Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда «Чилонзор буюм савдо комплекси» ҳудудида савдо растаси қаторидаги соябонлар қулаб тушганлиги акс этган видео юзасидан маълумот берди.

10 январь куни Чилонзор туманида жойлашган «Чилонзор буюм савдо комплекси» ҳудудидаги 3−4 айвонларнинг ён томони ва 5−6 айвонлар орқа томонидаги йўлакларда ўрнатилган соябонлар (навес) қор қалин ёғганлиги сабабли оғирликни кўтара олмай эгилиб тушган.

Ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация қилинган. Ҳодиса натижасида жароҳат олганлар йўқ. Ушбу савдо дўконлари вақтинчалик ёпилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги Зангиота тумани ҳудудида жойлашган «Бек барака» савдо комплекси ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 3 кунга ўз фаолиятини тўхтатганини маълум қилди.