Ўзбекистонда 10 январь куни кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити, хусусан, қор ёғиши аэропортлар ишига салбий таъсир кўрсатди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Унга кўра, Flydubai авиакомпаниясининг Дубай-Самарқанд йўналиши бўйича рейси аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Навоий шаҳридаги муқобил аэродромга қўнди. Соат 05:04 да самолёт қайтиб Самарқандга учди.

«Қанот Шарқ» авиакомпаниясининг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди. Самарқанд аэродромида қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Андижон-Самарқанд-Андижон йўналиши бўйича рейслари ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинди.

Тошкент-Андижон-Тошкент рейси ўзгартирилган жадвалга мувофиқ амалга оширилади. Тошкентдан учиш маҳаллий вақт билан соат 13:00 да амалга оширилади, Андижон аэропортига етиб келиш соат 14:00. Қайтиш рейси маҳаллий вақт билан соат 16:20 га белгиланган.

Самарқанд-Москва, Самарқанд-Санкт-Петербург йўналишидаги рейслари об-ҳаво шароити туфайли соат 15:00 га қолдирилди.

Flydubai авиакомпаниясининг Самарқанд-Дубай йўналиши бўйича рейси эса соат 19:00 га кўчирилди. Ҳозирда Самарқанд аэропортида учиш-қўниш йўлагини тозалаш ишлари муносабати билан ҳаво кемаларини қабул қилиш/жўнатиш бўйича вақтинчалик чекловлар жорий этилган.

Шунингдек, Бухоро-Наманган-Бухоро йўналиши бўйича рейслар ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинди.

Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли айни пайтда Тошкент аэропортида қуйидаги йўловчи рейслари кечиктирилди:

  • Тошкент-Сочи маҳаллий вақт билан 10:12 да жўнаб кетди;
  • Тошкент-Нукус маҳаллий вақт билан 10:30 га қолдирилди;
  • Тошкент-Истанбул маҳаллий вақт билан 10:35 га қолдирилди;
  • Тошкент-Истанбул қатнови маҳаллий вақт билан соат 11:00 га қолдирилди;
  • Тошкент-Термиз маҳаллий вақт билан соат 14:00 га қолдирилди.

Абу-Даби-Самарқанд йўналишида парвоз қилаётган рейс экипажи Навоийдаги муқобил аэродромга қўнишга қарор қилди. Тахминий қўниш вақти, маҳаллий вақт билан соат 10:32 да.

Парвозлар бўйича тезкор маълумотлар Uzbekistan Airports`нинг Telegram каналида ва авиакомпанияларнинг онлайн ресурсларида эълон қилиб борилмоқда.