Бу сафарга қор бўрони ва «аномал совуқ»га расмийлар ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам олдиндан нисбатан дуруст тайёргарлик кўришга улгурди: кўчаларни тозалашга кўпроқ техника ва ходимлар жалб қилингани айтилмоқда, жамоат транспорти кутилганидан-да барқарор ҳаракат қилмоқда — бунга таълим муассасаларидаги қишки таътилнинг «аномал совуқ»нинг охиригача узайтирилгани ҳамда аксарият идора ва ташкилотлар ўз ходимларни масофадан ишлашга ўтказгани ҳам таъсир қилган.

Шаҳар маъмурияти ички пиёдалар йўлакларидаги сирпанчиқликларни бартараф этиш учун кўп қаватли уйларнинг подъездлари олдига қумли қоплар қўйиб чиққан. Ободонлаштириш хизмати ходимларидан ташқари ҳар турли ташкилотларнинг ходимлари ҳам ўзлари жойлашган бинолар олдидаги йўлакларни қордан тозаламоқда.

Қор тинимсиз ёғаётгани сабабли махсус техникалар йўлларни тозалаб, уларга қум-туз аралашмаларини сепиб чиқишга улгурмаяпти. Шу сабабли ҳайдовчилар, худди бир ой аввалгидек, ўта эҳтиёткорлик билан, тезликни оширмай ҳаракатланмоқда. Шунга қарамай йўлларда кичик йўл-транспорт ҳодисаларини кўриш мумкин.

Айрим жойларда дарахтлар қорнинг оғирлигини кўтара олмай, қуламоқда. Бунинг оқибатида автомобилларга зарар етган ҳолатлар ҳам бор.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкент аэропортидаги бир қатор рейслар кечиктирилган.

тошкент, қор