Ҳиндистон Ўзбекистонда болаларнинг оммавий ўлимига алоқадор йўтал сиропини ишлаб чиқарган компания — Marion Biotech лицензиясини тўхтатди, деб хабар бермоқда Reuters.

Ҳиндистон компанияси Reuters`нинг изоҳ сўраб юборилган сўровига ҳали жавоб қайтаргани йўқ.

Аввалроқ ушбу мамлакатда Marion Biotech компаниясига қарши иш очилганди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам вафот этган болалар ҳақида ҳисобот бериш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситалари, жумладан, йўталга қарши «Амбронол» сиропи савдоси вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди. Шунингдек, «Док-1 Макс» дориси таркибида заҳарли модда — этиленгликоль топилгани ҳам билдирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда «Док-1 Макс» дориси оқибатида 19 нафар бола вафот этгандан сўнг ССВ аҳолини оммавий равишда ушбу дорини сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантиришни бошлаган. Ҳозиргача «Док-1 Макс» сиропидан Ўзбекистонда 20 дан ортиқ бола вафот этган.