Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтиомий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган — ёш боланинг ҳовлида илон ушлаб юргани ва бу ҳаракатни амалга оширишга унинг отаси ундаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Видеода ҳали 2 ёшга ҳам тўлмаган боланинг илонларни ушлаб, силкитиб, уларни ерга ураетган, қолаверса, унинг отаси жониворларни ушлашга ундаётганини кўриш мумкин.

«Болакай ҳали ҳеч нарсани тушунмайди, тирик жониворга озор бераетганини англамайди. Илонлар заҳарсиз бўлиши мумкин, аммо болакай заҳарли илонни кўрса ҳам уни ўйинчоқ сифатида қабул қилиши табиий. Уларни ушлайман деб, ўзининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ота-онанинг ўз фарзандини табиатга нисбатан бешафқат қилиб тарбиялаши ва буни бошқаларга кўз-кўз қилиши тўғрими?», — деб ёзган Telegram`даги Ekologuz канали.

Маълум бўлишича, воқеа Оҳангарон туманининг «Гўшсой» маҳалласида 2022 йилнинг июнь ойида содир бўлган. Ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Холбоев маҳаллада яшовчи 1995 йилда туғилган фуқаро Ф.Н.нинг хонадонида бўлган.

Экология бўлими раҳбари бола отаси билан ёш фарзандини илон билан ўйнашига йўл қўйиб бергани, бу эса боланинг ҳаёти ва соғилигига хавф солиши мумкинлиги ҳамда бундай видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашиб, тушунтириш ишларини олиб борган.

«Фуқаро ўз қилмиши тўғри бўлмаганлигини тан олиб, ножоиз хатти-ҳаракатлари оқибатида фарзандига зарар келтириши ҳақида ўйламаганлиги, айниқса, ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиши бошқалар учун ҳам зарар келтириши мумкинлигини билмаганлигини таъкидлаб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслигини айтиб ўтди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳокимлик фуқаролардан турли жонзотларнинг зарарсиз эканини тарғиб қилишга қаратилган ахборотларни ижтимоий тармоқларда жойлаштиришдан сақланишларини сўради.