғурбат ютиб, кечирилган ҳаётда «Қутлуғ қон»дай гўзал ва ўлмас бир асарни яратди».

1942 йили адиб Иккинчи жаҳон уруши фронтларида курашаётган ўзбек жангчилари ҳақида роман ёзиш мақсадида санъаткорлар бригадаси билан фронт бўйлаб сафар қилади. Бригада икки ҳафтада зиммасидаги вазифани: аскарларга совға-салом улашиш, уларни руҳлантириш ва бошқаларни бажариб ортга қайтади. Ойбек эса ўзбек жангчилари билан учрашиш ниятида фронт ичкарисига қараб йўл олади.

Бир эшелонда кета туриб буханка нонга битта блокнотни алмашиб олади. 6 ой ичи фронтда юриб, уни тўлдиради. Орадан 22 йил ўтиб, ушбу қайдномалар асосида «Фронт бўйлаб» номли ихчамгина китобча чоп этилади.

Уй-музейда 30 йилдан бери илмий ходима сифатида ишлаётган Гулчеҳра Шокированинг таъкидлашича, фронтда ўзбек жангчилари билан учрашган Ойбекнинг кўнглини бир ғашлик қоплайди, Тошкентга жуда хафа бўлиб қайтади.

«Зарифа, ўзбек йигитлари жангларда ўлиб кетяпти. Улар кетмон ушлаш учун яратилган, кетмонни билади, қуролни билмайди-ку! Ура, деб кимдир чопса, ҳаммадан аввал улар отилиб чиқиб, забардаст йигитларимиз ўлиб кетяпти» — дея Ойбекнинг рафиқасига айтганларини мисол келтиради Гулчеҳра опа.

Бу хона деворларида Ойбекнинг оиласи, фарзандларига ёзган телеграммалари, урушдан кейин Англия, Покистон, Ўрта ер денгизи, Мисрга турли сабаблар билан қилган сафарларидан эсдалик фотосуратлар ҳам осиғлиқ.

Учинчи залдаги экспонатларнинг кўпи Навоий мавзусига боғланган. Ойнаванд бурчакка «Навоий» романининг қўлёзма, илк нашри ҳамда бошқа тиллардаги таржималари жойланган. Роман рус, инглиз, украин, немис, белорус, қозоқ, туркман, озарбайжон, тожик, араб, форс, эстон, латиш ва хитой тилларига таржима қилинган.

«Навоий» романи 1942 йили битади. Унинг қай тариқа пайдо бўлганини Ойбекнинг рафиқаси шундай эслайди:

«Йигитлар кетма-кет урушга жўнамоқдалар. Ойбек ҳам ҳарбий ҳисобда, лекин уни „бронь“ билан тутиб турибдилар. Ўзининг кўнгли нечук — билмайман. Аммо мен унинг шоирлигини, адиблигини, Ватан учун бу соҳадаги хизмати қимматли эканини ўйлайман… Очликдан ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам ўлмаслиги учун нималарни қилмадик… Ойбек ана шундай мушкул бир шароитда „Навоий“ романини ёзиб тугатди».


Адиб шундан сўнг «Маҳмуд Торобий» тарихий драмасини ҳам ёзган. 1943 йили Ўзбекистонда Фанлар академияси ташкил этилгач, Ойбек, Ғафур Ғулом унинг ҳақиқий аъзоси қилиб сайланади. 1951 йилгача академиянинг гуманитар бўлими бошлиғи бўлиб ишлайди. Уруш тугагач, шоирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис этиб сайлайдилар.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ушбу стенд «Ойбекка қарши ҳужум» деб номланади. Ойбекни йўлдан олиб ташламоқчи бўлганлар уни «Навоий» романида Алишер Навоий сиймосини ортиқча идеаллаштириб юборганликда айблайдилар. Зарифа Саидносирова ўша кунларни қуйидагича хотирлаган:

«Бир куни Ойбекка москвалик бир арман инженеридан хат келди. У ўз хатида: «Ўзи Навоийга ўхшамаган адиб Навоий ҳақида бундай романни ёза олмаган бўларди», дебди. Бу ниҳоят топиб айтилган гап эди. Лекин шу чоқларда Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси атрофида Уйғун бошчилигида айланиб юрган бир гуруҳ Ойбекни оёқдан чалиш ниятида иш бошлаган эди. Кўп ўтмай, Уйғун ўз мақсадига эришиб, уюшмага раис бўлиб олди ва Ойбекка қарши қаттиқ кураш бошлади. Унинг бу ғаразли ниятига Милчаков, Шевердин, Ойдин, Мирмуҳсин, Воҳид Зоҳидовлар шерик бўлган.

Аммо Ойбекни йиқитиш бирмунча қийин кетди. Ҳар куни газеталарда Ойбекка қарши мақолалар чиқа бошлади. Ойбекнинг ичи қора душманлари жон-жаҳдлари билан «Навоий» романига ёпишдилар. Навоий сиймоси романда ортиқча идеаллаштирилган эмиш. Бу ҳақда Марказқўм пленумида Ниёзов ҳам, бошқа нотиқлар ҳам оғиз кўпиртириб гапирдилар. Ойбекни қамаш учун унинг бутун илмий ва ижодий фаолиятини тафтиш қилиб чиқдилар. Аммо «Навоий»дан сиёсий хато топишга уларнинг кучлари етмади».

Ойбекни қоралаганлар сафида дўстлари, шогирдлари ҳам бўлган. «Навоий» романига қарата отилган тошлар орқали ғаразли мақсадларини амалга оширолмаганлар «Олтин водийда шабадалар» романига осилади. Ойбек романда туя ҳақида ҳам ёзган. Воҳид Зоҳидов: «Ҳозир машина замони! Туя керак эмас! Ойбек тараққиётни кўрсатишни истамайди», деган танқидлар қилади.

Cтендда Ойбекка ёзилган кечирим хати ҳам бор. Музей илмий ходимасининг айтишича, юқоридаги туҳматлардан 10 йилларча ўтиб, шоирнинг шогирди Ботир Файзиев ушбу хатни ёзган.

Унда Ойбекни йўлдан олиш керак деган топшириқ ортидан ўзининг давр қурбони бўлгани, лекин адибга туҳмат қилганидан кейин адабиётдан нон тополмай қолгани, одамлар «Ойбекни йиқитган, йўлдан олган, Ойбекни шол қилган» деган гаплар билан уни ош, гап, чойхонаю, тўйга айтмай қўйгани ҳақида ёзиб, кечирим сўраган. Хатга жавоб бўлмагандан кейин шу уйга кечирим сўраб кириб келган. Ойбек эса уни кечириб, келажакда олим бўлишига жуда катта ҳиссасини қўшади.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ўша замоннинг ички ишлар вазири Ойбекдан ҳам дўст-биродарларига қарши кўрсатмалар сўраган, аммо у буни рад этган. Зарифа Саидносирова бу ҳақдаги хотираларини қуйидагича баён этган:

«Бир кеча уйимиз олдида машина тўхтаб, эшик қоқилди. Ички ишлар министрлигидан келган одам Ойбекни олиб кетажагини айтди. Менинг оёқ-қўлларимда мадор қолмади. Қайтиб келиб Ойбек ўзи билан нима содир бўлганини сўзлаб берди: «Тўғри министрнинг олдига олиб бордилар. Унинг кабинетида икки-уч соат кутдим. Сўнг шоҳи тўнга ўралиб чиқди. Министрни баъзан тантанали мажлислар ҳайъатида, саҳнада кўрардим. Баланд бўйли, йирик гавдали, девдай баҳайбат, кўзларига қаҳр-ғазаб қуйилган бир киши у! Грузин бўлса ҳам исм-шарифини ўзбекчага мувофиқлаб, Кобулов қилиб олган. Аслида Кобулидзе бўлган.

«Сен ёзувчисан. Ёзувчилар орасида шубҳали унсурлар, халқ душманлари кўп. Нега бирор марта келиб айтмайсан? Бизга хизмат қилишни истамайсан!» — деди у дағдаға қилиб. Мен: «Ахир мен шоирман, адибман, бундай ишларни эплай олмайман», — дедим. Шундан кейин унинг ғазаби кўпириб кетди, сўкди, итдан баттар қилиб ҳайдади, мени…

Ойбек кўчага чиққанида, Иванов унга: «Хафа бўлманг! Министримиз бироз қўрс, қўпол одам. Унинг иши шуни тақозо этади», деб узр деганнамо гапирибди.

— Министрингизга айтинг, — дебди Ойбек унинг сўзларига жавобан. — Агар у ички ишлар министри бўлса, мен шеърият министриман. У бугун министр бўлса, эртага унинг ўрнига бошқа одам келади, мен эсам адабиёт оламида абадий министр бўлиб қоламан!".


Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Бу залда Ойбекнинг Хитойдаги хотиралари ҳам бор. У бу давлатга даволаниш мақсадида боради. Юқоридаги фитналардан кейин Ойбек тилдан қолади. Нохуш хабар бир кечада шаҳарга ёйилади. Бир гуруҳ душманлар ҳатто «Ойбек вафот этди» деган миш-мишни ҳам овоза қилади. Уйига дуо-фотиҳа ўқиш учун одамлар ҳам кела бошлайди. Маълум муддат ўтгач, Хитойга жўнаб кетади. Шифокорлар унга ушу машқи билан шуғулланишни тайинлагани учун ўзи билан қилич олиб келади.

Тўртинчи зал «Ойбек абадияти» деб аталади. Бу ерда адибнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўп жилдлик асарлари нашри, шунингдек, айрим асарларининг умрининг охирги йиллари хорижда босилган нусхалари, мукофотлари ўрин олган. Бундан ташқари, адиб сурати туширилган, мисралари битилган сопол ва чинни буюмлар, мис идишлар, Ойбекка бағишланган бадиий, илмий ва илмий-оммабоп асарлар ҳам сақланади. Жавондаги асарларни нашрдан чиқаришга Зарифа Саидносирова бош-қош бўлган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Залдан ичкарироққа юрилса, Ойбекнинг ижодхонасига чиқилади. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романлари шу ерда ёзилган. Бу хона «Ойбегим менинг» мемуарида шундай таърифланади:

«1941 йилнинг ёзи. Энди таътилга чиқиш олдидамиз. Бир уйимиз кичкина: икки яримга уч ярим. Унинг саҳнини 25 сантиметрга кўтарганмиз. Пастак бир дераза ойнаси билан тахмон бор; шипи тахта ва фанердан ўймакор ишланган. Бу бизнинг ўзбекча шинамгина бир хонамиз. Саҳнига гилам ва кўрпача ташлаб, ёстиқлар қўйганман. Ўртада хонтахта. Ойбек шу уйда, ерда ўтириб ишлашни, ҳориганда ёнбошлашни яхши кўрарди. Кўпинча кўнглига яқин бир-икки меҳмонни ҳам шу уйда қабул қиларди».

Ойбек хасталик кучайиб, бир қўли ишламай, ҳаракатлари чекланган, хотираси сусайганда ҳам шу хонада рафиқасининг кўмаги билан ижоддан тўхтамаган. «Қуёш қораймас», «Улуғ йўл» романлари, «Нур қидириб», «Болалик», «Бола Алишер» қиссаларини битган.

«1951 йил — Ойбекнинг хаста бўлган йили. Ҳозир унинг оёқ-қўллари яхши, фақат ўнг қўлининг икки бармоғи ишламайди. У энди сўл қўли билан ёзишга уринади. Шу тарзда Ойбек «Хақгўйлар» достонини ёзди. «Нур қидириб» ва «Қуёш қораймас» асарлари устида ишлай бошлади. Сўл қўл билан ёзиш, табиий, осон эмас. Шунинг учун ҳам энди унга ёрдам бера бошлайман. Мен институтдан келгач, Ойбек гапиради, мен ёзаман. Ойбек 17 йил давомида оғир хасталик ила мардона курашди. Мен унинг кундалик кайфиятини, тилагини, умидини кўриб бордим; бирга ҳис қилдим, бирга қадам босдим.

1968 йил 1 июлда Ойбек вафот этди. Мен ҳаётимнинг бирдан-бир маъноси бўлган улуғ инсондан жудо бўлдим. Болаларим бир умрга отасиз қолдилар. Мен ҳозир Ойбекнинг ўлимолди кунларини ёзишга қанчалик шайланмай, қўлим қалтираб, нафасим тиқилиб қолмоқда. Қулоғимда ҳали ҳам унинг: «Ўляпман, Зарифа, мендан рози бўл!» деган сўзлари жаранглаб турибди… Балки Ойбекнинг сўнгги кунларини кейинроқ, мусибат алами бироз хира тортгандан кейин ёзарман… У кунларни эслаш ниҳоят оғир. Ёзсам-ёзмасам, барибир, Ойбекнинг сўнгги нафас олишлари ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа кўз олдимдан ўтади", — дея турмуш ўртоғи умрининг сўнгги йилларини қандай ўтказганини тасвирлайди рафиқаси.

Дарвоқе, музей адабий қисмининг кираверишдан ўнг томонидаги хонада адибнинг аёли Зарифа Саидносирова ҳамда унинг отаси — машҳур маърифатпарвар, тадбиркор Саидносир Миржалиловга оид экспонатлар: расмлар, ҳужжатлар, буюмлар, картиналар мавжуд. Шу хона деворларидаги мойбўёқ билан ишланган табиат манзараларини олима умрининг сўнгги йилларида чизган.

Адабий қисмдан ҳовлига чиққач, шимолий тарафдаги бинога кўзимиз тушди. У ерда мемориал хоналар: меҳмонхона, ижодхона (биринчи қаватда), болалар хонаси ва ётоқхона (иккинчи қаватда) жойлашган экан.

Ҳовлида туриб, Ойбекнинг зариф шеъриятида тасвирланмиш табиатни хонадонига ҳам кўчирганига амин бўлдим. Кафтдек боғда шоир эккан арча, чинор ҳамон қад кериб турибди.

Ҳовли ўртасидаги адиб ҳайкалига термулиб, музейнинг бадиий қисмидаги хат-ҳужжат, фотосурату, китоблар кўз олдимдан кинотасмадек ўтаверди. Ойбек домла айтганидек, бир пайтлар уни сўроқ қилган, таъқиб этиб, саломатлигига зиён етказганларнинг номи фақат ҳужжатларда қолди, шоир номи эса тарихга мангу муҳрланди. Уй-музейини шу ҳолига келтиргунича тиниб-тинчимаган, умр йўлдошига чинакам тиргак, ҳақиқий рафиқа бўлган Зарифа Саидносирова бўлса илк олима рутбаси қатори садоқат тимсоли ҳамдир.