Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январь куни саноатда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Президент асосий масалага ўтишдан аввал мамлакатга кириб келган совуқ ҳаво таъсирини беталафот ўтказиш чораларига тўхталиб ўтди. Барча туман ва ҳудудларда ташкил этилган штаблар узлуксиз ишлаши кераклиги, аҳоли эҳтиёжлари тезкор ҳал этиб борилиши шартлигини таъкидлади.

Ижтимоий соҳа объектларини энергия ва иссиқлик билан таъминлашни алоҳида назоратга олиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, барча даражадаги ҳокимларга тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда йўлларни тозалаш ишларини ташкил этиш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш топширилди.

«Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти олдига ҳар бир вилоят, туман ва шаҳардаги аҳвол бўйича кунлик назорат ўрнатиб, жойлардаги муаммоларни тезкор бартараф этиш вазифаси қўйилди», — дейилади хабарда.

Барча даражадаги ҳокимларга (биринчи вариантда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия деб ёзилганди) йўлларни тозалаш ишларини ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини ташкил этиш топширилди.